Mудҳиш тун

11:23 - 08.05.2020

0

Ушбу жиноят тўрт йил илгари юз берган эди. Ёз ойида Жумабой Аннақулов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ваҳшийларча ўлдириб кетилган, мурдаси ўз уйидан топилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари воқеа жойини кўздан ўтказар экан, энг аввало хона ичида марҳумнинг қонга беланган жасади ва тартибсизликнинг гувоҳи бўлишади. Бу ҳолатлар жиноятнинг спиртли ичимлик таъсирида, ўта шафқатсизлик билан содир этилганидан далолат берарди.

Ҳа, Жумабой Аннақулов ёлғиз яшар эди. Шу боис у қайсидир танишини чақириб, шаробхўрлик қилган бўлиши ҳам мумкин. Аммо ёши бир жойга бориб қолган қариянинг ўлими кимга керак бўлди? Наҳотки у кимнидир қаттиқ ранжитиб қўйиб, ўзидан мана шу даражада қасос олишга мажбур қилган бўлса?

Саволларга жавоб топилди

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари зудлик билан шу каби саволларга жавоб топишга киришишди. Дастлаб марҳумнинг охирги пайтлар кимлар билан борди-келди қилгани, кимлар билан чиқишолмай қолгани, хуллас, унинг ўлимига боғлиқ бўлиш эҳтимоли бўлган барча ҳолатлар ўрганиб чиқилди. Ниҳоят қидирув самара берди. Яъни, мудҳиш жиноят содир этиладиган кеча марҳумнинг уйига шу туманда яшовчи Мухтар Есбергенов ва Азиз Қаипназаровларнинг келгани маълум бўлди.

Табиийки, улар гумондор сифатида дарҳол қўлга олиниб, сўроқ қилинди. Қизиғи шундаки, гумондорлар ўзларига берилган саволларга жавоб қайтаришар экан, уларнинг олдиндан келишиб олгани сезилиб қолади. Чунки улар саволларга жавоб қайтарар экан, тез-тез адашиб қолаётганини сезмай ҳам қоларди. Гоҳида эса бирининг кўрсатмаси иккинчисиникига умуман тўғри келмас эди. Бу ҳолатлар уларга нисбатан уйғонган шубҳаларни янаям оширарди. Хуллас, савол-жавобларда анча қийналиб қолган гумондорлар охири ўша мудҳиш тунда қўл урган жиноятига тўлиқ иқрор бўлишдан бошқа илож топишолмади. Тақдирга тан бериб, ҳаммасини ипидан игнасигача сўзлаб беришга мажбур бўлди.

Жиноят қандай содир бўлди?

Инсон ҳаёти билан боғлиқ ушбу ўта оғир жиноят содир этиладиган куни Мухтар Есбергенов таниши Азиз Қаипназаров билан спиртли ичимлик ичади ва маст бўлади. Кайфи ошган йигитлар уйларига қайтиб, дамини олса ҳам бўларди. Аммо улар ярим тунда ичкиликбозликни давом эттириш мақсадида шу овулда яшовчи Жумабой аканинг уйига боради. Бу ерда ҳам маишатини давом эттириб, бўлар-бўлмас гаплар билан ёши ўзларидан анча катта бўлган уй эгасининг жиғига тега бошлайди. Бир пайт Мухтар Жумабой акадан негадир Қуръон китобини топиб беришни сўрайди. Мезбон эса меҳмонга спиртли ичимлик ичиб ўтиргани боис Қуръонни бермаслигини айтади. Қариянинг мана шу гапига жаҳл қилган Мухтар кутилмаганда Ж.Аннақуловнинг кўкрагига муштлаб йиқитади. Уриб, тепиб ҳушидан кетказади. Токчада турган лезвияни олиб, унинг бўйнини бир неча марта тилиб ташлайди. Ваҳший маҳлуққа айланган Мухтар оёқларини қимирлатаётган мезбоннинг ҳали ўлмаганини сезиб, шериги Азизга пичоқ топиб келишни буюради. Аммо у пичоқ тополмай темир қошиқ олиб келади. Мухтар қошиқни ишга солади.

Жиноятчилар қариянинг ўлганига ишонч ҳосил қилганидан кейин унга тегишли бўлган 1 млн. 500 минг сўмлик кийим-кечак, гилам, телефон каби нарсаларни олиб, воқеа жойидан қочиб кетади.

Жазо

Жиноят жазосиз қолмайди. Мухтар Есбергенов ва Азиз Қаипназаровнинг жинояти ҳам терговда ўз тасдиғини топ­ди. Ушбу қотиллик бўйича қўзғатилган жиноят иши суд томонидан ҳар томонлама кўриб чиқилиб, жиноятчиларнинг ҳар бири узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Парахат ҲАБИБУЛЛАЕВ,

«Huquq»