Халққа хизмат қилиш – олий шараф

14:34 - 01.05.2020

3

Бугунги синовли дамларда аҳолини ижтимоий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатимиз томонидан керакли чора-тадбирлар белгиланган. Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси ва ҳудудий бўлимлар ҳам бир қатор тадбирларни амалга оширмоқда.

Ҳокимлик, прокуратура, департамент ва давлат солиқ инспекцияси ҳамкорлигида қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини шакллантириш мақсадида «Баққоллик» МЧЖ омборхоналарида марказлаштирилган база яратилди. Мазкур базадан «Халққа хизмат» шиори остида Бухоро шаҳридаги 65 та маҳаллада жойлашган 70 та дўконга арзон нархларда маҳсулот етказиб берилмоқда.

Шунингдек, туманларнинг узоқ ҳудудларида жойлашган 208 та маҳаллада кўчма ярмаркалар орқали аҳолига қарийб 64 т. картошка, 30 т. сабзи, 38 т. пиёз, 10 т. карам, 24 т. гуруч, 108 т. ун, 29220 кг. ўсимлик мойи ва 26 т. бошқа турдаги маҳсулотлар сотилди.

Ҳозирги вақтда аҳолининг нафақат озиқ-овқатга, балки дори-дармонга ҳам эҳтиёжи мавжуд. «Дори-дармон» МЧЖ билан ҳамкорликда ташкил этилган кўчма дорихоналар ҳам халқ хизматида.

Ўтган даврда кўчма дорихоналар орқали 35 мингта тиббий ниқоб, 25 минг дона спирт, 10 мингта антисептик восита ва 280 хил дори-дармон фуқароларга етказиб берилди.

Тиббий ниқоб танқислигининг олдини олиш мақсадида «Дори-дармон» МЧЖ билан ҳамкорликда вилоятдаги дорихоналарга қўшимча равишда 5000 та арзон тиббий ниқоб тарқатилди.

Дори-дармон ва тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларга 986 марта огоҳлантириш берилди. Нархнинг асоссиз оширилиши бўйича 28 та маъмурий иш юритилди.

Шунингдек, департамент ходимлари озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан 1056 марта тарғибот тадбири ўтказилди. Натижада қиммат нархда сотиш мақсадида яширинча сақлаб келинаётган 64 т. картошка ва 15 т. пиёз аниқланиб, бозорларда арзон нархда сотилиши таъминланди. Назорат тадбирларида 16 та ҳолатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қиммат нархда сотилаётгани аниқланиб, 18 млн. сўмлик маҳсулотлар вақтинча олиб қўйилди.

Аниқ фактларни айтадиган бўлсак, Зарафшон шаҳрида яшовчи фуқаро Шарипов Бухоро вилояти Ромитан туманида яшовчи Низом ва Суръат исмли шахслардан 9,5 т. картошканинг ҳар килосини 5000 сўмдан сотиб олиб, ноқонуний равишда Навоий вилоятига олиб чиқиб кетаётгани аниқланган. Ромитан туманидаги тадбиркор Саидов 10 т. картошкани қўшни вилоятларга қиммат нархда сотишни кўзлаб, Тошмачит қиш­лоғида яширинча сақлаб келаётгани аниқланган. Мазкур картошкалар Ғиждувон туман деҳқон бозори ва Бухоро шаҳар улгуржи деҳқон бозорларида фуқароларга арзон нархда сотилиши таъминланди.

Нархларни асоссиз ошириш ва сунъий танқисликни юзага келтиришнинг олдини олиш борасида ўтказилган тадбирларда иккита ҳолатда биржа савдосида ун нархи брокерлар томонидан сунъий равишда оширилгани аниқланиб, қонуний чоралар кўрилди.

Нарх-наво кескин оширилгани ҳақидаги 24 та мурожаат қонуний ҳал этилди.

Нилуфар Ахмедова,

департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси катта инспектори