Эзгулик ва қувонч

14:40 - 05.06.2020

2

Диёримизда болаларга юксак даражада ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Улар бундай имкониятдан унумли фойдаланиб, турли соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритмоқда.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, Наманганда ҳам хайрли тадбирлар ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, ҳозир Наманган вилоятида 500 мингга яқин ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 705 та мактаб ўқувчилари мамлакатимиз ва халқаро миқёсда ўтказилган фан, спорт, санъат бўйича турли танлов ва мусобақаларда юқори натижаларга эришди.

Байрам муносабати билан Бош прокуратура ташаббуси билан шаҳар ва туман прокуратуралари ҳамда халқ таълими бўлимлари ҳамкорликда санитария-эпидемиология қоидаларига амал қилган ҳолда ижтимоий-ҳуқуқий ёрдамга муҳтож 110 нафар болага, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ихтисослаштирилган болалар уйининг 50 нафардан зиёд тарбияланувчисига кийим-кечак ва ширинликлар ҳадя қилинди. Барча шаҳар ва туманларидаги уйда якка тартибда таълим олаётган ва профилактик назоратга олинган 400 дан ортиқ ўқувчининг хонадонига борилиб, совғалар улашилди.

Йўқлов давомида прокуратура вакиллари ёшларнинг қизиқишлари, орзу-­умидлари, интилишлари билан яқиндан танишишди. Уларнинг таълим-тарбияси, илм-маърифат чўққиларини забт этишлари учун яратилаётган имкониятларга тўхталиб, ўғил-қизларга муваффақият тиладилар.

Прокуратура органлари томонидан ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан кўзланган мақсад уларни ватанга муносиб инсонлар этиб камолга етказишдир. Улар нафақат байрам кунлари, балки доимо шундай эътибор ва ғамхўрлик оғушидадир.

Сардорбек НИШОНОВ,

Наманган вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси