Aждoдлapни xoтиpлaш — муқaддac қaдpият

11:27 - 08.05.2020

3

Инсонга ҳар куни тинчлик ва хотиржамлик керак. Тинчини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик – тараққиёт гарови.

Биз азалдан тинчликсевар халқмиз. 9 майни Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонлаб, ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган ота-боболаримизни эслаб, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириб келаётганимизнинг замирида ҳам айнан мана шу эзгу мақсад ётибди.

Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан минглаб ватандошларимиз иштирок этди, кўплари жанггоҳлардан ногирон бўлиб қайтди, анчаси навқирон ёшида мардларча ҳалок бўлди. Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага муносиб ҳисса қўшган, фронт ортида меҳнат қилган заҳматкаш халқимизнинг хизматини ҳам асло унутиб бўлмайди.

Ўзбекистон мустақилликка эришган илк кунларданоқ тинчлик-тотувлик тарафдори бўлди, мана шу эзгу ният билан дунё саҳнига чиқди. Шунга кўра 9 майни 1999 йилдан бошлаб Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонлаб келамиз.

Ҳар йили мана шу сана олдидан Президентимизнинг махсус фармони эълон қилинади. Унда Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, фронт ортида меҳнат қилган жафокаш халқимизга ҳурмат бажо келтириш, юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ҳамда бу муқаддас айёмни юксак савияда нишонлаш кўзда тутилади.

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги хиёбонга генерал Собир Раҳимов ҳайкали ўрнатилиши ҳам тарихий ҳақиқатнинг тикланиши бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг  25 июнь куни мазкур ҳудудда бўлиб, у ерда Ғалаба боғи қурилиши бўйича топшириқ берган эди. Шу асосда боғ концепцияси ишлаб чиқилди. Унда ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорати, фронт ортидаги буюк иродаси ва саботи акс эттириладиган бўлди. Бугун мазкур боғда қизғин иш кетмоқда.

Боғни барпо этишда Вазирлар Маҳкамаси, Мудофаа, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Маданият вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон фанлар академияси, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон бадиий академияси ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг таклиф ва тавсиялари асосида иш олиб борилмоқда.

Ғалаба боғининг концепцияси билан яқиндан танишиш жараёнида беларуслик мутахассисларнинг фикри ҳам инобатга олинди. Улар ҳам боғда барчага бирдай қулайлик яратиш учун таклиф ва мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.

Таъкидлаш керакки, боғ ҳудудида «Шон-шараф» музейи ҳам бунёд этилмоқда. У ердан Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган ўзбекистонликлар ҳақидаги маълумотлар (видео, газета, сурат ва бошқа материаллар) ўрин олаяпти. Ғалаба боғи концепциясини яратиш вақтида бир қатор давлатларнинг шу турдаги боғлари, хиёбонларининг лойиҳалари ўрганиб чиқилди.

Боғнинг турли бурчаклари миллий анъаналаримизга мос айвонлар ҳамда интерактив маълумотлар улашувчи замонавий электрон қурилмалар билан жиҳозланмоқда. Шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ғалабага эришган 35 давлатнинг байроқ, герб ва хариталаридан иборат махсус майдончалар ҳам барпо этилаяпти. Тарихий муҳитни яратиш мақсадида ҳарбий мусиқалар жаранглаб, уруш даврига оид маълумотлар янграб туради.

Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги «Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан ўзбекистонлик жангчиларнинг жасорати ва ғалабага қўшган ҳиссасини ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси органлари томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, яқинда Россия Федерацияси бош ҳарбий прокуратураси билан ҳамкорликда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага катта ҳисса қўшган, мислсиз жасорат ва қаҳрамонликлар кўрсатган халқимизнинг ардоқли ўғлони генерал-майор Собир Умар ўғли Раҳимовнинг Россия Мудофаа вазирлиги марказий архивида сақланаётган шахсий йиғмажилдидаги зарур ҳужжатлардан нусхалар олиниб, тўплам ҳолида мамлакатимизга келтирилиши ҳам муҳим аҳамиятга молик воқеа бўлди.

Тўпламнинг ноёблиги шундаки, ундаги ҳужжатлар генерал-майор Собир Раҳимовнинг ҳаёти ва фаолиятига доир юртимиздаги тарихий материалларни янги маълумотлар билан бойитади.

Шу нуқтаи назардан, бу қаҳрамон аждодимизнинг тарихини чуқур ўрганишга имконият яратиш мақсадида мазкур тўплам Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокуратураси томонидан Ғалаба боғи ҳудудидаги «Шон-шараф» музейига жойлаштириш учун ишчи гуруҳга топширилди.

Шунингдек, ҳарбий прокуратура Навоий вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда бу машъум урушда Навоий вилоятидан қатнашган ва айни пайтда тинч ҳаёт гаштини сураётган 28 нафар ветераннинг ҳаёт йўли ва жасорати ҳақида ишончли манбалар, архив ҳужжатлари ҳамда турли йилларда матбуотда ёритилган материаллар асосида китоб чоп этиш арафасида турибди. Бундай тадбирларни бошқа ҳудудлар бўйича ҳам амалга ошириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ҳозирги коронавирус пандемияси шароитида жорий этилган карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда уруш фахрийлари, шунингдек ҳарбий прокуратура тизимида кўп йиллар хизмат қилиб, пенсияга чиққан фахрийлар, уларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиш, зарур озиқ-овқат, дори-дармон, ниқоблар, шахсий гигиена ва антисептик воситалар ҳамда совғалар улашиш каби хайрли ишлар давом эттирилмоқда.

Бундан ташқари, хизмат вазифасини бажариш чоғида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар ёки ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиниб, уларга асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари беғараз етказиб берилаяпти.

Хулоса ўрнида айтганда, фидойи инсонларни эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Уларнинг жасорати бизни ватанимизга, халқимизга садоқат ва матонат билан хизмат қилишга чорлайди. Зеро, инсон азиз, хотира боқийдир.

Шухрат УЗАКОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари —

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори