«Caxoвaт вa кўмaк» ҳapaкaти дoиpacидa

15:37 - 10.07.2020

0

Коронавирус пандемияси даврида халқимиз орасида меҳр-оқибат ришталари мустаҳкамланди. Зеро, ҳаётнинг бу каби синовларида тобланган халқимиз уни инсонийлик хислатларини намоён этиш орқали енгиш мумкинлигини жуда яхши билади.

Айтиш мумкинки, вақтида ташкил этилган «Саховат ва кўмак» жамғармаси аҳолини жипслаштиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, камбағал оилалар эътибордан четда қолиб кетмаслиги масаласида сектор раҳбарларига улкан масъулият юкланди.

Андижон вилоятидаги прокурор секторларида 187 минг 443 та оилада 742 мингдан зиёд киши истиқомат қилади. Улар ўрганиб чиқилганда, 10 мингдан ортиқ оила ёрдамга муҳтожлиги аниқланди.

Шунга кўра уларнинг ҳар бирига ташаббускор тадбиркорлар бириктирилди. Улар мазкур оилаларни ҳар ўн беш кунда керакли озиқ-овқатлар билан таъминлаб борди. Жумладан, жамғарма ва ҳомийлар маблағи ҳисобига 16 мингдан зиёд оилага 6 млрд. 641 млн. сўмлик ёрдам кўрсатилди. Шундан 11785 тасига 2 млрд. 258 млн. сўмлик озиқ-овқат, 1058 тасига эса қарийб 716 млн. сўм нақд пул берилди. 50 та оиланинг 7 млн. 810 минг сўмлик қарзи тўлаб берилди.

Давлатимиз раҳбари камбағалликни камайтиришга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ёки ойлик ва нафақани кўпайтириш орқали эмас, балки одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш орқали эришиш мумкинлигини алоҳида таъкид­лаб, бу борада ўз таклифларини илгари сурмоқда. Яъни, камбағалларни боқимандалик кайфиятидан халос этиш йўли танланди. Шунга мувофиқ сектор ҳудудидаги камбағалларнинг бандлигини таъминлаш бўйича 3042 та ло­йиҳа тузилди. Хусусан, биргина иқтисодий комплексда 1877 та лойиҳа орқали 4 мингдан зиёд камбағал оилани ишга жалб этиш мумкин. Қишлоқ хўжалигида эса мингдан ортиқ лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш орқали  3200 га яқин киши ишли бўлиши аниқланди.

Ҳозир 1197 та лойиҳа ҳисобига 5266 та оиланинг даромадини оширишга эришилди. Жумладан, иқтисодий комплексда ўртача 2 миллион сўмга яқин иш ҳақи бериладиган 2 мингдан зиёд иш ўрни яратилди. Айни дамда бу каби оилаларга кластерлар бириктирилиб, ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича парранда, қуён ва эчки тарқатилмоқда. Албатта, бу жараёнда ҳам аҳолининг бандлиги таъминланади. Энг асосийси, прокурорлар секторидаги даромад топа бошлаган 241 та оилани шу тариқа камбағалликдан чиқариш кўзда тутилган.

Умуман олганда, 1091 та оиладан 5266 тасининг  ойлик даромади камида 3 миллион сўмга етказилади.  Йил якунига қадар яна 5 минг оила улар сафига қўшилади.

«Ҳаракатда баракат» дейишади. Сектор раҳбарларининг мақсади аҳоли имкониятлардан тўлиқ фойдаланишига шароит яратиб беришдир.

 

Ғайратжон ФОЗИЛОВ,

Андижон вилояти прокурори