Мурожаат асосида жиноятчи жавобгарликка тортилди

08:41 - 06.07.2020

3

Инсон бирор ноҳақликка дуч келсагина тегишли идораларга шикоят йўллайди. Унинг мурожаати ўз вақтида ўрганилиб, ҳал этилади. Бироқ эътиборсиз қолдирилса-чи?!

Ана шу эътиборсизлик сабаб айрим тизимларга нисбатан халқнинг ишончи йўқолади. Ундан ҳам ёмони, қуйида ҳал бўлмаган мурожаатлар энди умид билан юқори ташкилотларга юборилади.

Албатта, Бош прокуратурага келиб тушаётган ҳар бир мурожаат эътиборда. Уларнинг қонуний ҳал этилиши назоратга олинган.

Наманган вилояти Мингбулоқ тумани «Мустақиллик» МФЙда яшовчи Наргиза Эралиева 2020 йил 10 февралда Бош прокуратуранинг «Ишонч телефони»га мурожаат этади. Унда акаси Адҳамжон Эралиевнинг калтаклангани юзасидан жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ тумани судининг 2020 йил 10 февралдаги қароридан норозилигини баён этиб, ҳудуд профилактика нозири ўтказган терговга қадар текширув қайтадан қонуний ўтказилишида ёрдам сўраган.

Мазкур мурожаат Мингбулоқ тумани прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, 1984 йилда туғилган, «Мустақиллик» МФЙда яшовчи Авазбек Назаров 2019 йил 31 декабрь куни соат 22.30 ларда шу маҳаллада яшовчи, 1988 йилда туғилган Адҳамжон Эралиевни калтаклаб, жароҳат етказган.

Тўрақўрғон туманлараро СТЭБнинг 2020 йил 4 январдаги тиббий экспертиза хулосасига кўра ушбу можаро туфайли А.Эралиев бош мия ёпиқ шикасти, бош мия чайқалиши, ўнг тирсак суяги қисман ёпиқ синиши, чап ёноқ ва тана орқа юзаси шилиниши, чап кўз пастки қовоғи қонталаш бўлиши кўринишида жароҳат олган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ профилактика инспектори А.Мадраҳимов терговга қадар текширув ўтказиб, А.Эралиев ва А.Назаров ярашиб олгани учун 2020 йил 11 январь куни жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. А.Эралиевнинг туман ИИБ бошлиғи номига А.Назаровнинг ҳаракатидан норози бўлиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб ёзган аризаси эътиборга олинмайди.

Туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарор ва тўпланган ҳужжатлар синчиклаб ўрганиб чиқилгач, А.Назаровнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисмида назарда тутилган қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш аломатлари мавжудлиги аниқланди. Туман ИИБ профилактика инспектори А.Мадраҳимовнинг 2020 йил 11 январдаги жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорининг А.Назаровга тегишли қисми бекор қилиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Тергов жараёнида аниқланишича, А.Эралиев 2019 йил 31 декабрь куни соат 22.30 ларда синглиси Наргиза Эралиева билан биргаликда ўз уйига келаётганида қўшниси А.Назаров бир нечта эркак билан кўчада кабоб пишираётганини кўради. Уларнинг мастлигини кўриб индамай ўтиб кетмоқчи бўлганида А.Назаров уни ёнига чақиради.

А.Эралиев аввалига эътибор бермасликка ҳаракат қилади. Бироқ қўшниси яна чақиравергач, синглисига «Сен уйга кетавер, мен ортингдан бораман» деганча уларнинг ёнига боради.

– Нима, шунақа зўр бўлиб кетганмисан, чақирсам қарамайсан?! – деб А.Назаров унга ўдағайлай бошлайди.

А.Эралиевга унинг бу муомаласи ёқмай, қўрс жавоб қилади:

– Ким зўр бўлиб кетибди?! Оғзингизга қараб гапиринг!

– Қарамасам-чи?! Нима қиласан?!

Шу тариқа ўртада жанжал чиқиб, А.Назаров А.Эралиевни ерга йиқитганча уришга тушади. Атрофдагилар уларни ажратиб қўйгач, А.Эралиев уйига кетади. Бироқ орадан ҳеч фурсат ўтмай А.Назаров уни кўчага чақириб, яна уради.

Жабрланувчининг ИИБга ёзган аризасига муносабатни юқорида баён этдик. Н.Эралиеванинг Бош прокуратурага йўллаган мурожаатини ўрганиш асносида А.Назаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва терговга юборилди.

Авазбек Назаров суд ҳукми билан жиноий жавобгарликка тортилди. Ана шу тариқа ноҳақликка учраган бир фуқаронинг мурожаати қонуний ҳал этилди.

 

Баҳодиржон МУЙДИНОВ,

Бош прокуратура бошқарма прокурори