Эътибop вa ғamxўpлик

11:11 - 08.05.2020

3

Бир пайтлар Оролбўйи минтақаси ҳайвонот дунёсига жуда бой биологик экотизим эди. Хусусан, денгизда балиқларнинг 32 тури бўлиб, ҳар йили ўртача 30-35 минг тонна балиқ овланган. 1960-йиллардан бошлаб суғориладиган ерларнинг кенгайтирилиши, Амударё ва Сирдарё сувининг суғориш учун кўп ишлатилиши оқибатида 50-55 йил давомида денгиз суви 15 баробаргача камайиб, сув сатҳи 29 метргача пасайиб, қирғоқдан 150 км.дан ортиқ масофага чекинди.

Натижада Амударё ва Сирдарёнинг қуйи қисми ҳамда денгиз атрофидаги ҳудудда, унинг шимоли-шарқий ва жанубий қисмида майдони 5,5 млн. гектардан ортиқ Оролқум деб аталувчи янги қум-тузли саҳро пайдо бўлди. Ҳар йили шамол қуриган денгиз тубидан ҳавога 100 млн. тонна чанг ва заҳарли тузларни кўтаради.

Орол денгизининг бундай тез қуриши бутун бир минтақада салбий экологик ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларни келтириб чиқарди. Асосий тирикчилиги денгизга боғлиқ бўлган ҳудуд аҳолисининг ҳаётини издан чиқариб, тараққиётини бир неча ўн йиллаб ортга суриб юборди. Бу ерда нафақат тўкис яшаш, ҳатто оддийгина кун кўриш ҳам оғирлашди.

Чўлланиш ва шўрланишнинг тезлашуви оқибатида 50 минг гектарга яқин экин майдони фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолди. Орол денгизининг қуриши натижасида иқлим ўзгариб қишки совуқ бирмунча пасайди, ёзги ҳарорат эса икки даража ошди. Бунинг оқибатида вужудга келган экологик танглик аҳоли саломатлигига ҳам таъсир кўрсата бошлади. Ҳудудда камқонлик, юрак-қон томири, ошқозон-ичак ва нафас олиш органлари касалликлари кўпайиб кетди.

Шу боис сўнгги уч йилда мамлакатимизда мана шу муаммоларни ҳал қилишга жиддий киришилди. Бунинг яққол мисоли Президентимиз томонидан 2017 йил 28 февралда «2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури тўғрисида»ги қарор қабул қилинишидир. Ушбу дастур асосида биринчи навбатда аҳолининг бир неча йиллик орзуси бўлган 101 километрлик сув қувури тортилиб, мўйноқликлар тоза сув билан таъминланди.

Шунингдек, 2019 йил 16 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра икки йилда 1 трлн. 485 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланди. Шу билан бирга, 2019-2021 йилларда Мўйноқ туманида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 27 трлн. сўмлик 75 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан қисқа вақт ичида туман марказида амфитеатр ва «Орол тарихи» музейи барпо этилди. Маданият саройи капитал таъмирланиб, ҳозир аҳолига хизмат қилмоқда.

Шунингдек, 57 та инвестиция лойиҳаси бўйича 647,2 гектар ер, 55 та лойиҳа бўйича 129 млрд. сўм кредит ажратилди ва 7 та бўш бино берилди, 126,6 млрд. сўмлик 56 та лойиҳа ишга туширилиб, 354 та янги иш ўрни яратилди.

Ўзбекистон жаҳоннинг иқтисодий ва экологик ташкилотлари эътиборини денгиз қуришидан азият чекаётган Марказий Осиё давлатларига қаратиб, биринчи навбатда қуриб бораётган денгизни қутқариш, унинг атрофидаги экологик вазиятни яхшилаш, айниқса бу ҳудудда яшаётган аҳолининг турмуш даражасини оширишга чақирмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 2017 йил 19 сентябрда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 72-сессиясида Орол фожиаси жаҳон муаммосига айланганини таъкидлаб, бунга дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратди ва қуйидаги фикрларни билдирди: «Бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири – Орол ҳалокатига яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман. Мана, менинг қўлимда Орол фожиаси тасвирланган харита. Менимча, ортиқча таърифнинг ҳожати йўқ. Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй­-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этмоқда».

Шундан сўнг давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди ташкил қилинди.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, Орол денгизининг қуриб қолган қисмидаги шўрланган ерларда илмий тадқиқот ва амалий ишлар кўламини кенгайтириш, экотизимни яхшилаш ҳамда тадқиқот ва инновацияларнинг илғор тажрибаларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди.

Шунингдек, Орол денгизидан кўтарилаётган қум, туз ва чангнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида ушбу ҳудудларда чўл ўсимликларидан ҳимоя ўрмонзорлари – «яшил қоплама» ҳудудлари барпо этишга уюшқоқлик билан киришилди.

Ўтган 42 йил мобайнида бу ерда 400 минг гектар жойга саксовул экилган бўлса, ўтган қиш-баҳор мавсумининг ўзида денгизнинг қуриган ҳудудида 500 минг гектар майдонга саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари экилди. Бугунги кунда эса бу ишлар давом эттирилиб, 2019-2020 йилнинг қиш-баҳор мавсумида 700 минг гектардан ортиқ ерга саксовул экилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси таркибида Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш ва амалий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш юзасидан белгиланган топшириқлар ва вазифаларнинг ўз вақтида тўлиқ бажарилишини таъминлаш мақсадида алоҳида тузилма ташкил этиш ҳақида топшириқ берди. Шу боис Бош прокурорнинг 2018 йил 19 ноябрдаги буйруғи билан Бош прокуратура таркибида Мўйноқ туманини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ташкил этилди.

