Ҳибсга олиш жараёни видеога муҳрланади

09:06 - 22.05.2020

0

Мамлакатимизда инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Уларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида прокуратура органлари муҳим чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш учун қонун ҳужжатлари мунтазам такомиллаштирилаяпти. Хусусан, Бош прокурорнинг қонунчилик ташаббуси асосида ишлаб чиқилган «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан жиноят процессида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилган эди.

2020 йилнинг 14 май куни Давлат раҳбари «Ўзбекис­тон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Мазкур қонун ҳам бевосита Бош прокурор ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида инсон ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган бир қатор нормалар киритилди.

Эндиликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар шахсга нисбатан ушлаб туриш, қамоққа олиш, уй қамоғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чоралари қўллангани ҳамда унинг ушлаб турилган жойи тўғрисида оила аъзоларини ёхуд бошқа яқин кишиларини дарҳол хабардор қилишга мажбурдирлар. Илгари ушбу мажбурият ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан 24 соат ичида амалга оширилар эди.

Маълумки, Жиноят-процессуал кодексининг 91-моддасига мувофиқ ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса жойида текшириш, тергов эксперименти тарзидаги процессуал ҳаракатлар видеоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этилиши шарт бўлган. Эндиликда ушбу процессуал ҳаракатлар қаторига шахс­ни ушлаш, ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш ҳаракатлари ҳам қўшилди.

Шахс видеоёзув воситаларини қўллаш имконини бермайдиган турли вазиятларда ушланиши мумкинлиги инобатга олиниб, кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда шахсни ушлаш, шахсий тинтув ва олиб қўйишни видео­ёзув орқали қайд этмасдан ўтказишга йўл қўйилиши белгиланди. Бундай ҳолларда ушланган шахснинг ҳуқуқлари у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган биносига олиб келинганидан сўнг видеоёзувга қайд қилган ҳолда тушунтирилиши шартлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Бироқ амалиётда шахс­ни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг биносида ушлаш олдиндан режалаштирилишини инобатга олиб, қонунда шахсни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар биносида видеоёзув орқали қайд этмасдан туриб ушлашга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.

Қонунда ушланган шахснинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида унга ушлаш жараёни қайд этилган видеоёзув намойиш қилиниши шартлиги белгиланди.

Янги қонунга кўра бундан буён ҳимоячидан воз кечиш жараёни ҳам видеоёзув орқали қайд этилади. Бунда ҳимоячининг ҳимоясидаги шахс билан холи учрашиши видеоёзув орқали қайд этилишига йўл қўйилмаслигига оид норма мустаҳкамланди. Ушбу қоидалар гумонланувчи, айбланувчи, судланувчининг ҳимоячидан воз кечиши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Сардор Тошниёзов,

Бош прокуратура бошқарма прокурори