Лафзинг ҳалол бўлсин!

14:29 - 16.07.2020

2

Лафз… Халқимиз азалдан бу тушунчани ор қадар, жон қадар ардоқлаган. Лафз қилганми, бу ишидан моддий зарар кўрса ҳам ваъдасини бажарган. Лафз қилган инсонга ишониб, омонатини қўлига тутқазган.

Бироқ шундай кимсалар борки, улар учун лафз деган улуғ бойликнинг сариқ чақачалик қиймати йўқ. Уни арзон-гаровга бўлса ҳам пуллаб, бойлик орттириш пайида бўлишади. Бироқ охири нафақат лафзидан, балки эл ичидаги обрўсидан ҳам айриладилар. Қилмишларининг жабрини тортадилар ва товонини ортиғи билан тўлайдилар…

Ҳасан дастлаб таниши Ҳ.Бўриев билан тил бириктириб, Қарши тумани Ҳилол қишлоғида яшовчи З.Авазовга 2019 йил 30 июнда «Шўртангазкимё» МЧЖга қарашли ҳудудда турган темир қувурларни кўрсатиб, унга ушбу қувурлар металлом сифатида чиқарилганини, уларни арзон нархда олиб бериши мумкинлигини айтди.

– 530 миллиметр ҳажмли, 400 метр темир қувур бу, 20 млн. 700 минг сўмни аввалдан тўласангиз, заводдан обчиқиб бераман, – дея ваъдани қуюқ қилиб юборди. – Ўйлаб кўринг, темир-терсак нархига шунча қувурли бўпқоласиз.

«Мижоз» қувурни кўргач, дарҳол сўралган пулни берди.

– Машиналарингни соат тўртларда заводнинг олдида тайёрлаб туринглар, – деди Ҳасан ғамхўрлик билан. – Ортиб беришга кран бизнинг ҳисобимиздан…

Аммо… Машиналар соатлаб дарвоза ёнида сарғайди ҳамки, Ҳасандан дарак бўлмади. У «мижоз»нинг қўнғироқларига ҳам жавоб бермай қўйган эди.

Ҳасан шериги Ҳ.Бўриев билан жиноий ҳаракатларини давом эттириб, фириб тўрини Навоий вилояти томонга ёйишди. 2019 йилнинг 8 июль куни Навбаҳор туманида яшовчи Р.Ўрозовга «Телеграм» орқали худди ўша қувурлар видеосини кўрсатиб, ундан 18 млн. 50 минг сўм олишди. Лекин…

Қарши шаҳрида яшовчи М.Назаровага Ҳасан ўзини «Қарши шаҳар ҳокимлиги уй-жой бўлими ходими» деб таништирди.

– Дом олмоқчи бўлсангиз, марҳамат, ёрдам беришим мумкин, – деди сохта ходим сертакаллуфлик билан. – Энг аввало бирон жойда ишлаётганингиз ҳақида маълумотнома керак. Буниям ўзимиз тўғрилаймиз…

Шундай ёлғонларни дўндириб, Ҳасан аёлдан 5 млн. 350 минг сўм пул олиб, жиғилдонига урди. Бироқ…

«Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» дейишади. Бундан ташқари, Ҳасан Яккабоғ тумани Қўштегирмон қишлоғида яшовчи Я.Усмоновга ҳам ўзини Қарши шаҳар ҳокимлиги ходими сифатида таништирди. Яна ёлғонни ямламай ютиб, унинг 3 млн. сўмини олишга эришди.

Буюк юришларнинг ҳам ниҳояси бўлганидек, фирибгарларнинг ҳам қилмишларига чек қўйилди. Жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани судида Ҳасан Маматқуловга оид жиноят иши кўрилди.

Суд ҳукмига кўра Ҳасан Маматқуловга илгариги ҳукм юзасидан ўталмай қолган жазо муддати қисман қўшилиб, 5 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, ундан жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарлар ҳам ундириладиган бўлди.

Жасур ШУКУРОВ,
Қашқадарё вилояти прокурорининг
катта ёрдамчиси