Улapнинг кeлaжaгигa мacъyлмиз

09:16 - 22.05.2020

0

Мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, баркамол ўсишини таъминлаш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Айниқса, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Сўнгги уч йилда бу тоифадаги болалар тарбияланадиган меҳрибонлик уйлари замонавий компьютерлар, интернет тармоғи, видеокузатув воситалари билан таъминланиб, ходимларнинг иш ҳақи ҳамда оилага тарбияга олинган ҳар бир бола учун тўланадиган нафақалар оширилди. Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилада тарбиялашга кўмаклашиш учун тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари ташкил этилди.

Амалга оширилган кенг кўламли ишларга қарамай, прокуратура органлари ўтказган ўрганишда масъул идораларнинг ушбу масалага эътиборсизлиги оқибатида бу тоифадаги болаларни уй ва иш билан таъминлашдаги муаммолар тўлиқ ҳал этилмагани аниқланди. Хусусан, республика бўйича 2011-2019 йилларда жами 23 та муассасани тамомлаган 2480 нафар тарбияланувчидан 381 нафари уйга муҳтож. Ваҳоланки, бугунги кунда ҳокимликларнинг балансида 15 238 та хонадондан иборат уй фонди мавжуд бўлиб, улардан фойдаланишда эътибор биринчи навбатда етим болаларни таъминлашга қаратилмаган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларининг туман ва шаҳар ҳокимликларида эса уйларни ҳисобга олиш ва тақсимлаш комиссиялари фаолияти йўлга қўйилмаган.

Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 августдаги 164-қарори билан тасдиқланган «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида»ги низомда тарбияланувчилар учун бўш уйлар бўлмаганда ҳокимликлар тураржой сотиб олиш учун пул ажратиши қайд этилган.

Бундан ташқари, етимларга ажратилган турар жойлар ва улардан фойдаланиш аҳволи ҳам талаб даражасида эмас. Хусусан, уларнинг 147 таси жорий,         15 таси капитал таъмирга муҳтож бўлса, 1 таси яшаш учун мутлақо яроқсиз ҳолатда. Ёки 10 таси белгиланган ижтимоий нормага риоя қилинмаган ҳолда, 11 таси эса 136 млн. сўмлик коммунал қарзи билан ажратилган.

Шунингдек, прокуратура органлари томонидан 8 нафар етим боланинг мулкий ҳуқуқларини суд орқали тиклаш чоралари кўрилди. Жумладан, тарбияланувчи М.Биткуловнинг отаси номидаги уйга мерос улушини белгилаш ҳақида судга даъво аризаси киритилди.

Назорат тадбирларида муассасалар битирувчиларининг бандлигини таъминлаш ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилгани маълум бўлди. Чунончи, 2011-2019 йилларда муассасаларни тамомлаган тарбияланувчилардан 712 нафари ишсиз бўлса, атиги 148 (6 фоизи) нафари олий ўқув юртларига ўқишга кирган. 243 нафар битирувчи ишлаш ёки бошқа мақсадда хорижга чиқиб кетган.

Қайд этилган муаммолар тарбияланувчилар қонунбузарлик содир этишига шароит яратган. Сўнгги 9 йилда тарбияланувчиларнинг 99 нафари жиноятга қўл урган. Мисол учун, меҳрибонлик уйини 2017 йилда тамомлаган Ш.Саидов турар жой ва иш билан таъминланмагани сабабли қаровсиз қолган. Турли қурилиш объектларида яшаб юриб, оқибатда наркотик модда олди-сотдиси билан шуғулланган. Яна бир ҳолат, меҳрибонлик уйи­ни 2019 йилда битирган Г.Эрнепесова 2020 йилнинг 22 январь куни ўзи билан яшаётган ўгай укаси А.Эрнепесовни ёстиқ билан бўғиб ўлдирган. Бу даврда муассаса битирувчилари 201 та маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган.

Айни пайтда муассасаларнинг 25 нафар ходими ҳам жиноий жавобгарликка тортилган. Масалан, Марғилон шаҳридаги 1-меҳрибонлик уйи директори К.Яку­бов ва бошқалар тарбияланувчиларни қийнаш, уларга нисбатан бузуқ ҳаракатлар қилиш ҳамда жуда кўп миқдордаги бюджет маблағини ўзлаштириш жиноятларини содир этгани учун суд ҳукми билан жазоланган.

Ўрганиш натижасига кўра ноқонуний ҳужжатларга нисбатан 12 та протест келтирилиб, 77 та тақдимнома киритилди, 10 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, 8 нафар тарбияланувчининг манфаатини кўзлаб судга даъво аризаси киритилди, 23 нафарининг ишга жойлаштирилиши таъминланди.

Бундан ташқари, Бош прокуратура томонидан 2019 йил сентябрда ҳам ушбу масала таҳлили бўйича ҳукуматга киритилган ахборот бўйича битирувчилардан 96 нафарига турар жой ажратилишига эришилган. Жумладан,  Нукус шаҳар ҳокимлиги 2016 йилда меҳрибонлик уйидан бўшатилган А.Сулаймановни уй билан таъминлаш чорасини кўрмагани аниқланиб, прокуратура аралашуви билан уйга жойлаштирилди. Шу каби Китоб туманидаги 5-меҳрибонлик уйи битирувчиси Т.Қўлдошевни ҳам турар жой билан таъминлашга эришилган.

Шу билан бирга, ўрганишда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.

Муродулла Турсунметов,

Бош прокуратура бошқарма прокурори