КAPAНТИНДAН ҲИКМAТ ИЗЛACAК… У аслида фарзандларимизга ибрат кўрсатиш учун имконият

15:00 - 05.06.2020

1

Фарзанд комил инсон бўлиб улғайиши учун унинг тарбиясини қачондан бошлаш кераклиги ҳақида гап кетганида донишмандларнинг «Бу ишни бола дунёга келган лаҳзаданоқ бошлаш зарур» деган ўгити хаёлимиздан ўтади. Ўз келажагини ўйлайдиган давлат ҳам, миллат ҳам бола тарбиясига алоҳида эътибор қаратиши лозим.

У ҳаммасини сезади ва англайди

Инсон зурриёти она қорнидалик пайтиданоқ ўзига нисбатан бўлган ҳар қандай жисмоний ва маънавий зуғумни, ғайриқонуний ҳолатни руҳан англаб, бунга ўз имконияти даражасида қаршилик кўрсатар экан. Эркак ҳомиладор аёлига қўл кўтарса, жанжаллашса ёки уни хафа қилса, бола онанинг қорнида ҳаммасини эшитаркан ва миясига ёзиб қўяркан. Ҳомиланинг товушларга таъсирчан бўлиши тадқиқотларда исботланган. Шунингдек, жанжал пайтида онанинг қонида тўпланган адреналин ва бошқа заҳарли моддалар йўлдош орқали ҳомилага, туғилгандан кейин сут орқали чақалоққа ўтади.

Энг ачинарлиси, ҳомила ва гўдакнинг жисмоний, руҳий куч-қуввати билан катталарнинг имконияти, иродасини солиштириб бўлмайди, албатта. Ана шу нотенглик оқибатида катталарнинг болалар ҳуқуқини баъзан билиб-билмай, гоҳо шафқатсизларча поймол қилиши уларнинг бутун ҳаётига салбий таъсир этиши мумкин.

Олимлар шундай ҳолатни кузатишган: ҳомиладор аёл хурсанд бўлиб кулганидан бир неча соат ўтгач, унинг вужудидаги бола ҳаракат қила бошлаган. Гўдак она қорнида ўзининг дунёга келишини ширин орзулар билан кутишаётганини ҳис қилса, ота-онанинг ёнида бўлиш, уларга ғамхўрлик қилиш туйғуси билан туғиларкан. Олимлар оилавий нотинчлик шароитида дунёга келган фарзандларда кейинчалик ўзига ишончсизлик, журъатсизлик, қатъиятсизликни кузатишган.

Ҳомиладор аёлга ҳар қандай шароитда яхши муносабатда бўлиш, унинг истакларини имкон қадар рўёбга чиқариш, қўрқитмаслик, ҳар хил касалликлару яхши-ёмон назарлардан асраш шартлигини момоларимиз ёшларга уқтириб, ўгитларига ўзлари ҳам амал қилиб келишган. Ҳомиладор аёлга фақат ҳалол луқма едириш – фарзанднинг ҳалол ва пок инсон бўлишига асос; она яхши нарсалар ҳақида ўйласа, боласининг ақли расо, хулқи гўзал, асаблари бақувват бўлади.

Ҳар бир бола қалбида бир даҳо яшайди

Бола қалби сахий тупроққа ўхшайди. Унга тушган ҳар қандай уруғ албатта униб чиқиб, мева беради. Бироқ иқтидорнинг шаклланиши, намоён бўлиши аввало ёшларнинг камол топиши учун қай даражада шароит яратилганига боғлиқ. Электр чироқни кашф қилган Томас Эдисон болалигида бир куни мактабдан келиб, онасига ўқитувчиси бериб юборган мактубни тутқазади. Онаси уни ўқир экан, кўзларидан ёш оқади. Ёш Томас бундан хавотирга тушиб, онасидан йиғисининг сабабини сўрайди. Онаси «Сенинг кучли қобилиятинг бор экан, ўқитувчинг “Ўғлингиз ўта иқтидорли, мактаб унга ва унинг қобилиятига торлик қилади. Шунинг учун ўғлингиз уйида таълим ола қолсин!” деб ёзибди» дейди. Шундай қилиб, Эдисон ўз уйида онасидан таълим-тарбия ола бошлайди.

