Тўйнинг тўйдeк ҳaшaми…

15:47 - 10.07.2020

1

Газетанинг шу йил 18 июнь сонида берилган тўйлар ҳақидаги мақолаларни ўқиб, менда ҳам айрим фикрлар туғилди.

Аслида тўйдан муддаомиз битта – эзгу ният, хайрли мақсадлар ила икки ёшнинг бошини қовуштириш. Кайвониларимизнинг «Серфарзанд, сердавлат бўлинглар! Ўзларингдан кўпайинглар! Униб-ўсинглар!» деган дуоларида ҳам айнан ана шу ниятларимиз умумлашган. Шу тариқа янги оила пайдо бўлади.

Биз-чи? Ёшларнинг бахти, келажаги ҳақида ўйлаш ўрнига тўйлардан ўз орзу-ҳавасларимизни ушалтириш, ўзимизни эл-юртга кўз-кўз қилиш йўлида фойдаланмаяпмизми?! Фарзандларимизга оила қадри, эр ва хотинлик масъулияти ҳақида тушунча бериш ўрнига сарпо йиғиб, тўйни қандай ўтказиш ҳақида кўпроқ қайғурмаяпмизми?!

Қулоғимизгача қарзга ботсак ботайлик, аммо обрў учун қозон-қозон палов дамлаймиз. «Ўғилтой ният қилганлар!» дея автомашиналардан карвон қилиб, кўчани бошга кўтарганча «келин-куёв саёҳати» уюштирамиз, маҳаллада дув-дув гап қилишга ишқибозмиз. Энг қиммат, номи чиққан ресторанда базм қиламиз, сон-саноқсиз меҳмонларни чорлаб, виқор билан уларга мулозамат кўрсатамиз. «Эл қилаётган расм-русум-да!» деб қўямиз ичимиздан қиринди ўтса ҳам.

Аслида эса ўзимиз ўйлаб топган урф-одат ва удумлар қулига айланиб қолганмиз. Уларни деб жонимизни гаровга қўямиз. Орзу-ҳавас учун бир умр йиққан-терганимизни бир неча кунда кўкка совурамиз. Кошки булар кимгадир бахт берса. Кошки янги қурилган оиланинг мустаҳкамлигини таъминласа! Аксинча, орзу-ҳавас учун қарзга ботиб, муаммолар гирдобига тушиб қоламизу, дам ўтмай у нафақат катталар, балки янги келин-куёвнинг ҳам бахтига соя солади. Дилдан қувонолмайди улар, бахтдан энтиколмайди. Қарзнинг оғир юки елкасини эзаверади, эзаверади… Тўйдан кейинги иқтисодий қийинчиликлар, қудалар ўртасидаги кераксиз олди-бердилар ёш оила бахтига зомин бўлиб қолиши хусусида асло ўйламаймиз. «Пул меники, қандай хоҳласам шундай сарфлайман. Истасам дабдабали тўй қиламан, истасам данғиллама уй соламан» дея кўкрагига урадиганлар қанча!

Беҳбудий «тўй ва аза исминдаги бу икки қаттол душман ҳаётимизга эгов, оёғимизга тушов бўлиб келаётгани»ни деярли бир аср муқаддам куюнчаклик ила ёзганди. Бу муаммо ҳамон долзарб.

Дарҳақиқат, тўйлар ҳақида гап борар экан, исрофгарчилик, казо-казоликдан кечиб, қудаларнинг келишуви билан ўтказиш ҳақида кўп гапирамиз. Аммо, минг афсуски, бу гаплар гаплигича қолаётганидан ўкинамиз. Нима эмиш, ҳар кимнинг орзу-ҳаваси ўзи биланмиш… Албатта, яхши орзу ушалишига нима етсин! Аммо бу «кимлардандир қолмаслигим керак» қабилида ўз-ўзини минг бир азобга қў­йиш дегани эмас-ку?!

Шу ўринда тўйдан олдинги харажат ҳақида икки оғиз сўз.

Дастлаб уй ё ҳовли таъмирланади. Эшик-деразага энг сўнгги русумдаги пардалар илинади. Хоҳ кучингиз етсин, хоҳ етмасин, шундай қилишингиз керак.

