Opзу ушaлди, ҳaвac чўнтaккa қoлди

13:05 - 19.06.2020

3

Яратганга минг бора шукур, камина ҳам икки ҳафта олдин ўғлимни уйлантириб, келин туширдим. Яширмайман, аёлим уч йилга яқин қиз қидирди. Гарчи ўғлим магистратурани ҳам тугатган, бир касбнинг бошини тутган бўлса-да, тақдир бўлмаса қийин экан. Бири ёшини, бошқаси ишини, яна бири домда яшашимизни баҳона қилди. Ниҳоят ўзига моси топилди, ёшлар бир-бирига маъқул келиб, фотиҳасини ўтказиб олдик.

Аввал қиз узатган бўлсам-да, биринчи марта ўғил уйлантиришим бўлгани боис чиройли тўй ўтказишни, ошна-оғайниларни чақириб, меҳмон қилишни кўнглимга тугиб қўйгандим. Пойтахтдаги ресторанларнинг бирини гаплашдим. Пули анчагина чақса-да, орзу-ҳавас деганларидек чамалаб кўриб, қарз олишни ҳам ўйлаб қўйгандим. 200 кишилик стол-стул, безаги, ансамбли, фотосессия­-видеоси!.. Ўҳ-ҳу, озмунча пул керакми?! Бундан ташқари, аёлимнинг хархашалари ортиқча: «Уни олиш керак», «Ҳозир шу мода бўлган, ҳамма шунақа қилади…», «Қудаларимиз орзу-ҳавасли одамлар экан…».

Тўғри, орзу-ҳавасли дунё деймиз. Орзу-ҳавас нима ўзи?

Вақти келиб фарзандлари балоғатга етгач, йигитларнинг ота-онаси чиройли, ҳаёли, одобли, ўқимишли келинни, қизларнинг ота-онаси эса уйим-жойим дейдиган, топармон-тутармон куёвни орзу қилади, яхши куёви борларга ҳавас қилади. Аммо сўнгги пайтларда орзу-ҳавасда ҳам меъёр бўлиши кераклиги бир четда қолиб, оналар бўлғуси келиннинг одоби-ю ҳаёси, ўқиган ё ўқимаганини «эсидан чиқариб», бой-бадавлат хонадонни мўлжаллашга тушган эди. Бу масалада, афсуски, қиз томон ҳам иккинчи томондан қолишмасди. «Даҳшат» бўлиб ўтган, ўнлаб санъаткорлар хизмат қилган дабдабали тўй ҳаваси устунлик қилиб, ўзи ҳам шундай тўй қилишга интиларди.

Халқимизда «топганинг тўйингга буюрсин» деган гап бор. Айтмоқчимизки, аввало дабдаба билан ўтган тўйдан кейин ҳаммаси жойида бўлсин. Худо кўрсатмасину ота тўй учун олган қарзини тўлашга келганда қаердан пул олишни билмай хасталаниб қолса ёки бир-икки ой ўтар-ўтмас келин билан куёвнинг орасидан қора мушук ўтиб, ажрашаманга тушиб қолса нима бўлади?

Узоққа бормай бир мисол келтирсам. Яқин танишим бундан олти-етти йил олдин ёлғиз ўғлини уйлантирди. Топармон-тутармон бўлгани боис тўйни пойтахтнинг энг олди ресторанларидан бирида ўтказди. Тўйдан кейин «кўкида 20 мингга яқин кетди» деган эди. Тақдир экан, ўғли билан келини олти ойда ажрашди. Бир йилдан кейин ўғлини яна уйлантирди. «Каттагина ҳовлинг бор. Биринчи тўйинг эмас, шу ерда ўтказиб қўяқол» десам, «Жон дердим, хотин кўнмаяпти. Биласан, биттагина ўғлим бор. Бу ёқда хотин орзу-ҳавас деб бошимни ачитиб юборди. Унга ўғлим ҳам қўшилиб турибди. Майли, шулар хурсанд бўлсин!» дея бу сафар ҳам олдингисидан қолишмайдиган ресторанда тўй қилди. Кейинчалик «Бу гал арзонроққа тушди. Салкам 15 минг доллар кетибди» деб гапириб юрди. Буни қарангки, ёшларнинг турмуши яна ўхшамади. Орадан икки йилча вақт ўтгач, тўйга айтиб келди. Бордим. Ҳовлисида чиройли тўй бўлиб ўтди. «Бу сафар долларга ҳисоблаганда 5 мингга яқин кетибди. Аввалгиларига таққослаганда арзимаган пул. Нега шуни олдинроқ ўйламадим экан? Хотиннинг гапига кирган ўзим аҳмоқман» дейди кулимсираб. Ҳозир бир ярим яшар набираси бор, ёшлар ҳам хурсанд.

Бу воқеани эшитганлар «Ҳа энди, тақдир экан!» дейиши мумкин. Аммо тақдирнинг қай тарзда кечишига биринчи галда инсоннинг ўзи сабабчи эмасми?! Танишим иккита тўйига сарфлаган пулга ўша пайтда бемалол икки ё уч хонали квартира олиш мумкин эди…

Тўйларимиздаги кимўзарлик, дабдабабозлик, исрофгарчилик шу даражага бориб етдики, бу масалага Президентимиз ҳам аҳамият қаратиб, тўйларни ихчамлаштириш зарурлиги ҳақида бир неча бор, ўрни келганда жуда кескин фикрлар билдирди. 2017 йил 3 августда давлатимиз раҳбари ижодкор зиёлилар билан мулоқотда жумладан шундай деган эди: «Мана, ўзинглар кўраяпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўлаяпти, инфаркт бўлаяпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан яна тўй қилиши керак…».

Ниҳоят 2019 йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати кенгашларининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида»ги қўшма қарори қабул қилинди. Унга кўра тўй ва бошқа маросимларни ўтказишда маълум чеклов ва тартиблар ўрнатилди.

Ўша пайтда бу қарорни илиқ кутиб олганлар ҳам, рад этишга уринган, инсон ҳуқуқлари топталаяпти деб иддао қилганлар ҳам бўлди. Аммо  мушоҳада қилиб кўрсак, қарор билан инсон ҳуқуқлари чеклангани йўқ. Аслида тўй қилмоқчи бўлганларга бошқаларнинг ҳуқуқларини, тинчлигини бузма, кўчада тартибли ҳаракатлан, ортиқча дабдабабозлик, исрофгарчилик қилма дейилди холос.

Буни қарангки, вақти-соати келиб, замонанинг зайли билан нафақат 200 кишилик, балки ҳамма тўйлар умуман тўхтатилди. Бутун дунёга хавф солган пандемия туфайли 23 мартдан «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонунга мувофиқ Ўзбекистон фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши бекор қилинди. Уларни фақат зарур ҳоллардагина ихчам, 10-15 киши иштирокида ўтказиш тавсия этилди. Бироқ шундан кейин ҳам мамлакатда тўй ва оилавий маросимлар уюштирганлар учради ва жавобгарликка тортилди, айримлар бундай тадбирларда коронавирус юқтириб олгани аниқланди.

Шукурки, мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашди ва Республика махсус комиссиясининг 30 майдаги қарори билан «яшил» тоифага киритилган ҳудудларда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни 30 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказишга рухсат берилди. Шунингдек, карантин даврида бундай тадбирларни ўтказиш тартибини бузган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳам белгилаб қўйилди.

Хуллас, юқорида айтганимдек, биз ҳам тўйни камчиқим, тартибли ҳолда тинчгина, чиройли ўтказиб олдик. Фотиҳа қилганимизда ҳали юртимизга коронавирус деган бало яқин йўламаган эди. Тўй куни яқинлашгач, қудалар билан маслаҳатлашиб, тадбирни оилавий ўтказишга қарор қилдик. Ортиқча гап-сўз бўлмади. Маҳалла фуқаролар йиғини раисидан йўл-йўриғини сўраб-суриштириб, ҳаракатни бошладик. Келин томондан ўн нафар, куёв томондан эса беш нафар, ҳаммаси бўлиб ўн беш киши қатнашди. Келинсалом ҳам, чаллари ҳам бўлмади.

Ўрни келганда, иқтисод қилинган харажат масаласига тўхталиб ўтсам: ресторан мутасаддилари билан бир кишига 120 минг сўмдан келишгандим. Демак, 200 киши учун 24 миллион сўм тўлашим керак эди. Тўйхона остонаси ҳамда келин-куёвнинг атрофини безатиш учун 3 миллион сўм, дастурхонга қўйиладиган мева-чева, қанд-қурс ҳам тахминан 3 миллионга тушарди. Булардан ташқари, видеочи, суратчи, автомашиналар, карнай-сурнай, ашулачилар… Санайман деса рўйхат яна чўзилади. Энг қувонарлиси эса банкка бориб кредит олишдан қутулганимдан ташқари, режа қилиб қўйганимдай қарз сўраб ошна-оғайниларимнинг олдида юзим шувут бўлмади.

Худога шукур, бугун биз ҳам, қудаларимиз ҳам хурсанд. Айниқса, келинимизнинг бува-бувисининг ҳам қувончлари чексиз. Мамнун бўлиб, дуо қилиб ўтиришди…

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, гарчи коронавирус жамиятимизнинг кўплаб соҳаларига салбий таъсир қилган бўлса-да, ўзбек халқини «тўй балоси»дан қутқаришда жуда қўл келди. Бундай камчиқим ва тартибли тўй ўтказиш анъанасини карантиндан кейин ҳам сақлаб қолиш фойдадан холи бўлмасди.

Ғофуржон АЛИМОВ,

«Huquq»