Орадан йиллар ўтади. Томас буюк олим бўлиб етишади. Онасининг вафотидан кейин олим унинг жавонидан мактуб топиб олади. Орадан анча йил ўтган бўлса-да, у мактубни дарров танийди. Бу ўша, мактабдаги муаллими онасига ёзган хат эди. Эдисон хатни ўқий бошлайди: «Ўғлингиз ўта беақл ва қобилиятсиз бола. Эртадан бошлаб мактабга келмасин!».

Эдисон анча вақтгача йиғисини тўхтата олмайди. Сўнг хотиралар дафтарига қуйидаги сўзларни битиб қўяди: «Эдисон ҳақиқатан ақлсиз бола эди, бироқ онасининг гўзал тарбияси сабабли истеъдод соҳибига айланди».

Бундан кўриниб турибдики, бир сўз билан инсон тақдирини ўзгартириб юбориш мумкин. Яъни бола тарбиясига масъ­ул бўлган шахс – ўқитувчининг қўпол хатоси туфайли Эдисон хатда таърифлангани каби қобилиятсиз бўлиб қолиши мумкин эди. Онасининг зукколиги, фаҳму фаросати сабаб уни дунё таниди. Демак, бола кўнглида борлиқ яширин, фақат уни тўғри тарбиялаш, ойдин йўлга йўналтириш катталарнинг вазифаси, таъбир жоиз бўлса бурчидир.

Тарбияга ким масъул?

Ушбу саволга бундан бир аср аввал буюк бобомиз Абдулла Авлоний қуйидагича жавоб берган: «Тарбияни кимлар қилур?» деган савол келадур. Бу саволга «Биринчи уй тарбияси. Бу она вазифасидур. Иккинчи мактаб ва мадраса тарбияси. Бу муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур” деб жавоб берсак…». Бундан кўринадики, келажак авлод тарбияси учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси масъул экан.

Мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасига ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизи сарфланмоқда. Бу ЮНЕСКОнинг мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун таълимга йўналтирилиши зарур бўлган инвестиция миқдори бўйича тавсияларидан, яъни 6-7 фоиздан қарийб икки баравар кўпдир.

Ўсмир ҳаётдан ўрнак излайди

Баркамол авлодни тарбиялаш жамиятнинг энг юксак орзуларидан бўлиб келган. Мамлакатимизда ҳам ўқитишнинг янги усулларини татбиқ этиш учун халқаро ҳамкорликни кучайтириш чоралари кўрилмоқда. Бироқ бугунги ютуқлар билан кифояланиб қолиш керак эмас. Кейинги йилларда фарзандларимиз учун аждодларимизнинг ҳаётидан ўрнак оладиган, уларга ибрат бўладиган ўқиш­ли асарлар ёки кинофильмлар яратдикми? Менимча, йўқ. Ваҳоланки, корейс­лар ўз тарихининг йилт этган чўғидан гулханлар ясаб, ҳаммани ишонтирмоқда. Болаларимиз Жумонгга ёки бошқа корейс сериаллари қаҳрамонларига ҳавас қилаётган бўлса, бунинг учун уларни айблаш инсофдан эмас. Чунки инсон, айниқса ёшлар ибрат ахтаради. Ибрат улар қаддини ростлаб олишларига ёрдам беради. Бугунги авлод кўнглига, талабига мос жавобни биз кўрсатиб бермасак, улар бегона қаҳрамонларга ҳавас қилиб юраверади.