Ўз навбатида бошқарма томонидан давлат раҳбарининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид топшириқлари ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш борасида бир қатор чоралар кўрилди. Дастлаб уйма-уй юриш асносида аҳолининг 7 мингдан ортиқ ижтимоий-иқтисодий муаммоси аниқланиб, ҳал қилиниши таъминланди.

Хусусан, туманда амалга оширилган ишлар натижасида 667 киши иш билан таъминланиб, 80 нафар ёшлар жун ва ипакдан гилам тўқиш, авточилангарлик, ҳунармандчилик, каштачилик ва қуроқ тикиш бўйича ўқитилди. Шунингдек, 3904 нафар фуқаро соғломлаштирилиб, 47 нафар ногиронга ижтимоий реабилитация жиҳозлари ва 793 кишига дори-дармон берилди.

Туманда яшовчи 14 нафар фуқаронинг транспорт, нефть-газ ва техника соҳалари бўйича Қозоғистон университетларини тамомлагани ҳақидаги дип­ломлари нострификация қилиниб, 9 нафари ишга жойлаштирилди.

Туманда юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, эпидемиологик вазиятни ва аҳоли соғлиғини яхшилаш мақсадида барча фуқаролар йиғинларида 22 та сув тозалаш ускуналари ўрнатилди, натижада туман аҳолиси тоза сув билан таъминланди.

Аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида камбағал оилалар ва ёлғиз яшовчиларга 225,3 млн. сўмлик озиқ-овқат ва 400 та товуқ тарқатилди, ёлғиз яшовчи 11 кишига янги уй қуриб берилди.

Бундан ташқари, «Учсай» ОФЙ ҳудудида кўп йиллар фойдаланилмай келган 40 ўринли болалар боғчаси реконструкция қилинди,  шунингдек, «Учсай» ва «Тикўзак» ОФЙларда жойлашган иккита спорт майдончаси ва «Тоқпақата» қабристони таъмирланди, ҳозир «Жантемир Эшон» мақбараси таъмирланаяпти.

Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда туман марказида телемедицинага асосланган инновацион клиника қурилмоқда.

Бундан ташқари, охирги олти ой мобайнида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, туман марказида Бош прокуратура ҳисобидан замонавий автостанция ва ҳаммом қурилди. Шунингдек, Қаражар қишлоғида врачлик пункти қуриб берилди, амфитеатр атрофи ободонлаштирилиб, дам олиш учун хиёбон ташкил этилди.

Шу билан бирга, аёлларнинг бандлигини таъминлаш учун туман марказида 50 ўринга мўлжалланган гилам цехи биноси қурилмоқда.

Туманнинг Дўстлик овули аҳолисининг таклифи инобатга олиниб, 75 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассаси барпо этилаяпти.

Давлат раҳбари илгари сурган беш ташаббусни амалга ошириш мақсадида «Future Muynak» ўқув маркази ва «Book cafe» кутубхонаси ташкил қилинди. Мазкур марказда 70 нафар мактаб ўқувчиси таҳсил олади.

Маълумки, Мўйноқ туманида қишлоқ хўжалигини юритиш учун шароит анча оғир. Шу боис давлат раҳбарининг топшириғи билан туман чорвачиликка ихтисослаштирилди. Туманда фаолият олиб бораётган фермер хўжаликлари учун шароит яратиш мақсадида «Мўйноқ» МФЙ ва «Тикўзак» ОФЙда иккита ветеринария пункти ташкил этилди.

Шу билан бирга, етиштирилаётган маҳсулот турлари ва ҳажмини кўпайтириш мақсадида «Тикўзак» ОФЙ ҳудудидан «Agro maks Muynak» МЧЖга соя ва маккажўхори экиш учун 1114 гектар маҳсулотни қайта ишлаш цехини қуриш учун эса туманнинг кичик саноат зонасидан 0,3 гектар ер ажратилди.

Давлат раҳбарининг балиқчиликни ривожлантириш ташаббусини руёбга чиқариш учун Қизилжар овулида Мўйноқ консерва комбинатининг 25 йилдан буён фойдаланилмаётган 1000 гектарлик ёрдамчи хўжалиги негизида балиқчилик хўжалиги ташкил этилмоқда. Хусусан, ушбу ер 10 нафар тадбиркорлик субъектига ажратиб берилди. У ердан ҳовузларга сув олиб келиш учун 13,7 км. ариқ қазилди, иккита сув насоси ўрнатилди ва 10 тонна чавоқ солиниб, балиқ етиштириш бошланди. Натижада 50 дан ортиқ маҳаллий ёшлар иш билан таъминланди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсақ, Мўйноқ туманида амалга оширилаётган тарихий ўзгаришлар одамларнинг қаддини ҳам, кайфиятини ҳам кўтармоқда.

Байрам Науризбаев, 

Бош прокуратуранинг Мўйноқ туманини ривожлантиришда

қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи