Тoмopқaдaн иcтeъмoлчигa

14:01 - 01.05.2020

0

Департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси пандемия даврида фермер ва деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқасида етиштирилаётган маҳсулотлар воситачиларсиз, тўғридан-тўғри савдога чиқарилишини таъминлаш чораларини кўрмоқда.

Хусусан, Олтиариқ тумани деҳқонлари ҳар қарич ердан унумли фойдаланишади. Туманда  36,1 минг томорқачининг жами 3105 гектар ери бор. Ушбу ернинг 254 гектарида картошка, 77 гектарида сабзи, 88 гектарида пиёз, 133 гектарида помидор, 111 гектарида бодринг етиштирилиб, пешма-пеш бозорларга чиқарилаяпти. Томорқаларда 10,4 минг т. картошка, 19 минг т. сабзи, 26,1 минг т. пиёз, 33 минг т. помидор ва 22 минг т. бод­ринг етиштириб, туман, вилоят ва қўшни вилоятларнинг аҳолисига сотиш ҳамда хорижга экспорт қилиш режалаштирилган.

Тумандаги бозор ва дўконларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи устига устама қўйилиб сотиб келинган. Қишлоқлардаги дўконлар орқали «даладан дастурхонга» тамойили асосида воситачиларсиз сотувга чиқарилаётгани туфайли бир килограмм картошка 4000 сўм, сабзи 1000 сўм, пиёз 3000 сўм, помидор 7000 сўм, бодринг 3500 сўмдан, аввалги нархларга нисбатан 25-50 фоиз арзон сотилаяпти. Энг муҳими, нарх-наво асоссиз ошиб кетишининг олди олинаяпти.

Масалан, «Юксалиш» МФЙда тадбиркор Фазлиддин Турсуналиев дўконига маҳалланинг ўзидаги томорқалардан олган маҳсулотларини аҳолига ортиқча устамаларсиз, арзон нархларда сотиб келмоқда. Ҳам сифатли, ҳам арзон маҳсулотлар савдосининг кунлик айланмаси 4 млн. сўмга, йиллик товар айланмаси эса 1 млрд. 440 млн. сўмга ошиши, шундан бюджетга 120 млн. сўм солиқ ундирилиши кутилмоқда. Айни чоғда дўконга маҳсулот топшираётган томорқачилар билан нақдсиз ҳисоб-китоб қилиш йўлга қўйилган. Фуқаро В.Обичаев дўконга ҳар куни 50 килодан бодринг етказиб берган ва унинг пластик картасига кунига 175 минг сўм пул тушган. У бир ойда 3 млн. 600 минг сўм даромад олган. Шунингдек, фуқаро С.Раҳмонов ва  Б.Ҳожиакбаровнинг пластик карталарига тўғридан-тўғри дўконга етказиб бераётган помидори учун   6 млн. 300 минг сўм, кўкатлар учун 2 млн. 500 минг сўм пул ўтказиб берилган.

Тумандаги 36 мингдан зиёд томорқачининг ҳаммаси деҳқон хўжалиги тарзида рўйхатдан ўтказилса, уларга амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида пенсия бадали ҳисобланиб, бир йилда бюджетга жами 8 млрд. 100 млн. сўм ундирилиши таъминланади ҳамда тўланган пуллар уларнинг пенсияси учун меҳнат стажи сифатида ҳисобга олиб борилади. Томорқачилар етиштирган маҳсулотларни пластик карталарига пул ўтказиб харид қилиниши йўлга қўйилса, иқтисодиётнинг яширин сектори орқали айланаётган 446 млрд. 900 млн. сўм маблағни назорат қилиш имконияти яратилади ҳамда хуфиёна иқтисодиётнинг бу йўналишига барҳам берилади. Дўкон эгалари амалга оширган товар айланмасининг 10-15 фоизи миқдорида солиқ тўлаши туфайли бюджетга қўшимча 44 млрд. сўмдан 67 млрд. сўмгача маблағ ундириш имконияти вужудга келади.

Юқоридагиларни инобатга олиб ҳудудда яширин иқтисодиётнинг олдини олиш, бюджетга тушумларни ошириш, аҳолини арзон маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида мутасадди идораларга вазифалар белгилаб берилди. Банк муассасалари ҳудуддаги томорқачилар номига алоҳида пластик карталарни очиб тарқатиш, солиқ идоралари ҳудуддаги томорқачилар ва улар етиштирган маҳсулотлар савдосидан тушган пулларнинг аниқ ҳисобини юритиш ҳамда солиқ тўлаб борилишини таъминлашга киришдилар.

Мирзохиджон Тошматов,

департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи