Хайрли ишлар бардавом

13:59 - 01.05.2020

0

Коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда карантин тартиби амалда бўлган бугунги шароитда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш давлатимиз олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси органлари ҳам мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор тадбирларни амалга оширмоқда.

Хусусан, Хоразм вилоятининг янги ташкил этилган Тупроққалъа туманидаги ҳарбийлар шаҳарчасида Урганч ҳарбий прокуратураси томонидан вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Ҳазорасп туман бўлими билан ҳамкорликда кўчма ярмарка ташкил этилди. Аҳоли зарур маҳсулотларни уйдан узоққа бормасдан харид қилишлари учун барча шароитлар яратиб берилди.

Ўз навбатида, ҳарбий шаҳарчанинг мунтазам дезинфекция қилиб борилиши таъминланди. Бунинг учун зарур барча куч ва транспортлар жалб қилинди.

Шунингдек, шу куни ҳарбий прокуратура ва Ҳазорасп тумани мудофаа ишлари бўлими ҳамкорлигида Тупроққалъа тумани Шарлауқ кўчасида яшовчи уруш қатнашчиси Саттор Аллаяровнинг уйига ташриф буюрилиб, унга «Улуғ ватан урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги» эсдалик юбилей медали ва совғалар топширилди.

Ҳамкорликдаги хайрли тадбирлар давом эттирилиб, кекса, ижтимоий кўмакка муҳтож, жисмоний имконияти чекланган кишиларга ёрдам бериш мақсадида ҳарбий прокуратура ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларидан иборат кўнгиллилар томонидан туманнинг Жайхун кўчасида яшовчи Санамжон Абдуллаеванинг хонадонидаги томорқа ободонлаштирилди.

Бугунги синовли кунларда амалга оширилаётган бу каби тадбирлар армия ва халқ бир тану бир жон эканини, барча давлат органлари халқ манфаати учун хизмат қилишини, ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаслигини яққол кўрсатмоқда.

Дауран Турумбаев,

Урганч ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси