Taшaббyc cиздaн, кўмaк биздaн

13:45 - 26.06.2020

8

Мамлакатимизда ёшларни маданият, санъат ва спортга кенг жалб этиш, уларда замонавий ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича беш муҳим ташаббусни амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.

2017 йилдан бошлаб 30 июнь Ёшлар куни деб белгиланди. Шу муносабат билан июнь ойи юртимизда «Ёшлар ойлиги» деб эълон қилинди. Бу нафақат ёшлар, балки бутун халқимизнинг манфаатларига хизмат қилиши шубҳасиз.

Прокуратура органлари ҳам ушбу ойликда фаол қатнашмоқда. Хусусан, барча ҳудудларда «Прокурор ва ёшлар» онлайн учрашувлари ва бошқа тадбирлар ўтказилаяпти.

Июнь ойининг ўтган даврида 5168 нафар ёшлар иштирокида 115 та тадбир ташкил этилиб, йигит-қизларимизнинг 108 нафари ишга жойлаштирилди, 38 нафари касбга тайёрлов курсларига юборилди, 6 нафарига кредит олиши учун тавсиянома берилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож 295 кишига ўқув қуроллари ва китоблар совға қилинди. 125 нафарига экин экиш учун вақтинча 32,6 гектар ер, 12 нафарига 647 млн. сўм кредит ажратилишида ҳамда жазони ижро этиш муассасасидаги 2 нафар ёшнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилишида ёрдам  кўрсатилди.

Тадбирларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Вобкент тумани прокуратурасининг ёрдами билан «Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси доирасида 10 нафар ишсиз ёшга «Golden Buxara» агрокластерига қарашли боғдан 40 сотихдан ер ажратилиб, уларнинг бандлиги таъминланган.

Шу каби Олот тумани прокуратураси 23 нафар ёшга вақтинча фойдаланиш учун 9,3 гектар, Қоракўл тумани прокуратураси 88 нафар ёшга 18 гектар, Зомин тумани прокуратураси 4 нафар ёшга 1,2 гектар ер ажратилишида ёрдам берган.

Жиззах шаҳар прокуратураси 4 нафар ёшга иссиқхона ташкил этиш ва чорвачилик билан шуғулланиши учун 30 млн., Зомин тумани прокуратураси 3 нафар ёшга 80 млн., Бухоро тумани прокуратураси 2 нафар ёшга 12,3 млн. сўм кредит олишига  кўмаклашган.

Тадбирларда ёшларнинг бандлигини таъминлаш чоралари ҳам  кўрилмоқда. Масалан, Оҳангарон шаҳар прокуратураси томонидан 6 июнь куни ўтказилган учрашувда тўрт ишсиз – А.Эргашев, О.Абдувоҳидов, Б.Қўчқоров ва О.Абдуллаев «Ideal plast» МЧЖга ишга жойлаштирилган.

Бундан ташқари, учрашувларда ёшларни маданият, санъат, китобхонлик ва спорт тадбирларига жалб этиш чоралари кўрилмоқда. Масалан, Қоракўл тумани прокуратураси китобхонликни тарғиб этиш мақсадида «Бир кунда китоб билан 20 дақиқа» номли онлайн танлов ўтказган, унга юздан ортиқ ёшлар  жалб  этилган.

Чирчиқ ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Чирчиқ олий танк муҳандислик билим юртининг 30 курсанти ҳамда 15 нафар ёшлар иштирокида пойтахтдаги Адиблар хиёбонига ташриф уюштирилган.

Шунингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқ­бузарликларнинг олдини олиш чоралари  ҳам кўрилмоқда. Масалан, Чортоқ тумани прокуратураси томонидан 8 июнь куни ёшлар билан «Жиноятчиликнинг олдини олиш» мавзусида давра суҳбати ўтказилган, ҳуқуқбузарликка мойил 55 нафар ёшнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат ва китоблар совға қилинган.

Шофиркон тумани прокуратураси эса «Телеграм»да «Прокурор ва ёшлар» каналини ташкил этиб, ҳуқуқий маслаҳатлар бериб бораяпти.

Прокуратура органлари томонидан бу борадаги тадбирлар давом эттирилмоқда.

Муродулла ТУРСУНМЕТОВ,

Бош прокуратура бошқарма прокурори