Пpoкypaтypa opгaнлapидa элeктpoн мypoжaaтлap

08:46 - 06.07.2020

132

Юртимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан боғлиқ барча масалалар қонун билан тартибга солинган. Бош прокуратура «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ижросини доимий назорат қилиб боради.

Қонуннинг 3-моддасида электрон мурожаатларга алоҳида изоҳ берилган. 5-моддада эса мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши ҳамда бир хил аҳамиятга эгалиги таъкидланган. 27-моддада мурожаатларга жавоб бериш тартиби ва мурожаатларни кўриб чиқиш натижасига кўра давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдорлари томонидан қарор қабул қилингач, бу ҳақда мурожаат қилувчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар қилиниши кўрсатилган.

Юқоридаги талаблардан келиб чиқиб, иш унумдорлигига эришиш мақсадида 2019 йилнинг 29 августидан прокуратура органларида «Электрон ҳужжат айланиши» ахборот тизими жорий этилди. Унга мувофиқ прокуратурада ҳужжатлар айланмаси, яъни ҳужжатларни рўйхатга олиш, ижрочиларга етказиш, ижросини таъминлаш, назорат қилиш, натижаси бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ва юбориш электрон шаклда амалга оширилади.

Мазкур тизим фуқаролар сарсон бўлишининг олдини олиш имконини беради. Энг муҳими, ахборот тизимида прокуратурага келиб тушган хат, мурожаат, маълумот, ахборот ва бошқа ҳужжатлар энди электрон шаклда рўйхатга олиниб, уларнинг ижроси ва натижасига оид ҳужжатлар киритилади.

Айрим тоифадаги, жумладан, ходимларга оид маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар, хизмат текшируви ҳужжатлари, текшириш материаллари, жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар, терговга қадар текширув материаллари бундан мустасно. Улар бўйича фақат хатлар ахборот тизимига киритилади ва юборилади. Сўнг ҳужжатнинг ўзи белгиланган тартибда почта орқали етказилади. Эътиборлиси, ахборот тизимига киритиш мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳужжатлар айланмаси почта орқали амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилди.

Бироқ ҳозирги давр прокуратура органларида электрон мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Бутун дунёда Covid-19 инфекцияси тарқалган вақтда Ўзбекистонда ҳам карантин жорий этилди, фуқароларни давлат идораларида қабул қилиш ҳам тўхтатилди. Бу ўринда замонавий ахборот технологияларидан, хусусан, интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда иш кўриш барча учун фойдалидир. Аммо прокуратура органлари амалиёти фуқароларнинг электрон мурожаатлари билан ишлашда бир қанча камчиликлар борлигини кўрсатмоқда. Бутун дунёни қамраб олган пандемия шароитида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш эса нафақат прокуратура, балки барча давлат идораларининг биринчи галдаги вазифаларидан ҳисобланади.

Бугунги кунда фуқаролар электрон мурожаатларини прокуратура органларига уларнинг расмий сайтлари орқали бергани маъқул. Аммо фақат Бош прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Бош прокуратура академияси ҳамда Мажбурий ижро бюросигина интернетда ўз расмий сайтига эга ва фуқаролар ушбу сайт­лар орқали электрон мурожаат қилишлари йўлга қўйилган.

Бу камчиликнинг амалий ифодаси сифатида бир мисол келтирсак. Масалан, Бухоро вилоятининг Олот туманида яшовчи фуқаро бузилган ҳуқуқини тиклаш мақсадида туман прокуратурасига мурожаат қилади. Туман прокуратураси фуқаронинг мурожаатига жавоб беради. Бу жавобдан қониқмаган фуқаро юқори турувчи прокуратура органи ҳисобланган Бухоро вилояти прокуратурасига электрон тартибда мурожаат қилмоқчи. Чунки вилоят прокуратураси Бухоро шаҳрида жойлашган. Олот тумани эса Бухоро шаҳридан 200 км. узоқда. Табиийки, шаҳарга бориб келиш фуқаро учун қийинчилик туғдиради. Мана шундай ҳолатда фуқароларга қулай бўлиши учун ҳар бир вилоят прокуратураси ўз расмий сайтига эга бўлиши мақсадга мувофиқ. Бундай вазиятда эса фуқаро фақатгина Бош прокуратуранинг сайти орқали мурожаат қилиши мумкин. Унинг мурожаати Бухоро вилояти прокуратурасига юборилиши маълум бир иш вақти сарфланишига сабаб бўлади.

