Рашк

14:36 - 01.05.2020

25

Рашк аслида шерикчилик мумкин бўлмаган нарсага шерикчилик қилиш оқибатида ҳақ эгасининг ғазаби қўзишини англатар экан. Инсон жуфтини қизғаниши билан унга бўлган эътибори ва меҳрини ифода этади.

Аммо қалб кўзининг заифлигидан ёки умуман ожизлигидан аслида ижобий ҳис саналган рашк ҳам ҳозирги кунда иллатга айланиб бормоқда. Унинг меъёри бузилиши оқибатида қанчадан-қанча келишмовчиликлар бўлаяпти, муносабатларга дарз кетаяпти, меҳр-оқибат кўтарилаяпти.

Баъзилар ноўрин рашк туфайли жароҳат етказишгача борадилар.

Ражаб (исмлар ўзгартирилган) чакана савдо билан шуғулланади. Дўконини эрта тонгда ўзи очади, кейинроқ хотини Малика келиб, кун бўйи савдо қилади.

Айни ёз пайти, полиз экинлари ғарқ пишган. Ражаб дўконга полиз маҳсулотларидан ҳам келтириб қўйган.

Эрталаб келган Ражаб дўконни очди. Кейинроқ Малика келиб дўкон атрофини тозалаб чиқди. Маҳсулотларни сотишга тайёр қилиб, савдони бошлаб юборишди. Ражаб «Мен бориб перашка олиб келай, нонушта қилиб оламиз» деб юз метрлар узоқдаги ошхоналарга қараб кетди.

Шу пайт дўконга ёш қизи билан бозорлик қилиб юрган 35-40 ёшлардаги бир киши келди.

– Саламалайкум, красавица. Помидор, пиёз борми?

– Ҳа, бор.

– Ўзингизга ўхшаган чиройли-чиройлисидан, нозанинларидан икки кило помидор беринг, – деди нотаниш одам.

Бу одам Наим эди. У оиласи билан анча пайтдан бери Америкада ишлаб юриб, бир-икки ой аввал юртга қайтганди. Ўша пайти маст бўлиб, ўйлаб гапирадиган аҳволда эмасди.

– Бунақа гапларни айтманг. Мен бу ерда эрим билан савдо қиламан, – деди Малика.

– Сизни уйимга олиб кетаман деётганим йўқ-ку. Фақат чиройли памидор сўрадим.

Малика памидорни ўлчаётганда Наим унинг қўлидан ушлаб шилқимлик қилмоқчи бўлди.

– Торт қўлингни, нима қилаяпсан? – деб бақириб силтаб ташлади аёл.

– Нима бўлаяпти? – қўшни дўкондан Олим чиқиб келди.

– Чиройли памидор беринг деяпман-да, – деди Наим.

– Ака, бу киши янгам бўлади. Бунақа гапларингизни айт­манг. Нарсаларингизни олиб кетинг бу ердан, – деди.

– Бор, йўқол, ақл ўргатма менга. Бориб гўштингни сот, – деди Наим жаҳли чиқиб.

Шу пайт Ражаб келди.

– Ҳа, нима гап, нима бўлаяпти?

Наим унга ҳам гапирган гапини айтганди, Ражабнинг тепа сочи тикка бўлди.

– Менинг хотинимга гап отишга уялмайсизми? – деб бақирди.

Униси у деди, буниси бу. Ўртада жанжал чиқди. Шу пайт Наимнинг онаси пайдо бўлди. «Сенинг шу ишларинг жонимга тегди-да» деб уни олиб кетди.

– Шошманг, хола, ўғлингиз билан гаплашиб олишим керак, – деб бақириб қолди Ражаб.

«Маҳаллангга бораман, ўша ерда гаплашамиз», – деди ғазаб­ланиб. Кейин аламини хотинидан олди. Дўконга кириб, ундан нима бўлганини батафсил сўраб олди. Ҳаммасига хотини айбдордек, у билан уришиб қолди, «энди дўконда ишламайсан» деб дўконни ёпиб, Маликани уйига олиб кетди.

Хотинини уйига қўйиб, ўзи Наимнинг уйини суриштириб билиб олди.

Ражабнинг рашки келиб, тобора жаҳли чиқаверди. Шу ердаги бошқа сотувчилар олдида ғурури поймол бўлгандай туюлаверди. Наим билан юзлашиб, ғазабини сочгиси келаверди. Кун бўйи шундай хаёллар гирдобида юрди. Ўша куни ўз ишлари билан юрган таниши Каримни кўриб қолди.

Ражаб асабийлашиб, бўлган воқеани айтиб берди.

– Маст одам гапираверади-да, эътибор берма, – деб тинчлантиришга уринди у.

– Йўқ, мен барибир ўша одам билан гаплашаман, кечирим сўрашини талаб қиламан, – деди Ражаб.

– Маст одам билан тенг бўлма, савдога ҳар хил одам келади, турли ҳолат бўлади-да.

Ражаб индамади.

Кейинги кун эрталабдан дўконни очди, бироздан кейин Малика келиб савдони бошлади.

Ражаб ортиқ чидолмади, узоқдан Каримни кўриб, ёнига келди.

– Юр, кечаги жойга бориб келайлик.

– Ҳалиям шуни ўйлаб юрибсанми?

– Кетдик, менинг машинамда бориб келамиз.

Карим Ражабни фикридан қайтаролмаслигини билгач, рози бўлди.

– Агар жанжал қиладиган бўлсанг, бормайман.

– Жанжаллашмайман, фақат гаплашаман, – деди Ражаб.

Улар Наимнинг уйига боришди. Ҳовли дарвозаси очиқ, Наим ҳам шу ерда турганди.

– Мана шу одам, – деди Ражаб.

Карим машинадан тушиб:

– Ака, бир минутга мумкинми? – деди.

Ражаб машинадан тушиб, уларга яқинлашди.

– Кеча дўконга борганингиз эсингиздами? Мени танидингизми? – деди у.

Наим сал нарироқдаги чойхона томон боришни айтди. Улар Карим иккови шу томонга юраверди. Ражаб машинага ўтириб, шу томонга ҳайдади. Тушаётиб, машина эшигининг чўнтагидан пичоқ олиб, белига беркитди. Бу пайтда Карим билан Наим шу ердаги ҳовузга келиб, Карим бетонга ўтирди. Наим тик турганди. Ражаб Наимни кўриб баттар ғазаби ортди.

Рашк ўти, аламу нафрат ўз кучини кўрсатди. Ражаб бориб Наимга пичоқ санчди.

– Нима қилиб қўйдинг? – бақирди Карим.

Унинг қўлидан пичоқни олиб, отиб юборди. Наим бир-икки қадам ташлади-ю йиқилди. Карим унга ёрдам беришга ошиқди, лекин унинг уйидан югуриб келаётганларни кўриб қўрқиб қолди. Ражабни машинага миндириб, кўздан ғойиб бўлди.

Наимни қариндошлари шифохонага олиб кетди. Аммо у шифохонагача етмай, йўлда жон таслим қилди.

Ражаб Каримни машинасининг олдига қўйиб, уйига келди. Бўлиб ўтган воқеани отасига айтиб берди. Отаси уни ИИБга олиб келди.

Рашк туфайли бир инсоннинг умрига зомин бўлган Ражаб суд ҳукми билан 17 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Ғолиб АБДУРАХМОНОВ,

Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи