Ёшларга эътибор – келажакка эътибор

13:32 - 19.06.2020

34

Халқимизда бир болага етти маҳалла ота-она деган нақл бор. Шундай экан, улғаяётган ҳар бир бола учун барчамиз бирдек масъулмиз.

Бу борада ҳарбий прокуратура органлари томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгашлари билан ҳамкорликда, ҳар бир вилоятнинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда бир қатор тадбирлар, «Прокурор ва ёшлар» учрашувлари ташкил этилмоқда.

2020 йилнинг ўтган даврида ҳамкорликда 529 та тадбир ташкил этилиб, уларга 12 мингга яқин ёшлар, шу жумладан 8300 дан ортиқ 30 ёшгача бўлган ҳарбий хизматчилар жалб этилди. Оммавий ахборот воситаларида 227, шу жумладан ижтимоий тармоқлардаги расмий каналлар орқали 92 марта чиқиш қилинди.

Мисол учун, Бухоро ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан вилоят адлия бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, банклар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бандлик марказлари ҳамкорлигида ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшлар билан «Юксак ҳуқуқий маданият – мамлакат тараққиётининг кафолати» мавзусида мулоқот ўтказилди, ёшларга мутахассислар томонидан замонавий бизнес юритишнинг ҳуқуқий асослари (стартаплар) ҳақида маълумот берилди.

Гулистон ҳарбий прокуратураси томонидан Сайхунобод тумани прокуратураси ва ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, мудофаа ишлари бўлими ва ҳарбий қисмлар қўмондонликлари билан ҳамкорликда ёшларни қизиқтирган масалалар ўрганилган ва Президентимизнинг беш муҳим ташаббуси доирасида санъат ва спорт мусобақалари ташкил этилиб, совриндорларга бадиий китоблар ва бошқа совғалар топширилган.

Коронавирус пандемияси шароитида тадбирлар ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда онлайн тарзда ўтказилиши йўлга қўйилди. Хусусан, 45 марта «Прокурор ва ёшлар» учрашуви ўтказилди ва уларда 2000 га яқин ёшлар, шу жумладан 800 дан ортиқ ёш ҳарбийлар видеоконференцалоқа орқали қамраб олинди.

Мулоқотларда ёшлар ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш, ҳарбий хизмат, ҳарбийлар учун жорий қилинган имтиёзлар ҳамда ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга атрофлича жавоб олишмоқда. Масалан, июнь ойида Қарши ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Қарши тумани Хонобод қўрғонидаги ҳарбий шаҳарчада яшовчи ёшларнинг бандлигини таъминлаш имконияти ўрганилди ҳамда хусусий тадбиркор жалб қилинган ҳолда нон цехи ташкил этилиб, беш киши иш билан таъминланишига эришилди.

Ҳозир ҳудудий ҳарбий прокуратуралар санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда бундай тадбирларни жадал давом эттирмоқда.

 

Шахрух ПУЛАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси бўлим ҳарбий прокурори