ЎЗИНИ ЎЗИ БAНД ҚИЛИШ – бу борадаги фаолият турлари кўпаяди

12:20 - 12.06.2020

6

Бугун мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг асосий йўналишидан бирига айланди. Аввало тадбиркорлик соҳасининг ҳуқуқий пойдевори мустаҳкамланмоқда.

Жумладан, 2020 йилнинг 8 июнь куни давлат раҳбарининг «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, ўзини ўзи банд қилган шахс­лар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари кўпайтирилди.

Қарорга мувофиқ 2020 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади ҳамда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади.

Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатан ишлаган вақтидан қатъи назар, БҲМнинг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди ҳамда ушбу сумма тўлиқ бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади. Ўзини ўзи банд қилган шахслар ёлланма ишчиларни жалб қила олмаслиги ҳамда иш берувчига эга бўла олмаслиги тўғрисидаги талаб сақланиб қолади.

Қарорга асосан интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахсларга (фрилансинг) ҳам бир қатор ҳуқуқлар берилди. Хусусан, улар кўрсатилган хизматлар учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар – норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига керакли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистон банкларидаги ҳисобрақамларига қабул қилиш ҳамда контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларини (инвойс), шу жумладан, электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди.

Давлат солиқ қўмитасига 2020 йил 1 июлга қадар ўзини ўзи банд қилган шахс­ларни масофадан туриб рўйхатга олиш имкониятини назарда тутувчи мобиль иловани жорий қилиш вазифаси юклатилди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси эса 2021 йилда тадбиркорлик билан шуғулланишни осонлаштириш, шу жумладан, «Бизнес навигатор» ахборот тизимини жорий қилишга масъул этиб белгиланди.

Булардан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолият олиб бораётган жойи бўйича давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилади. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома унда тадбиркорнинг фотосурати акс эттирилган ҳолда берилади.

Яна бир қулайлик ҳақида гапирадиган бўлсак, қарорга мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоиз камайтирилган ставкада тўлайдиган бўлди.

Умуман олганда, мазкур қарор иқтисодий барқарорликни таъминлаш, ишбилармон фуқароларни қўллаб-қувватлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Аслиддин Болтаев,

Бош прокуратура бошқарма прокурори