Тўйдан бир кун аввал йигит ва қизнинг дўстлари, синфдошлари учун базм, оила катталарининг «коллектив базми»… Дабдаба асли шу ердан бошланади. Бўлар-бўлмас мусиқалар, алоҳида тўкин дастурхон, ичимликлар… Ва албатта, ичкилик аралашган тўйни беҳадик ўтказиб бўлмайди. Аслида буни олдиндан биламиз, аммо бундай ортиқча ҳотамтойликни кескин рад эта олмаймиз. Нега? Яна ўша орзу-ҳавас…

Келин-куёвнинг никоҳдан ўтиш жараёни эса бундан-да хавотирга солади кишини. Қатор-қатор машиналарнинг тизгинсиз елиб бориши шамолиданоқ юрагингиз орқага тортиб кетади…

Энди ўзингиз айтинг, бу тўйлардан ҳақиқий миллийлигимизга хос нимани олиш мумкин?! Ҳатто қўшиғу рақслар европача бўлса…

Қиш фасли поёнига етаётган кезларда чекка қишлоқдаги бир тўйда қатнашдим. «Гўзаллик салони»дан қайтган келин гўё қотириб қўйилган қўғирчоқ мисоли эди. Кун совуқ бўлишига қарамай елкалари очиқ, эгнидаги либоси жуда юпқа… Юзига ҳам суртилмаган нарса қолмаган-ов… Хуллас, «тегма, тўкиламан» қабилида куёвболанинг қўлидан ушлаганча базм столи тўрига ўтди. Ҳамма ёқ қий-чув… Минглаб номаҳрам кўзлар ўзларини тутолмай келиннинг «очиқ гўзаллиги»га қарагани са­йин куёвнинг жуссаси кичрайиб бораяпти назаримда… Келин ҳеч бир ийманишсиз бошини баланд кўтариб атрофга қарагани сайин унинг қадди эгилаяпти… Қайнота-қайнона уларни қутлаш учун даврага келишди-ю, келиннинг бу кўринишидан хижолатда нигоҳларини қаерга яширишни билмай жавдирашди. Даврадагиларнинг айримлари бошини сарак-сарак қилса, бош­қаси «замон шунақа бўлиб кетди-да» деб қўйди аста…

Кишилар орасида қусурни замонга тўнкаш осонроқ чоғи. Аслида-чи? Қуёш доим бир хил чиқиши, ботиши, туннинг бир маромдалиги, буларнинг барчаси, минг шукурлар бўлсинки, замоннинг ўрнида турганидан дарак эмасми? Шундай! Аслида биз – одамлар ўзгариб бораяпмиз. Орзу-ҳавас бобида мусобақалашаётгандаймиз.

Орзу-ҳавас боболаримизу момоларимизда ҳам бўлган. Фақат улар буни фарзандларнинг бахтида деб билишган.

Бугунги пандемия шароитида 30 кишидан ошмаган ҳолда ихчам тўйлар ўтказила бошлагач, ана шу «вос-вос»га берилган айрим кимсалар ҳам ҳушёр тортиб қолишди. Чиндан ҳам, юқоридаги мақолада қайд этиганидек, ортиқча харажатдан кимга наф?

Наманган вилояти ҳокимлиги ижтимоий тармоқларидаги маълумотларга кўра, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари томонидан ҳам фуқароларга хизмат кўрсатиш санитария ва гигиена талабларига риоя қилган ҳолда барча хизматлар бир дарча тамойили асосида амалга оширилмоқда. Шунингдек, тўй ва бошқа маросимларни камчиқим, карантин талаблари асосида ўтказиш бўйича тарғибот олиб борилмоқда. Кўпчиликка бу сингари ортиқча харажат ва дабдабаларсиз, ихчам тўйлар маъқул тушмоқда. Чунончи, карантин даврида никоҳдан ўтган 250 нафар фуқаронинг 200 нафари камчиқим тўй қилишга розилигини билдирган.

– Ҳамма гап келин-куёв ва ота-оналарнинг тушунишида, – дейди тўрақўрғонлик Мухторали Эргашев. – Яқинда ўғлимни уйлантирдим. Маҳалла фуқаролар йиғини бош бўлиб турди, меҳмонлар ва бошқа иштирокчилар сонини ўттиз кишидан оширмадик. Харажат ҳам шунга яраша бўлди. Илгари эди қозон-қозон ош дамлаш, ЗАГС кечаси-ю келин дугоналари зиёфати деган ҳашамлар. Мана, тўйни бир кунда соддагина қилиб ўтказса бўларкан-ку?! Бирор ким менга «Нега тўйга чақирмадинг?» деб нолигани ҳам йўқ. Энг муҳими – ёшларнинг бир-бирига муҳаббати. Қурган оиласи мус­таҳкам бўлсин.

Қўшимча сифатида таъкидлаш жоизки, Наманган вилоятининг туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлимлари томонидан 2020 йилнинг ўтган даврида 41028 та фуқарога хизмат кўрсатилди. Хусусан, карантин даврининг ўзига хос шароитларига қарамай 15778 фуқарога туғилиш, 1244 фуқарога никоҳ гувоҳномалари топширилди.

Демак, бундай тўйлар кўпчиликка маъқул бўлмоқда.

 

Нилуфар НИЁЗОВА,

«Huquq»