Тепловозда текин ёнилғи топилмади

15:42 - 10.07.2020

0

– Тоймас, мабодо, дизель ёнилғиси керак бўлса, тез уч-тўртта канистр олиб, ун заводи ёнига етиб кел! Тепловоз машинисти бўлиб ишлайдиган Алибекдан (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бу хабарни эшитган Тоймас дарҳол акасининг «Москвич» автомашинасида айтилган жойга етиб борса, уни машинист ёрдамчиси Илҳомбек кутиб турган экан. Илҳомбек идишларни ундан олиб, кутиб туришни тайинлаб, ғойиб бўлди. Кўп ўтмай уни чақиришди. Тоймас тепловознинг ёнига борса, Алибек билан Илҳомбек идиш­ларни тўлдириб қўйишган экан. Учовлон ёнилғини автомашинага ортишди ва Тоймас машинага ўтириб, рулни Нукус шаҳри томон бурди.

Беш километрча юргач, тўсатдан телефони жиринглаб қолди. Алибек экан. У шоша-пиша «Канистрлардан бири тушиб қолибди-ку! Буни ички ишлар ходими кўрибди. Тез орқангга қайт!» деди-да, телефонни ўчирди.

Бу хабарни эшитиб, Тоймаснинг оёқ-қўли музлаб кетаёзди. «Оббо, энди шу етмай турган эди!». У машинада нима қилишини билмай ўтирганида Алибек яна телефон қилди ва ички ишлар ходими билан келишиб олгани, уларга ҳеч нарса қилмаслигини айтганидан кейин орқага қайтди.

У келганда Алибек нотаниш йигит билан гаплашиб турар, уларнинг ёнида бир канистр ҳам бор эди. Машинадан тушганида йигит ўзини Рустам дея таништирди, ички ишлар ходими экан. Шу пайт узоқдан чироқлари ёқилган ҳолда келаётган бир машина кўринди. Рустам дарҳол телефонини олиб, қўнғироқ қилди-да, «Бемалол чироқларни ўчириб келаверинглар» деди.

Машина келгач, ундан уч киши тушди. Улардан бири канистрни сўраш баробарида Тоймаснинг «Ўзингиз кимсиз?» деган саволига «Транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими бошлиғиман» деб жавоб берди ва хизмат гувоҳномасини кўрсатди. Орада бош­қа ходимлар канистрларни суратга олишди, керакли ҳужжатларни расмийлаштиришди. Кейин идишларни машинасига ортишди, Тоймасни ҳам салонга ўтқазиб, темирйўл вокзалига олиб боришди. У ерда исм-фамилияси, манзили ҳамда телефон рақамини ёзиб олишди ва керак бўлса чақиришларини айтиб жавоб беришди.

Тоймас кўчага чиқиб, Алибекка қўнғироқ қилди ва ўзини қўйиб юборишганини айтган эди, у «Тезда 10 миллион сўм топиш керак. Ўзингда йўқ бўлса, бировдан қарз олиб бўлса ҳам топ» деди дабдурустдан. Тоймас нимага деб сўрашга ҳам улгурмасидан «Шу пулни бериб, ишни бости-бости қилиш керак. Бўлмаса ишсиз қоламиз» деб гапни қисқа қилди.

Тоймаснинг яна боши қотди. Ўйлай-ўйлай, бир танишидан қарз олиб, ўзидан қўшиб айтилган пулни тайёрлади ва Алибекка телефон қилди. Қаерга олиб бориш кераклигини сўраган эди, «Ўзим телефон қилиб айтаман» деган жавобни олди. Алибек кўп куттирмади. Телефон қилиб, дам олиш уйи­нинг ёнига келишни тайинлади. У айтилган манзилга боргач, Алибек ва Илҳомбек билан маслаҳатлашишди. Гапни бир ерга қўйиб, пулни Тоймас олиб кириб беришига келишишди. Ўн дақиқалардан кейин хавфсизликни таъминлаш бўлими бошлиғи хизмат хонасида эканлигини билгач, Тоймас у билан келишиш учун ичкарига йўл олди.

У бошлиқнинг хонасига киргандан кейин агар бу иш ёпилмаса, тепловоз машинисти билан унинг ёрдамчиси ишсиз қолишларини айтиб, ёрдам сўради. Бунинг учун 10 миллион сўм олиб келганини ҳам гап орасида қис­тириб ўтди. Бу гапни эшитиб, бошлиқнинг авзойи бузилди. Шундай бўлса-да, босиқлик билан бу иш қонунга зид­лигини тушунтиришига қарамай, Тоймас «хизмат ҳақи» машинасида эканини, агар рози бўлса, ҳозирнинг ўзида олиб келишини айтиб туриб олди. Бошлиқ ўзини рози бўлгандек кўрсатди ва пулни олиб келишни тайинлади. Ўзи эса телефонни қўлига олди…

Қўлини чўғдек куйдираётган пул билан ичкарига кирган Тоймас пакетни столнинг бир четига қўйиб, енгил тортган ҳам эди, эшикдан кириб келган уч-тўрт киши ўзларини департамент ходимлари деб таништиришди ва керакли ҳужжатларни расмийлаштиришни бошлашди…

Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди ҳуқуқбузарлигини яшириш мақсадида пора берган учовлонга қилмишларига яраша жазо тайинлади.

 

Отабек НОДИРОВ,

Оролбўйи транспорт прокуратураси терговчиси