Ғишт қолипдан кўчди…

14:49 - 15.05.2020

4

Бугун Фарғона шаҳри ўзгача қиёфа касб этиб бормоқда.  Кўча ва йўллар кенгайтирилди. Экологияга салбий таъсир кўрсатадиган корхоналар шаҳар ташқарисига кўчирилди. Уларнинг ўрнида санъат саройи ва хиёбон барпо этилди.

Қурилиш-ободонлаштириш ишлари давомида уйлари бузилган одамларга янги уйлардан квартиралар, ер участкалари, қурилиш учун пул маблағлари берилди. Хусусан, шаҳарнинг Мустақиллик маҳалласидан ажратиб берилган ерларда фуқаролар янги уй қуриб яшашмоқда. Газетамизнинг 2019 йил 26 сентябрь кунги 39(1184)-сонида чоп этилган «Ёзувчилар кўпайиб кетди» мақоласида маҳалладаги, янги кўчалардаги фуқароларни қийнаётган  коммунал-инфратузилма муаммолари қаторида умумтаълим мактабига эҳтиёж тилга олинган, 2019 йил дастурига киритилган мактаб қурилмай қолгани баён этилганди. Шаҳар ҳокимининг сайёр қабулида ушбу масала кўтарилиб, тегишли  ташкилотларнинг вакиллари маҳалла жонкуяри С.Ғаниев ва оқсоқоллар билан бирга мактаб қурилиши учун бўш турган ерларни бориб кўришди. Ўз хулосаларини беришди. Қурилиш 2020 йил дастурига киритилди.

Жорий йилнинг 30 март куни Ёруғлик кўчасидаги собиқ Давлат таъминоти корхонаси ортидаги бўш турган ерда «Фарғона лойиҳа қурилиш-таъмирлаш» МЧЖ томонидан тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида  260 ўқувчи таҳсил оладиган икки қаватли мактаб қурилиши бошланди. Фарғона шаҳридаги «296-ХИКМК» МЧЖнинг қурувчилари астойдил ишга киришишди. Пандемия хуружидан асраниш талабларига амал қилинган ҳолда қурувчиларга ажратилган ётоқхона (қурилиш ёнидаги фойдаланилмай турган эски бино) дезинфекция қилинаяпти. Эрталаб тана ҳарорати ўлчанмоқда. Уч маҳал овқатланишаяпти. МЧЖнинг қатнаб ишлаётган раҳбар ва муҳандисларининг автомобилларига стикер (рухсатнома) берилган. Юк машиналарида цемент, арматура ва бошқа қурилиш материаллари узлуксиз етказиб берилаяпти.

– Мактабда синфхоналар, фан лабораториялари, спорт зали қаторида қозонхона, кўмир омбори, ёнғин хавфсизлиги ҳовузи қурилади, – дейди иш юритувчи Убайдуллохон Ҳакимов. – Баскетбол, волейбол, футбол майдонлари барпо қилинади. Кираверишда дарвозахона қурилади.

– Қурилишда иккита бетон қуювчи, битта ғишт терувчи бригада ишлаяпти, – дейди муҳандис Шуҳратжон Раҳматуллаев. – Мактаб биноси, спорт зали пойдеворининг бетондан остки қисми тўлиқ қуйиб бўлинди. Учта блокда пойдевор ҳам қуйилиб, ғишт терувчилар ишга киришмоқда.

Мактабни ноябрь ойида қуриб битказиш режалаштирилган.

Исроил Иброҳимов,

«Huquq»