Таққослаш учун хорижий мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратайлик. Қозоғистонда фуқароларнинг прокуратура органларига электрон мурожаат этишида бир қатор қулайликлар яратилганига гувоҳ бўламиз. Қозоғистон 17 та маъмурий бирликка бўлинган (14 та вилоят ва республика миқёсидаги 3 та шаҳар). Ушбу маъмурий бирликларнинг барчасида прокуратура органлари мавжуд бўлиб, улар интернетда ўз расмий сайтига эга. Бундан кўзланган мақсад — фуқароларга прокуратура органлари фаолияти ҳақида хабар бериб бориш, ҳудуддаги жиноятчилик аҳволи ҳақида маълумот бериш, расмий сайт орқали электрон мурожаат юбориш имкониятини яратишдан иборат.

Ҳар бир вилоят прокуратурасининг расмий сайти ташкил этилганидан сўнг электрон мурожаатлар билан ишлаш механизми қуйидагича бўлиши мумкин. Фуқаро прокуратура сайти орқали электрон мурожаат қилганида унинг мурожаати қабул қилинган сана, мурожаатни қабул қилган ходимнинг исм-фамилияси, мурожаатнинг рўйхатга олинган рақами ҳақида фуқарога (у мурожаатида кўрсатган электрон почтага) унинг мурожаати қабул қилинганини тасдиқловчи маълумот юборилади. Бунга Литва давлатининг мурожаатларга оид қонунчилиги нормасини мисол қилиб келтириш мумкин.

Электрон мурожаат йўллаётган фуқаронинг шахсини тасдиқлаш тўғрисида сўз борганда электрон рақамли имзо ёки ID-карта маълумотларини киритиши кифоя бўлишини таъкидлаш жоиз. Шу ўринда электрон рақамли имзоси бўлмаган фуқаролар мурожаат йўллай олмайдими, деган савол туғилиши мумкин. Бунинг ечими сифатида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатда қайд этилишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб барча янги туғилган чақалоқларга, Ўзбекистон фуқароларига, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ва Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига биометрик паспорт ўрнига 10 йил муддатга ҳужжат эгасининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида идентификация картаси (ID-карта) берилади. Мана шу картага ҳар бир фуқаронинг электрон рақамли имзосини махсус чип сифатида киритиш мақсадга мувофиқ. Шу орқали электрон мурожаатларнинг муаллифлари ҳақида тўғри ва аниқ маълумотга эга бўлиш мумкин.

Эстониянинг бу соҳадаги тажрибаси қизиқиш уйғотади. Бу давлатда фуқароларга давлат хизматларининг 90 фоиздан ортиғи электрон тарзда кўрсатилади, фуқаролар ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда давлат органларига мурожаат йўллаши мумкин. Ҳозирги кунда Эстонияда фуқаролар шахсини идентификациялашнинг уч усули мавжуд бўлиб, улар ID-карта, Digi-ID карта ва Mobil-ID иловасидан иборат. Булар мамлакатда фуқароларни идентификация­лашнинг энг кенг тарқалган воситалари бўлиб, уларнинг ичида ID-карта кенг тарқалган.

Электрон мурожаатга фуқаролар унга тааллуқли ҳужжатларни илова қилиши ҳам мумкин.

Юқорида келтирилган фикрлардан қуйидаги хулосага келиш мумкин:

ҳар бир бўғиндаги прокуратура органининг интернетда ўз сайтига эга бўлиши фуқаролар учун қулайлик яратади;

пандемия шароитида фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга ошириши учун, уларнинг бу ҳуқуқлари чекланмаслиги учун ҳам прокуратура органлари жисмоний ва юридик шахсларнинг электрон мурожаатларини кўриб чиқишга алоҳида эътибор бериши мақсадга мувофиқдир;

сайтга эга бўлиш орқали фуқароларнинг ҳам, прокуратура органлари ходимларининг ҳам ортиқча вақт сарфлашининг олдини олиш мумкин.

 

Шерзод Зокиров,

Бош прокуратура академияси таянч докторанти