Кейинги тарбия – кечиккан тарбия

Бола 10-12 ёшгача катталарнинг айтганини, ундан сўнг билганини қилади. Кейинги тарбия – кечиккан тарбия. Фарзандингизни китобга ошно қилинг! Китоб болани илмли қилса, меҳнат уни тарбиялайди. Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Туркистон тарихи» сарлавҳали мақоласида халқимизнинг тарихи буюклиги, ўтмишни яхшилаб ўрганиш ва ундан ибрат олиш зарурлиги, ахлоқни бузувчи ва хурофотга дахлдор китоблардан кўра тарихий, ахлоқий ва тарбиявий мўътабар китобларни ўқиш кераклиги уқтирилган. Беҳбудий наздида «Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур». Шунинг учун болани китобга ошно қилинг, меҳнатга ўргатинг. Ўз меҳнатининг натижасидан хурсанд бўлишни ўргансин. Ана шунда бола илмнинг, меҳнат қилган кишининг қадрига етади, ҳаётда ҳар бир ишни ўз кучи билан уддалашни ўрганади, ота-онасини ҳам беҳурмат қилмайди. Китоб болани илмли қилса, меҳнат уни тарбиялайди.

Француз файласуфи Жан Жак Руссо «Фарзандларингизни толесиз қилишнинг энг синалган йўлини айтайми? Улар нима деса, нимани сўраса ҳаммасини муҳайё қилаверинг. Ёш боланинг истаган нарсаси муҳайё қилинса, у бориб-бориб нафс балосига гирифтор бўлади. Нафснинг қули бўлган кишидан эса инсоният ва жамият зарардан бошқа нарса кўрмайди» деб огоҳлантирган.

Болага китобни танлаб ўқишни ўргатиш керак. Масалан, Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи оила аталмиш азалий иморатнинг мангу ва гўзал устунлари ҳақида ёзилган ибратли қўшиқдир. Фарзандларимиз унинг эзгу қаҳрамонларидан ўрнак олса, уларга ҳавас қилса кам бўлмайди. Зеро, наслларимиз қиёфасида Қодирий ифодалаган маънавият, маданият, шарққа хос вазминлигу андиша кўриниб турибди…

Қалбига қулоқ тутинг!

Бизнинг доимий асабийлигимиз, шошиб юришимиз, режаларимиз олдида боланинг истакларини деярли аҳамиятсиз деб билишимиз, мурғак қалбга эътиборсизлигимиз унинг ўз ҳуқуқларини талаб қилишига имкон бермайди. Кўп ҳолларда катталарнинг болаларга ёши, ташвишлари, мавқеи нуқтаи назаридан туриб ҳукмронлик қилиши, баҳо бериши фарзандларнинг ўз маънавий оламига сўзсиз биқиниб олишларига сабаб бўлади.

Ҳар бир ота-она фарзандининг ўз ҳуқуқини англаган, тарбияли, баркамол инсон бўлиб вояга етишини истайди. Бироқ истак рўёбга чиқиши учун шунга яраша интилиш бўлиши кераклигини унутмаслик лозим. Масаланинг муаммоси ҳам, ечими ҳам ана шунда.

Қиссадан ҳисса шуки, рамзий маънода эр-хотин бир дарахт бўлса, унинг ҳусни бўйида эмас, балки мевасида. Меваси эса уларнинг фарзандлари. Фарзандлар учун бахтиёр оила энг биринчи ва энг кучли тарбия ўчоғи.

Коронавирус туфайли карантин ­эълон қилинган шу кунларда ҳар доим иш билан банд ота-оналарда фарзандлари билан кўпроқ вақт ўтказиш имкони бор. Боламиз бизнинг меҳримизни сезиши, ниятимизни яхшироқ билиши учун қулай фурсат. Энг яхши одатларимиз – китоб ўқишимиз, шеър айтишимиз, мусиқадаги салоҳиятимиз, спортдаги қобилиятимиз билан фарзандларимизга ўрнак бўлайлик.

Юқорида таъкидлаганимиздек, инсонни ибрат тарбиялайди. Фарзандларимизга ўқиб берган битта шеъримиз ёки битта китобимиз унинг биз илғамаган қобилиятини очса не ажаб. Болаларимизни илмга, касбга, гўзал хулқларга ўргатиш учун берилган фурсатнинг қадрига етайлик! Шунда, қуш уясида кўрганини қилади деганларидек, оилаларда бахтиёр ва баркамол фарзандлар вояга етади.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»