Пенсиядаги фирибгар

10:18 - 22.05.2020

0

ИИБ профилактика инспектори ўзига бириктирилган ҳудудда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, осойишталикни таъминлаш каби масъулиятли вазифаларни бажаради. Айтиш мумкинки, фуқаролар унга қараб ички ишлар органларининг фаолиятига баҳо беради.

Аксарият инспекторлар астойдил ишлаяпти. Фарғона шаҳар ИИБ профилактика инс­пектори Абдумажид Эшонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам тўғри ишлаб обрў қозонган эди. Пенсияга чиқаётиб мисқоллаб йиққан обрўсини елга совурди. Пора олганида ушланди. Пушаймонлиги эътиборга олиниб, олти йилга озодликдан маҳрум этилди. Амнистия акти қўлланиб жазо муддати қисқартирилди. Муддатидан аввал, шартли равишда озод қилинди.

Озодликка чиққан пенсионер илгари ўзи ишлаган Фарғона шаҳрининг Амир Темур мавзесидаги профилактика инспекторига тушунтириш хати олиш каби ҳужжат ишларида норасмий ёрдамлашиб туради. 2019 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳридаги «Panaseya farm» МЧЖ раҳбарининг Фарғона шаҳридаги ёпилган дорихонасининг иш юритувчиси М.Эсоновадан камомадни ундириб бериш ҳақидаги аризаси текшириш учун профилактика нозирига чиқарилади. Нозир тажрибали А.Эшонов билан маслаҳатлашади. Аризани ўқиб чиққан А.Эшонов «дорихона иш юритувчисини танийман, уни ва ариза муаллифини чақиртиринг» дейди. М.Эсонова ҳақиқатан дорихонада ишлагани, ёпилаётганида салкам 8 млн. сўм камомад чиққанини тан олади. Ундан ва ариза муаллифидан тушунтириш хати олинади. Жамият раҳбарига камомадни ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича суд­га мурожаат этиши мумкинлиги тўғрисида жавоб хати юборилади. А.Эшонов камомадни тан олган дорихона иш юритувчиси М.Эсоновани фуқаролик судига чақиришса бирга бораман дея хотиржам қилади.

Жамият раҳбари ИИБдан олган жавобга қониқмасдан прокуратурага мурожаат этади. Октябрь ойи охирида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига чақиртирилган М.Эсонова маслаҳат сўраб А.Эшоновга қўнғироқ қилади. У департаментга чақирган ходим кимлигини сўраб билиб олади. Эски «дарди» қўзғайди. Фурсатдан фойдаланиб, чўтал ишлаб олмоқчи бўлади. Эртаси куни М.Эсоновага қўнғироқ қилади. Уни ишни «тинчитиш» учун департаментдаги танишига 200 АҚШ доллари беришга ундайди. «Бунча пулим йўқ», – дейди амал-тақал рўзғор тебратаётган аёл. А.Эшо­нов қайта қўнғироқ қилиб, танишини 100 долларга ишни ҳал қилиб беришга кўндирганини айтади. Яқинлари, таниш-билишларидан қарзга пул ололмаган, ҳуқуқ-тартибот идорасида профилактика инспектори бўла туриб (унинг пенсиядалигидан бехабар бўлган) мансабидан фойдаланмоқчи бўлаётган А.Эшоновнинг хатти-ҳаракатидан шубҳаланган М.Эсонова департаментга мурожаат қилади. Ушбу мурожаат бўйича ўтказилган тадбирда аёлдан 950 минг сўм олган А.Эшонов жиноят устида ушланади.

– Департаментда танишим йўқ, дорихона ходимининг иши хусусида ҳеч ким билан гап­лашмаганман, – дейди пора беришга ундаган фирибгар. – Уйимда уста ишлатгандим. Иш ҳақини тўлашга пулим йўқ эди. М.Эсоновадан алдаб олган пулни устага бермоқчи эдим.

Суд салкам эллик ёшни қоралаганда такроран жиноятга қўл урган А.Эшоновга озодликдан маҳрум этиш жазосини та­йинлади.

Сардор Игамбердиев,

Фарғона шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси