«Kapaнтиндa ҳeч ким билмaйди»

11:20 - 08.05.2020

3

Электр энергияси, табиий газдан тежаб-тергаб фойдаланиш ва ҳақини вақтида тўлаш ҳар бир истеъмолчининг бурчидир. Бироқ ана шу масъулиятни унутган, ҳатто электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётган истеъмолчилар ҳам учрамоқда.

Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилояти бошқармаси ва Пастдарғом тумани бўлими ходимлари томонидан Туркман маҳалласида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбирда аниқланишича, шу маҳаллада яшовчи Ю.Юлдошев 26,32 квадрат метр ерда иссиқхона ташкил этган. У таъминотчи корхонадан рухсатнома олмасдан, маҳалласини газ билан таъминловчи 426 диаметрли қувурга 32 диаметрли қувурни яширинча улаб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган.

Оқибатда давлатга 81 млн. 183 минг сўмлик зарар етказгани сабабли Ю.Юлдошевга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, туман прокуратурасига юборилган.

Яна бир ҳолатда Пастдарғом тумани Бахшибойи маҳалласида яшовчи З.Аҳмедов қорақоғоз ишлаб чиқариш цехи ташкил этгани аниқланди. У табиий газдан фойдаланиш мақсадида таъминотчи корхонадан рухсатнома олмасдан, Камолот маҳалласини газ билан таъминловчи 70 диаметрли қувурга 40 диаметрли қувурни ўзбошимчалик билан улаб, мазкур цехда битта иситиш қозонидан фойдаланиб келган. Оқибатда давлатга 122 млн. 625 минг сўмлик зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан бюронинг Пастдарғом тумани бўлими томонидан З.Аҳмедовга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ўтказилаяпти.

Олот туманида эса электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. Денов қишлоғида яшовчи Н.Пиримқулов хонадонида электр ҳисоблаш ускунасини четлаб ўтган ҳолда умумий фойдаланишдаги электр тармоғига яширинча уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келгани туфайли туман электр таъминоти корхонасига 8 млн. 296 минг 344 сўм зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилди. Етказилган зарар ундирилиб, Н.Пиримқуловга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Карантин даврида ҳеч ким билмайди деб ўйлаган яна бир ҳуқуқбузарнинг устомонлиги узоққа чўзилмади. Гап шундаки, фуқаро Авазхон Позиловнинг Ўзбекистон тумани Наймансой қишлоғида жойлашган оҳак цехида юқорида келтирилган қарор ижроси юзасидан текшириш ўтказилган. Аниқланишича, А.Позилов атиги икки кун олдин оҳак ишлаб чиқаришга мўлжалланган иккита хумдонни ишга туширган ва синов тариқасида табиий газдан ҳеч қандай шартномасиз, ноқонуний фойдаланган. Оқибатда ҳуқуқбузар давлатга етказган 36 млн. сўм зарарни тўлашига тўғри келди.

Терговга қадар текширувда ўз ҳаракатининг ноқонунийлигини тушунган А.Позилов зарарни тўлиқ қоплаб берди ва жиноий жавобгарликдан қутулиб қолди.

Ҳамюртларимизга қонун талабларини тушунтириш бизнинг бурчимиздир. Аммо айрим фуқароларнинг бу талабларни тан олмаслиги, ўз манфаатини жамият манфаатидан устун қўйишини ҳеч ҳам оқлаб бўлмайди.

Сарварбек  Юнусов,

Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ бошқарма бошлиғи