Тежалган маблағ ҳисобидан «Нексия -3»

13:29 - 19.06.2020

1

«Топганинг тўйга буюрсин!». Бу дуоми, қарғишми? Дарҳақиқат, тўй инсон ҳаётида бир марта бўлади. Тўғрироғи, нормал ҳаётда бир марта бўлади. Мамлакатимизда йилига ўртача 30 мингта никоҳ бекор қилинаяпти. Ажримларнинг кўпайиб бораётгани бу муқаддас куннинг моҳиятига путур етказмоқда.

Балки бунга бахт тушунчасини нотўғри талқин қилиш сабаб бўлаётгандир. «Тўй ҳаётда бир марта бўлади» деган фалсафа билан дабдаба қилаётганлар ана шу «бир марталик»ни бир умрга мустаҳкамлаш йўллари ҳақида ўйлаб кўрмаяпти. Тўйнинг бир марта бўлиши исроф, ҳаддан ошишга баҳона эмас, балки масъулиятни англатмайдими?

Ота-она атрофдагилардан қолишмаслик, «орзу-ҳавасли» қудахоланинг хоҳишини бажо келтириш, фарзандининг кўнглини ўкситмаслик учун барини муҳайё қилишга мажбур бўларди. Бир неча кун тўй берилиб, ёшларга асқотиши мумкин бўлган деярли битта уйнинг пули кўкка совуриларди. Ваҳоланки, пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам «Никоҳ тўйида бир кун таом бериш суннат, икки кун таом бериш исрофгарчилик, уч кун таом бериш риёкорликдир» деган экан.

Неча йилдирки, тўй-маъракаларни ихчамлаштириш, ортиқча сарф-харажатларни камайтириш ҳақида айтилмасин кўпчилик бунинг аксини қилиб келди. Охири 2019 йил 14 сентябрда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашлари тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида қарор қабул қилди. Унга кўра тўй-маъракаларга келувчилар сони 200 кишидан ошмаслиги белгиланди. Бироқ мазкур қарорга ҳамма жойда ҳам амал қилинавермади. Қарор чиққанидан кейин ҳам баъзи жойларда анча-мунча тўйлар аввалгидек дабдаба билан ўтказилди. Бу айрим юртдошларимизнинг янги тартибга кўниколмаганидан далолат эди.

Коронавирус боис жорий этилган карантин сабаб икки ойдан бери мамлакатимизда тўй ва бошқа оилавий тадбирлар ўтказилмаётганди. Республика махсус комиссиясининг қарори билан амалдаги карантин талаблари 2020 йилнинг 1 августига қадар узайтирилди. Шунингдек юртимизнинг коронавирус пандемиясидан холи бўлган, яъни «яшил» ҳудудларида тўй ва оилавий тадбирларни барча санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда, 30 кишилик қилиб ўтказишга рухсат берилди.

Қайноғам катта ўғлини 23 мартда Қарши шаҳридаги тўйхоналардан бирида 150 кишилик тўй қилиб уйлантирганди. Ўшанда аслида икки ўғлини бирга уйлантирмоқчи эди. Бироқ келин бўлмиш ва иккинчи ўғли бунга рози бўлишмаганди. Ёшлар Тошкентдаги Вестминстер университетида бирга ўқишган. Куёв бўлмиш ҳозир Австралиянинг Сидней шаҳрида иқтисодиёт йўналиши бўйича магистратуранинг 2-курсида ўқийди. Охири ёшлар ўйлаб кўришиб, яқинда тўйнинг харажатига кетадиган маблағи ҳисобидан «Нексия-3» машинасига тўлов қилишди ва 30 кишилик тўй қилишга рози бўлишди.

Коронавирус пандемияси халқимизнинг пешона тери билан топган пулини тўйбозлик, базмбозликка эмас, балки ҳар бир инсоннинг сиҳат-саломатлигини асрашга сарфлаш лозимлигини яна бир бор намоён этди. Лекин шундай шароитда ҳам тўй орқали кимгадир ўзини, бойлигини кўрсатиб қўйишга имкон берадиган янги-янги иллатлар бўй кўрсатмоқда.

Яқинда Давлат хизматлари марказига бир иш билан бориб, ишимни битиришим учун 239-навбатда туришимга тўғри келди. Ўтириб навбатим келишини кута бошладим. Мен билан ёнма-ён икки киши ўтирганди. Уларнинг суҳбати тўй мавзусига бурилди. Чунки биттаси яқинда ўғлини уйлантирган экан. Суҳбатдоши ундан «Ўттиз кишилик тўй қилдингизми?» деб сўради.

– Қаерда дейсиз, ўзбек ўттиз кишилик тўй қила олармиди? Фарзанду набираларимнинг ўзи ўттиздан ошади, – деб жавоб берди у.

– Унда нима қилдингиз?

– Нима қилардим, ўттиз киши-ўттиз кишидан қилиб меҳмонларимни ҳар хил пайтга айтдим ва 120 кишини меҳмон қилдим…

Ҳа, айрим юртдошларимизнинг янги тартибга ҳам кўниколмаётганидан далолат бу.

Карантин… Йўқ, бу шунчаки тиббий карантин эмас, Оллоҳнинг инсонларга бир ишораси бўлди-ёв! Атрофга қарайлик, бироз тин олайлик! Турмуш ташвиш­лари билан бўлиб, фақат эртанинг ғамини еб, ҳозирнинг ўзида, айни дамда яшашни, бугунни қадрлашни унутиб қўймадикмикин?!

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»