Дoлзapб мaвзy мyҳoкaмacи

08:29 - 06.07.2020

0

29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлиси ўтказилди.

Тадбирда сенаторлар, Бош прокуратура ҳамда онлайн тарзда Олий ва ўрта махсус таълим, Қурилиш, Соғлиқни сақлаш вазирликлари вакиллари иштирок этишди.

Мажлисда таълим, қурилиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашевнинг ахбороти эшитилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан 2019 йил август ойидан бошлаб олий таълим ва капитал қурилиш соҳаларида «коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш борасида Бош прокуратура томонидан мутахассислар ва экспертларни жалб қилган ҳолда тасдиқланган йўл харитаси бўйича қатор ишлар амалга оширилган.

Жумладан, олий таълим муассасаларида жамоатчилик кенгашлари тузилиб, коррупция муҳитини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш учун аноним сўровлар ўтказиш йўлга қўйилди. Муассаса раҳбарияти ёки вазирликка электрон шаклда мурожаат қилиш (шу жумладан аноним тарзда) имконияти яратилди.

Капитал қурилиш соҳасида эса «Қурилишдаги назорат» қуйи тизими Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишга туширилиб, назорат жараёнида электрон ҳужжат алмашинувини босқичма-босқич жорий этиш белгиланди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида мижозларни овқат билан таъминлаш, кир ювиш, бино ва иншоотларни сақлаб туриш, шунингдек, уларнинг муҳандислик-техник тизимларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ҳамда тиббий буюмларни зарарсизлантириш хизматлари аутсорсингга ўтказилди.

Шунингдек, тадбирда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида янги электрон тизимни жорий этиш, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиб, тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштириш, коррупция иллатини батамом йўқотиш мақсадида ҳамжиҳатликда комплекс назорат чораларини кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.