Дастурхонда камлик бўлмайди

14:38 - 01.05.2020

0

Коронавирус пандемияси туфайли карантин тартиби жорий этилгач, озиқ-овқат нархининг барқарорлигини таъминлаш, унга нисбатан ажиотаж талаб вужудга келишининг олдини олиш долзарб масалага айланди.

Бу борада Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти органлари мутасадди идоралар билан ҳамкорликда қатъий чоралар кўриб келмоқда. Хусусан, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида 1-27 апрель кунлари ҳудудий прокуратура, департамент органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда 56515 та кўчма ярмарка ташкил этилиб, аҳолига жами 61343 тонна озиқ-овқат, 1,6 млн. дона кўчат, 250 млн. сўмлик уруғ, 3 млрд. сўмлик кийим-кечак ва 422 млн. сўмлик хўжалик моллари арзон нархларда сотилиши таъминланди.

Шунингдек, доимий деҳқон бозори бўлмаган ва бошқа туман марказидан савдо қилишга мажбур бўлаётган 15 та туманда истиқомат қилувчи 1,9 млн. аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш мақсадида ушбу ҳудудлардаги 541 та дўконга 247 та ишлаб чиқарувчи, 1331 та фермер ва деҳқон хўжалиги ҳамда 11289 та томорқачи бириктирилиб, 14-27 апрель кунлари 5,1 минг тонна асосий турдаги озиқ-овқатлар сотилиши ташкиллаштирилди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг тўғридан-тўғри шартномалар асосида ун етказиб беришга оид вақтинчалик тартиби ижроси назоратга олиниб, 17-27 апрель кунлари 40 минг тоннадан ортиқ ун белгиланган режа бўйича савдо нуқталарига, ижтимоий муассасаларга, қайта ишлаш корхоналарига ва қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга етказиб берилди.

Бу борада белгиланган ишлар аниқ режа асосида давом эттирилади.

Фуқароларимиздан карантин шароитида асоссиз ваҳимага тушмасликни ва уйда қолиш қоидасига қатъий амал қилишларини сўраймиз.

Исломбек Каримжанов,

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг

бўлим катта инспектори