Коррупцияга қарши курашиш тизимнинг бapқapop acocи

15:40 - 10.07.2020

60

Жамият тараққиётига раҳна солувчи энг хавфли иллат коррупциядир. Унга қарши нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Бу кураш ҳар қандай жамиятда оғир кечади. Коррупция жиноятлари трансмиллий хусусиятга эга бўлиб, унинг асосий мақсади — жамиятнинг соғлом муҳитини издан чиқаришдан иборат.

Коррупцияга қарши кураш кенг кўламли халқаро ҳамкорликни тақозо этади.

Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Хусусан, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш чоралари кўрилиб, «Коррупциясиз соҳа» лойиҳалари татбиқ этилмоқда.

Давлат раҳбарининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 6013-фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 4761-қарори билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Қарорга мувофиқ агентлик бошқарув ходимларининг чекланган сони 50 та штат миқдорида белгиланиб, шундан 40 та штат Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг штатларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади. Агентлик уч ой муддатда Бош прокуратура ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда ходимлар учун халқаро ташкилотлар ва етакчи давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш органларида стажировка ўташ ва тажриба алмашиш жадвалини ишлаб чиқиши лозим. Шу жумладан, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия билан биргаликда агентликнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиши тўғрисида низом ишлаб чиқилади.

Агентлик ўз  фаолиятини қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдорларидан мустақил равишда амалга оширади. У Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор ҳисобланади.

Агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган дастурларни амалга оширади. Жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантиради. Шу жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши ички назорат тизимини, коррупцияга қарши курашишнинг бошқа халқаро воситаларини жорий этади ҳамда уларнинг рейтингини тузиб боради. Қолаверса, коррупциянинг олдини олиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва илғор хорижий амалиётни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва амалга оширади. Давлат хизматчиларининг даромад ва мулкини декларация қилиш тизимини жорий этади. Мазкур жараёнда аниқланган коррупция ҳолатларига ўз вақтида чора кўрилишини таъминлайди.

Энг муҳими, давлат хизматига ҳалоллик стандарти ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этади ва уларга риоя этилишини назорат қилади.

Мамлакатдаги коррупция юзасидан социологик, илмий тадқиқотларни ташкил этади. Коррупциянинг олдини олиш бў­йича оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлик қилиш ҳам агентликнинг вазифаларидан биридир.

Энди агентлик ҳар йили Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маърузани тайёрлайди ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Агентлик Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг коррупцияга қарши курашишга масъул қўмиталари, Қорақалпоғистон Жўқорғи кенгесининг қўмитаси, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларининг коррупцияга қарши курашиш комиссиялари билан ҳамкорлик қилади.

Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида жамият ва давлатга етказилган зарар тўлиқ копланилишига эришиш чорасини кўради. Фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳалардаги коррупциянинг даражасини кўрсатувчи Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини тузиш учун ҳам агентлик масъул ҳисобланади. Давлат харидлари соҳасида коррупциянинг олдини олиш ҳам  агентлик зиммасига юклатилган.

Агентлик бюджет маблағининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ  материалларни олиш ва ўрганиш ҳуқуқига эга.

Агентлик тўпланган материалларни жиноят иши қўзғатиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиши мумкин. Коррупцияга оид ҳуқуқ­бузарликлар бўйича эса маъмурий суриштирув ўтказиш, ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органларининг қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш ваколатига ҳам эга.

Энг муҳими, агентликнинг мурожаати ўн кун ичида кўриб чиқилиши ва натижаси юзасидан ёзма ахборот берилиши шарт.

Агентлик ходимлари коррупциянинг сабабларини ўрганиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ушлаб турилганларни ва қамоққа олинганларни сақлаш жойлари, жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз киришга ва ҳужжатлар билан танишишга ҳақли. Фармонга мувофиқ эндиликда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилади, агентлик миллий кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.

Ходимлар агентликка халқаро стандартларга мувофиқ танлов асосида ишга олинади. Агентликка биринчи марта ишга қабул қилинадиган ходимлар ишдан ажратилган ҳолда Бош прокуратура академиясида коррупциянинг олдини олиш­ ва  унга қарши курашишнинг назарий ва амалий масалалари, хорижий тажриба ва халқаро стандартларни қамраб олувчи ўқув дас­турлари бўйича таълим олишлари керак бўлади.

Агентлик давлат харидлари соҳасида масъулиятни ошириш ва коррупцияни бартараф этиш мақсадида Молия вазирлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда уч ой муддатда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиради. Эндиликда давлат харидлари доирасида тузилган шартномалар мажбурий равишда эълон қилинади, шунингдек, давлат харидлари танлов ва тендер орқали замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда фақат электрон шаклда амалга оширилади.

Агентлик зиммасига яна бир қанча вазифалар юкланди. Аввало Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича тармоғининг Истанбул ҳаракатлар дастури доирасидаги ишлар ва тавсияларнинг амалга оширилишини таъминлайди. Бундан ташқари, агентлик Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Бош прокуратура билан биргаликда уч ой муддатда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти, шунингдек, ушбу соҳадаги дастурлар самарадорлигини мониторинг қилиш имконини берувчи «е-anticor.uz» электрон платформасини ишга тушириши керак. Шунингдек, агентлик Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар ҳамда халқаро экспертларни жалб этган ҳолда икки ой ичида Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиб, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашига киритади. Уч ой ичида «Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида»ги, «Давлат хизматчиларининг даромадлари, мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тўғрисида»ги, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиб Президент администрациясига киритиши лозим.

Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия агентликка ҳар томонлама кўмаклашишга масъулдирлар.

Мухтасар қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашиш барчамиздан бирдек масъ­улият талаб этишини унутмаслик керак. Зеро, коррупция гирдоби пора олганни ҳам, пора берганни ҳам ғарқ қилади.

 

Анвар ИХТИЯРОВ,

Бош прокуратура бошқарма
бошлиғининг ўринбосари