Иcлoҳoтлap фaқaт қopин тўйдиpиш yчyн эмac

09:12 - 22.05.2020

0

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар натижасида сўнгги йилларда маҳсулот етиштириш миқдори ҳамда фермерлар ва агроташкилотлар даромадининг ошганини кузатиш мумкин.

Биргина ғаллачилик соҳасини оладиган бўлсак, Навоий вилоятидаги фермер хўжаликлари ўтган йили 115 минг тонна буғдой етиштириб, деярли барча хўжаликлар давлатга дон етказиб бериш шартномасини ортиғи билан бажарди.

Бу йил вилоятда 38 минг гектар ерга ғалла экилган. Об-ҳавонинг мураккаб келаётгани ғалла парваришига, айниқса ҳосил тақдири ҳал бўладиган май ойида ўта жиддий ёндашишни тақозо этди. Шундан келиб чиққан ҳолда, ғаллани парваришлашда қўлланаётган тадбирлар мутахассисларнинг тавсияларига асосан қатъий жадвал асосида олиб борилаётгани ҳамда агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилаётгани вилоят прокуратураси органлари томонидан доимий равишда ўрганилиб, камчиликларни бартараф этиш чоралари кўриб келинмоқда.

Топшириқларни лозим даражада бажармасдан, агротехник тадбирларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминламаган «Агрокимёҳимоя» АЖ ва қишлоқ хўжалиги бошқармасининг 2 нафар мансабдори интизомий жавобгарликка тортилди.

Бундан ташқари, қонун бузилишини бартараф этиш ҳақида ваколатли органга тақдимнома киритилиб, 4 нафар шахсга маъмурий ва 3 нафар шахсга нисбатан интизомий иш қўзғатилди ҳамда 53 нафар шахс қонунбузарликка йўл қўймаслиги хусусида расман огоҳлантирилди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз томонидан пахтачилик ҳам ислоҳ қилинмоқда. Навоий вилоятида, мана икки йилдирки, пахта тўлиқ кластер тизими асосида етиштириб келинмоқда. Бу йил ҳам фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари ўртасида тузилган шартномаларга мувофиқ вилоятдаги 32,5 минг гектар ерга чигит экилган.

Давлатимиз раҳбари 10 апрель куни пахтачилик ва ғаллачиликда кластер тизимини ривожлантириш, агротехник ишларни самарали ташкил қилиб, ҳосилдорликни ошириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда дунёда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўй бераётган ҳолатларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Коронавирус пандемияси инсонлар ҳаётига хавф солаётган ҳозирги вазиятда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бугунги кунда энг долзарб масалалардан бирига айланмоқда.

Навоий вилоятида ҳам ердан оқилона фойдаланиш, мева, сабзавот ва полиз экинлари ҳосилдорлигини икки баравар ошириш бўйича юқори натижаларга эришилаяпти. Хусусан, 4762 гектар боғ ва 3469 гектар токлар орасидаги 1818 гектар ер, 2466 гектар очиқ майдон, 1183 гектар тутзор орасидаги майдон ҳамда 397 гектар дала четларига аҳоли кўп истеъмол қиладиган сабзавотлар экилиши таъминланди.

Ҳозир вилоятдаги 1262 та чорвачилик субъектининг 787 таси қўйчилик, 197 таси балиқчилик, 124 таси қорамолчилик, 53 таси паррандачилик, 43 таси туячилик, 34 таси эчкичилик, 12 таси йилқичилик, 10 таси асаларичилик ва 2 таси қуёнчилик йўналишида фаолият юритмоқда.

Давлат раҳбари 2020 йил 14 апрелда ўтказган йиғилишидан кейин вилоят ҳокимининг қарори билан Қорақалпоғистон тажрибаси асосида вилоятда чорвачилик йўналишида 31 та оилавий кооперацияни ташкил қилиш белгиланди. Хусусан, Хатирчида оилавий чорвачилик хўжалик­ларига 120 та қорамол ва уларни боқиш учун 30 гектар ер ажратиб берилди. Шунингдек, вилоятда 16 та бўрдоқичилик комплекси ташкил этиш белгиланган. Уларнинг фаолияти йўлга қўйилгандан сўнг 1000 та қорамол боқиш имконияти пайдо бўлади. Шу билан бирга, вилоятда 16 та сутчилик комплекси ташкил этиш белгиланган. Қизилтепа туманида сутчилик йўналишида фаолият юритаётган «Зармитан зотдор» МЧЖдан 10 та хонадонга 30 та қорамол парваришлаш ва сут ишлаб чиқариш учун олиб берилди. Бундан ташқари, вилоятнинг 3 та туманида 4 та йирик паррандачилик хўжалиги томонидан 400 та хонадоннинг ҳар бирига 500 тадан жами 200 мингта парранда етказиб берилиши белгиланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, кейинги йилларда аҳолининг ерга муносабати тубдан ўзгарди. Бироқ ердан фойдаланиш бўйича вилоят прокуратураси органлари томонидан ҳокимлик ва бошқа масъул идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган мониторингларда 491 та ҳолатда 649 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллангани, 769 та ҳолатда 16 гектар ерда ноқонуний қурилишлар қилингани аниқланиб, ушбу ҳолатларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, ҳозирга қадар 55,1 гектар ердаги ноқонуний қурилишларни буздириш бўйича судларга даъво аризалари киритилди. Бугунги кунда ўзбошимчалик билан эгалланган 30,7 гектар ҳамда ноқонуний қурилиш қилинган 2,42 гектар ернинг ихтиёрий қайтарилишига эришилди.

Мазкур жараёнда ҳокимларнинг ер ажратиш ҳақидаги 39 та қарори прокурорларнинг протестига асосан бекор қилинди ҳамда қонунга мувофиқлаштирилди. Шунингдек суғориладиган ерларнинг талон-торож қилинишига оид қонунбузилишлар юзасидан 7 та жиноят иши қўзғатилди.

Зафар Иргашев,

Навоий вилояти прокурорининг ўринбосари