Эcки кacaлликдaн биp ҳoлaт…

15:54 - 10.07.2020

0

Ҳардурилик Алимардон Боймуродов 2013 йилда томорқасини суғориш учун артезиан қудуғи ковлатган эди. 2018 йил октябрь ойида МИБ ходимлари унинг уйига келиб, далолатнома ташлаб кетишди. Унда қайд этилишича, электр энергиясидан 11 млн. 659 минг сўм қарзи бор экан. А.Боймуродов Чироқчи тумани электр таъминоти корхонасига югурди. Корхона ҳисобчиси унга қарзни тўлаши зарурлигини уқтирди.

А.Боймуродовнинг боши қотди. Қарзни тўлашга имкони йўқ эди. Ноябрь ойида туман электр таъминоти корхонаси ҳисобчиси Низомиддин Эшмуродов ва корхонанинг Кўкдала филиали мутасаддиси Шерзод Муротов уйига келиб, қарзни тўлашни талаб қилишди.

Алимардоннинг пул излашдан бошқа иложи қолмади. Декабрь ойида уйидаги қорамолларини Тошкент шаҳридаги таниш қассобларига топшириб келди ва пулини беришларини кута бошлади. Бу орада Шерзод келиб, яна қарзни қистади.

– Молларни Тошкентдаги қассобхонага топшириб келганман, – деди Алимардон. – Лекин пулини ҳали олмадим. Олишим билан дарров тўлайман…

– Бир иш билан Тошкентга бораётгандим, – деди Шерзод. – Агар ўша қассоб­ларингизга айтсангиз, пулни ўзим олиб, қарзингиз учун ўтказардим…

– Квитанция берасизми? – сўради Алимардон.

– Ҳамма қарзингизни тўлаб бўлганингиздан кейин бераман.

Шундан сўнг Алимардон қассобларга қўнғироқ қилди. Улар ҳозирча 4 млн. 300 минг сўм пули борлигини айтишди. А.Боймуродов уларга Шерзоднинг боришини, пулни унга бериб юборишлари зарурлигини тайинлади…

Шерзод Муротов бориб, у айтган қассоб­лардан 4 млн. 300 минг сўм пулни санаб олди. Декабрь ойи охирларида Алимардон қассоблардан қолган пулини олгач Шерзодга яна 7 млн. 200 минг сўм берди. Квитанция сўраган эди, Шерзод Низомиддиндан олиб беришини айтди. Аммо орадан бир неча ой ўтди ҳамки, шу бир парча қоғоздан дарак бўлмади.

А.Боймуродов туман электр таъминоти корхонасига бориб, ҳисобчи Н.Эшмуродовга учрашди, ундан қарзи учун тўланган пулига квитанция ёзиб беришини сўради. Ҳисобчи унга квитанцияни Шерзоддан бериб юборишини айтди. Аммо у ҳам квитанция беришни пайсалга солаверди.

А.Боймуродов телефон қилавериб ҳоли-жонига қўймаганидан кейин Низомиддин унга туман электр таъминоти корхонасига ҳеч қандай пул тўланмаганини айтишга мажбур бўлди.

Шундан кейин Алимардон сўраб-суриштириб, Шерзоднинг корхонадан ишдан бўшаб кетганига анча вақт бўлганини аниқлади. Алданганини англаб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида судланувчилар Шерзод Муротов ва Бойтурган Раҳмоновга оид жиноят иши кўрилди.

Маълум бўлишича, бу икковлон пул ишлашнинг ғаройиб йўлини топишган экан. Шерзод илгари Чироқчи тумани электр тармоқлари корхонасининг Кўкдала филиалида бошлиқ ўринбосари, Бойтурган эса юрист бўлиб ишлаган эди. Улар аллақачон бу ердан бўшаб кетишган бўлса-да, кўпчиликнинг бундан хабари йўқ эди.

Икковлон жиноий тил бириктирди. Ш.Муротов тумандаги Шўрбозор қишлоғида яшовчи Даврон Сафаровнинг номига расмийлаштирилган артезиан қудуғининг электр энергиясидан 16 млн. 804 минг сўм қарзи борлиги ва уни тўлаш учун шу қудуқдан сув ичадиган аҳолидан пул йиғилаётгани ҳақида эшитиб қолди. Бу хабарни унга шу қишлоқда яшовчи, аввал ўзи билан бирга ишлаган Жулбул Бадалов етказди. Икковлон Д.Сафаров ва Ж.Бадаловни алдаб, уларга қарзнинг ярмини тўлаган тақдирда уни қайтадан ҳисоб-китоб қилдириб, корхонанинг «Электрҳисоб» дастуридан ўчиртириб беришларига ишонтиришди. 2018 йилнинг январь-февраль ойларида Д.Сафаров ва Ж.Бадаловдан шу қудуқ сувидан фойдаланадиган аҳолидан қарз учун йиғилган 4 млн. 500 минг сўм пулни ҳамда қудуқ насоси ва бошқа ашёларини 4 млн. 500 минг сўмга ҳисоблаб олиб кетишди. Шундан сўнг улар Чироқчи тумани электр тармоқлари корхонаси бошлиғининг «Электрҳисоб» дастуридан Д.Сафаровнинг номидаги артезиан қудуғининг қарзини ўчириш ҳақидаги қалбаки буйруғи билан масалани «ҳал қилиб», 9 млн. сўм пулни чўнтакка урди…

Суд ҳукм қилди. Шерзод Муротовга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ой, Бойтурган Раҳмоновга эса 2 йилу бир ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Жиноят оқибатида етказилган зарар қопланди.

Рустам УМЕРОВ,

Чироқчи тумани прокурорининг
катта ёрдамчиси