Навбатдан ташқари ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди

15:25 - 10.07.2020

2

2020 йилнинг 6 июль куни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида навбатдан ташқари ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар прокуратураси органларининг пойтахтда жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти кўриб чиқилди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган мажлисда Бош прокуратура раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари, уларнинг ўринбосарлари, пойтахт туманлари прокурорлари ва соҳага масъул бошқа ходимлар қатнашди.

Қайд этилишича, шаҳарда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича бошқа идоралар билан ҳамкорликда муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Замонавий ахборот технологияларини кенг татбиқ этган ҳолда «Хавфсиз пойтахт» концепцияси ҳам изчил жорий қилинаяпти. Бунинг натижасида ўтган 5 ойда маҳаллаларнинг 44 фоизида жиноятлар камайган бўлса, 43 фоизида умуман жиноят содир этилмаган.

Шунингдек, қасддан баданга оғир шикаст етказиш 6 фоиз, номусга тегиш 54, талончилик 55, гуруҳлар жинояти 23, аёллар жинояти эса 32 фоиз кама­йишига эришилган.

Шу билан бирга, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда камчиликларга йўл қўйилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Ҳайъат мажлисида шаҳарда криминоген вазият барқарорлигини сақлаш, жумладан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва тезкор-қидирув тадбирларини ташкил этиш, жиноятларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш борасида йўл қўйилаётган нуқсонлар, бу соҳада прокурор назоратини таъминлашдаги сусткашликлар ҳудудлар бўйича, аниқ рақам ва мисоллар асосида танқидий муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, пойтахт ҳудудида ўтган даврда қотиллик 10 фоиз, ўғирлик 38, безо­рилик 54, босқинчилик 170, вояга етмаганлар жинояти 53, ўқувчилар жинояти 63 фоизга ошган.

Ҳуқуқбузарликлар профи­лак­тикасини ташкил этиш, шахс­ларни профилактик ҳисобга қўйиш ва улар билан ишлашда ҳам кўплаб тизимли камчилик­лар кўрсатиб ўтилди.

Терговга қадар текширув ва тергов ўтказишда йўл қўйилган камчиликлар кес­кин танқид қилинди.

Ҳайъат йиғилишида Тошкент шаҳар ва туман прокуратуралари раҳбарлари ва соҳага масъул ходимларнинг йўл қў­йилган камчиликлар бўйича ҳисоботлари эшитилди. Хизмат вазифаларини етарлича бажармаган ходимларга қатъий чоралар кўрилди.

Бундан ташқари, жиноятчиликнинг олдини олиш, халқимиз осойишталиги ва тинчлигини сақлаш билан боғлиқ вазифалар ижросига виждонан, ҳалол ва юксак масъулият билан ёндашиш, куч ва имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиш зарурлиги таъкидланди.

Барча даражадаги прокурорлардан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг фаолиятида қонунларга риоя этилиши устидан назоратни кескин кучайтириш, айниқса, инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилди.

Тадбир якунида бошқа идоралар билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича комплекс тадбирларни амалга оширишга қаратилган зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Муродбек МАҲМУДОВ,

Бош прокуратура бошқарма катта прокурори