Мaқcaдимиз биp, биpгa eнгaмиз

14:45 - 01.05.2020

5

Коронавирус пандемияси cабаб жорий қилинган карантин шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, озиқ-овқат етказиб беришнинг узлуксизлигини таъминлаш ҳамда карантин қоидаларига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилган бўлиб, бу борада прокуратура органлари томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Тегишли органлар билан ҳамкорликда унни тўғридан-тўғри сотиб олувчилар рўйхати асос­ли шакллантирилгани ҳамда аҳолига белгиланган нархда сотилиши ўрганилди. Мониторингда 72 та ҳолатда 251 т. ун тасдиқланган тартибга зид равишда ажратилгани ва қиммат сотилгани аниқланган.

Шунингдек, назорат тадбирларида 19 та корхона рўйхатга асоссиз  киритилгани, 31 нафар шахс рўйхатдан ўтмасдан ун савдоси билан  шуғуллангани, 22 та ҳолатда ун қиммат сотилгани фош этилиб, қонуний чоралар кўрилиши таъминланган.

Масалан, Бухоро шаҳрида дўкони бўлмаган оилавий корхона вилоят ҳокимлигининг тасдиқланган рўйхатига асоссиз киритилгани ва унга 20 т. ун ажратилгани аниқланиб, ушбу корхона рўйхатдан чиқарилди.

Департамент ташаббуси би­лан Фарғона вилоятида 142 та хусусий тегирмон фаолияти қайта тикланиб, кунига қўшимча 100 т. ун ишлаб чиқариш имкони яратилган.

Умуман олганда, 29 апрелга қадар 1216 та ҳолатда жами 2 млрд. сўмдан ортиқ маҳсулотлар қиммат нархларда сотилаётгани аниқланиб, олинган ва аҳолига арзон нархда сотилган. 1114 нафар шахсга маъмурий баённома расмийлаштирилган ҳамда 2 та пора олиш ва 2 та нархни асоссиз ошириш жинояти фош этилиб, қатъий чоралар кўрилган.

Аҳоли орасида асоссиз ваҳима кўтарилишининг олдини олиш мақсадида 16 562 та тарғибот тадбири ўтказилди.

Бундан ташқари, карантин қоидаларига риоя этмаслик ҳамда ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш юзасидан 16 та жиноят иши (шундан 5 таси ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш) ва 113 893 та (шундан 108 704 таси ниқоб тақмаслик, 447 таси карантинда бўлиш қоидасини бузиш, 261 таси савдо фаолиятини давом эттириш, 35 таси маросим ва йиғин ўтказиш) маъмурий иш қўзғатилди.

Автотранспортларнинг ҳаракатини чеклаш борасида махсус гуруҳлар ўтказган рейдларда карантин қоидалари бузилган 52 441 та ҳолат аниқланиб, транспорт ҳайдовчиларига нисбатан маъмурий чоралар кўрилган, 13 ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Хусусан, фуқаро А.Г. фуқаро З.Р.нинг карантин қоидасини бузгани учун жарима майдонига қўйилган автомашинасини чиқариб беришни ваъда  қилиб, 2,6 млн. сўм пул олган вақтда ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Бугун шифокорлар пандемияга қарши курашда олдинги сафда туриб, оиласи ва ҳаловатидан кечиб фидойилик кўрсатаётгани ҳар қанча эътирофга лойиқ. Бироқ шундай шароитда баъзи шифокорларнинг ўз ишига масъулиятсизлик, таъбир жоиз бўлса, виждонсизлик билан ёндашаётгани инфекция тарқалишига сабаб бўлмоқда. Мисол учун, хусусий клиника ва Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмаси ходимлари эпидемияга қарши кураш қоидаларига риоя қилмасдан, коронавирус инфекцияси белгилари билан мурожаат қилган 3 нафар фуқарога уйда даволаниш муолажаларини тавсия қилиш билан чекланиб, касаллик тарқалишига шароит яратган. Мазкур ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш, уни даволаш, дори-дармон ва тиббий жиҳоз учун ажратилган пулларнинг сарфланиши борасидаги ўрганишлар натижасида 1 та жиноят иши қўзғатилган.

Назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Фаррух Эсанов,

Бош прокуратура бошқарма прокурори