Ноқонуний фаолият ташвиш келтиради

13:20 - 19.06.2020

45

Бугун транспортларда лицензиясиз йўловчи ташиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга кўп дуч келаяпмиз.

Шуни қайд этиш жоизки, амалдаги қонунчиликда автомобиль транспортида лицензиясиз йўловчи ташиганлик учун маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган. Яъни, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1763-моддасига кўра мазкур ҳуқуқ­бузарлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 100 бараваригача, мансабдорларга эса 50 бараваридан 150 бараваригача жарима солинади.

Таҳлилларга кўра, 2019 йилда Наманган вилояти маъмурий судларида мазкур тоифадаги 562 та ҳуқуқбузарлик кўриб чиқилган. 208 нафар фуқарога 483 млн. 774 минг 480 сўм жарима солинган. Шунингдек, 354 нафар фуқаро ҳуқуқбузарликни ўттиз кун ичида бартараф этгани ва етказилган моддий зарарни қоплагани сабабли жавобгарликдан озод этилиб, маъмурий иш юритиш тугатилган.

Хусусан, А.Маҳмудов 2019 йил 4 декабрь куни Норин туманида «Дамас» автомашинасида лицензиясиз йўловчи ташиб, беш нафар йўловчини 15 минг сўм йўл ҳақи эвазига манзилига олиб бориб қўйишга келишган. Бу билан МЖТК­нинг 1763-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган.

А.Маҳмудов ҳуқуқбузарлик содир этгач, 30 кун ичида Норин туманидаги «Норин техсервис» хусусий корхонаси билан шартнома тузган. Шунингдек, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги Наманган вилояти бошқармасидан 2019 йил 13 декабрдан 2020 йил 12 декабргача лицензия варақасини олган.

Шу сабабли суд уни ҳуқуқбузарлик содир этган вақтдан бошлаб 30 кун ичида йўл қўйилган бузилишларни ихтиёрий равишда бартараф этган деб ҳисоблаб, унга нисбатан МЖТКнинг 271-моддаси 11-бандини қўллади ва жавобгарликдан озод этди.

1969 йилда Наманган шаҳрида туғилган Абдулло Абдураҳимов ҳам ўзининг «Дамас» автомашинасида лицензиясиз йўловчи ташиш билан шуғулланган. Транспорт вазирлиги Наманган вилояти бошқармаси ходимлари томонидан тўхтатилиб, ҳужжатлари сўралганда йўловчи ташиш учун лицензияси йўқлиги аниқланган.

А.Абдураҳимов суд мажлисида Наманган шаҳридаги «Сайёрабегим транс» МЧЖ билан шартнома тузган ҳолда транспортда йўловчи ташиш учун лицензия олгани, қилган ишидан пушаймонлигини айтиб, қонуний енгиллик сўраган.

Унинг йўл қўйилган бузилишларни ихтиёрий бартараф этгани инобатга олиниб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритуви тугатилди.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик содир этган Р.Ғиёсов 30 кун ичида лицензия варақасини олмаган. Бироқ қилмишидан пушаймонлиги, оилавий шароити оғирлиги инобатга олиниб, суд Р.Ғиёсовга нисбатан енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллади. Базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн икки баравари, яъни 2 млн. 676 минг сўм жарима солди.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, агар шахс ҳуқуқбузарликни ўз вақтида бартараф этиб, қонуний фаолият кўрсатишга ўтса жавобгарликдан озод этилади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, бу каби чоралардан мақсад кимларнидир жаримага тортишдангина иборат эмас. Аксинча, ноқонуний фаолият нотўғри экани, доим ташвиш келтиришини фуқароларга тушунтириш, бундай фаолиятга чек қўйишдир. Яъни, қонунга хилоф иш қилиб жазога тортилгандан кўра, унинг олдини олган афзал.

Ҳусниддин МАДАМИНОВ,

Наманган вилояти прокурорининг
катта ёрдамчиси