Давлат ижрочисига туҳмат

14:35 - 05.06.2020

2

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасига кўра туҳмат қилганлик, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача жарима белгиланиши мумкин.

Туҳмат қилган шахсга нисбатан жазо маъмурий суднинг қарорига мувофиқ қўлланади.

Жасурбек Комилов Норин туманида туғилган. Эндигина 31 ёшни қарши олган бу йигит бюронинг Мингбулоқ тумани давлат ижрочиси ва яна 3 нафар фуқарога қилган туҳмати учун жазосини олди.

Аниқланишича, Ж.Комилов МИБ Норин тумани бўлими давлат ижрочиси бошқа фуқаролар билан тил бириктириб, Бюро туман бўлимининг 2017 йил 25 август ва 2018 йил 12 мартдаги «Ҳаққулобод қурилиш савдо комплекси» МЧЖнинг мулкини электрон-онлайн аукционга чиқариш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишга эришган деган уйдирма тўқиб, видео­лавҳа тайёрлаб ижтимоий тармоққа чиқариб юборади.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирувда Ж.Комиловнинг бу ҳаракати ёлғон, бошқа шахсларни шарманда қилувчи уйдирмалиги маълум бўлди.

Ўз ўрнида давлат ижрочисига нисбатан бюронинг Наманган вилояти бошқармаси Ички хавфсизлик шўъбаси хизмат текшируви ўтказди. Текширувда ижрочининг ножўя ҳаракат қилмагани аён бўлди.

Наманган тумани маъмурий суди томонидан Ж.Комиловнинг била туриб уйдирма тарқатгани исботланди. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробарига тенг жарима жазоси тайинланди.

Дамир Маҳмудов,

Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ бошқарма бошлиғи