«8 Финaл» фopмaти

13:39 - 19.06.2020

0

«Европа чемпионлар лигаси «8 финал» форматида Лиссабонда (Португалия) ўтказилади», – деб хабар қилди Италиянинг «Sky Sport» телеканали. Яъни, кейинги босқичлар бир ўйиндан иборат бўлиб, жамоалар етти-саккиз кунда битта ўйин ўтказиши режалаштирилган. Учрашувлар «Бенфика» ва «Спортинг» клубларининг стадионларида ўтказилади.

Европа лигаси мусобақаси эса худди шу тариқа Германияда ўтказилса, Европа суперкубоги учун ўйин Будапештда (Венгрия) бўлади.

Шунингдек, аёллар ўртасидаги ЕЧЛга Испания мезбонлик қилиши белгиланган.

2020 йилнинг 17 июнь куни УЕФА ижроқўмининг йиғилиши бўлиб ўтади ва унда Европа чемпионлар лигаси ва Европа лигасининг жорий мавсумдаги қолган қисми формати тасдиқланади.

Чемпионлар лигаси

«Атлетико», ПСЖ, «Аталанта» ва «Лейпциг» клублари чорак финал йўлланмасини қўлга киритиб бўлган.

«Барселона» – «Наполи» (биринчи ўйин – 1:1), «Манчестер Сити» – «Реал» (2:1), «Бавария» – «Челси» (3:0) ва «Ювентус» – «Лион» (0:1) жуфтлик­ларида эса жавоб ўйинлари ўтказилиши керак. Улар 6-7 август кунлари аввал режалаштирилганидек Барселона, Манчестер, Мюнхен ва Турин шаҳарларида ўтказилади.

Чорак финалдан бошлаб барча ўйинлар Лиссабон шаҳрида ўтказилади. 12 августдан 15 августга қадар ҳар куни биттадан чорак финал учрашуви бўлиб ўтади.

18-19 август кунларига ярим финал баҳслари белгиланган. Финал эса 23 августга режалаштирилмоқда.

УЕФА чорак финал ва ярим финал ўйинларига июль ойида қуръа ташлайди.

Европа лигаси

Европа лигаси мусобақасида вазият мураккаброқ. Турнирнинг нимчорак финал босқичи доирасида иккита жуфтликда ҳатто дастлабки ўйинлар ҳам ўтказилмаган.

«Sky Sport»га кўра, «Интер» – «Хетафе» ва «Рома» – «Севилья» жуфтлик­ларининг ғолиблари Германиядаги нейтрал майдонда ўтказиладиган битта ўйинда аниқланади.

Қолган жуфтликлардаги жавоб баҳслари аввалдан режалаштирилган шаҳарларда ўтказилади.

Саккиз финалчи 10-21 август кунлари Германиянинг Дуйсбург, Гельзенкирхен, Дюссельдорф ва Кёльн шаҳарлари мезбонлик қиладиган чорак финал, ярим финал ва финал учрашувларида иштирок этиши керак. Европа лигаси финали 21 август куни Кёльнда ўтказилиши кутилмоқда.

Чорак финал баҳслари 10-11 август, ярим финал ўйинлари эса 16-17 август кунлари бўлиб ўтади. УЕФА суперкубоги 24 сентябрь куни Будапештда ўтказилади.

 

Россияда яна бир футболчимиз порлайди

Россия премьерлигасида Ўзбекистон футболи тарбияланувчилари Элдор Шомуродов ва Остон Ўруновнинг муваффақиятли ўйинларидан кейин рус клубларининг миллий чемпионатимизга қизиқиши ортиб бормоқда.

Россия оммавий ахборот воситалари юқори ўринлар учун курашаётган Москванинг «Локомотив» жамоаси 18 ёшли Жасур Жалолиддиновни трансфер қилаётгани ҳақида ёзмоқда.

«Локомотив» клуби раҳбарияти бўлажак трансфер бўйича «Бунёдкор» клубига мурожаат қилди. Ярим ҳимоячи айни пайтда 450-500 минг еврога баҳоланмоқда ва тез орада бу трансфер расмийлаштирилиши кутилаяпти.

Жасур Жалолиддинов 2018 йилнинг август ойида «Бунёдкор» таркибида илк ўйи­нини ўтказган. У Ўзбекистон чемпионати юқори лигасида майдонга тушган энг ёш футболчи сифатида тарихга кирган. Дебют учрашувини ўтказган куни Жасур 16 ёшу 80 кунлик эди.

Бундан ташқари, ҳамюртимиз 2019 йилнинг октябрь ойида «The Guardian» нашри эълон қилган «2002 йилда туғилган дунёнинг 60 нафар энг иқтидорли ёш футболчиси» рўйхатидан жой олди.

Статистик маълумотларга кўра Жасур Жалолиддинов «Бунёдкор» таркибида 18 та ўйинда майдонга тушиб, учта гол урган ва жамоадошларига учта голли пас узатган.

Жасур анчадан буён Европа клублари эътиборида турганини айтиш жоиз. У Италиянинг «Беневенто» клубига ҳам бориб, маҳоратини ошириб келганди. Шунингдек, Туркиянинг «Бешиктош» жамоаси ҳам унга жиддий қизиқиш билдирди. Бироқ футболчининг ўзи «Sports.uz» порталига берган интервьюсида унга таклифлар кўплиги, лекин мутахассислар ва яқинлари билан маслаҳатлашиб, Москванинг «Локомотив» жамоасида ўйнамоқчилигини маълум қилган эди.

Дарҳақиқат, кўпчилик унинг бу қарорини тўғри деб ҳисобламоқда. Европанинг кучли чемпионатлари ва машҳур клубларига боргани билан 18 ёшли футболчи бор истеъдодини намойиш эта олмаслиги ёки унга  маҳоратини кўрсатиш учун етарлича имкон берилмаслиги мумкин. Тарихда бунақа вазият кўп бўлган.

Бугунги кунда ўзбекистонлик футболчилар учун Россия премьерлигасида муваффақиятли тўп суриш орқали Европанинг кучли клублари эътиборини қозониш энг мақбул вариантлардан бири бўлиб қолмоқда. Хусусан, «Ростов»да тўпурарлик қобилиятини кўрсатаётган Элдор Шомуродов европаликларнинг эътиборига тушди.

«Локомотив» клуби раҳбарияти ва «Бунёдкор» жамоаси ўртасидаги келишувга кўра Жасур Жалолиддинов москваликлар билан шартнома имзолаганидан кейин ярим йил давомида Ўзбекистон чемпионатида тўп суради. Кейин Москвага учиб кетади.

Интернет хабарлари асосида тайёрланди