«Даладан дастурхонга» тамойилининг афзаллиги нимада?

14:42 - 01.05.2020

94

Бош прокуратура аҳоли томонидан ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан қандай таъминланаётгани таҳлил қилинди. Аниқланишича, республикада озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари асосан фермер ва деҳқон хўжаликларида, тадбиркорлар ҳамда аҳоли томорқаларида  етиштирилмоқда. Бироқ уларни истеъмолчиларга арзон ва сифатли етказиб бериш бўйича самарали тизим шаклланмаган.

Хусусан, деҳқонлар ўзлари етиштирган маҳсулотларни аксарият ҳолларда марказий деҳқон бозорларидаги олибсотарларга улгуржи нархларда нақд  пулга сотмоқда. Бевосита фуқароларга маҳсулот сотиш билан шуғулланувчи дўкон эгалари эса ушбу маҳсулотларни олибсотарлардан ўртача 20-30 фоиз устама билан харид қилишга мажбур бўлаяпти.

Ўз навбатида, дўкон эгалари ҳам ўз даромади ва харажатларидан келиб  чиқиб,  маҳсулотларни сотишда 10-20 фоиз устама қўймоқда. Оқибатда аҳоли учун қулай ҳисобланган дўконларда маҳсулот тақчиллиги ва нархларнинг асоссиз равишда қимматлашиши кузатилаётир.

Масалан, Қибрай тумани «Ўнқўрғон» МФЙда яшовчи Ғ.Эргашев ўзининг 7 сўтих томорқасида етиштирган помидорини Тошкент шаҳридаги «Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори»да (транспорт ва бошқа харажатлари билан) килосини 10 минг сўмдан сотиб келган. Ўз навбатида, «Динора-Мубина» МЧЖ раҳбари Х.Икромов ушбу маҳсулотни олибсотардан килосини 11 минг сўмдан сотиб олиб, айнан шу маҳалладаги дўкони орқали 13-15 минг сўмдан қайта сотган.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан юқоридаги мисолда келтирилган ҳолат бўйича эксперимент ўтказилиб, «даладан дастурхонга» тамойили асосида иш ташкил этилди.

«Динора-Мубина» МЧЖ Ғ.Эргашевдан воситачиларсиз маҳсулот олиши ташкил этилгани натижасида ортиқча харажатлар қисқариб, помидор  нархи (8 минг сўмга) арзонлашишига эришилди.

Шунингдек, етказиб берилган маҳсулот учун тўловни Ғ.Эргашевнинг пластик картасига ўтказиш орқали нақд пулнинг банкдан ташқари айланишига ҳам чек қўйилди.

Айни ушбу амалиёт республика бўйича эксперимент тариқасида 27 та дўконда ҳам жорий этилиб, уларга маҳсулотларни тўғридан-тўғри етказиб берувчи 515 нафар томорқа ер эгаси бириктирилди. Натижада дўконлардаги кунлик савдо айланмаси олдингига нисбатан 59,1 млн. сўмга, йиллик савдо эса 21,3 млрд. сўмга ортиб, бюджетга 1,3 млрд. сўм қўшимча солиқ ҳисобланиши кутилмоқда.

Энг асосийси, эксперимент натижаси ишни «даладан дастурхонга» тамойили асосида ташкил этиш орқали маҳсулотлар нархини камида 30 фоиз камайтириш мумкинлигини кўрсатди.

Ушбу амалиётни республикадаги 47 мингдан ортиқ озиқ-овқат дўконида жорий этиш бир йилда 37,5 трлн. сўм банкдан ташқари айланишининг олдини олиш, бюджетга қўшимча 1,1 трлн. сўм солиқ  ундириш  имконини  беради.

Ушбу механизмнинг иқтисодий ва ижтимоий самарадорлигини Бухоро тумани мисолидаги таҳлил ҳам яққол кўрсатмоқда.

Аниқланишича, Бухоро тумани ҳокимлиги томонидан 25,5 минг нафар аҳоли ихтиёридаги 4310 гектар томорқадан 390 гектарига картошка, 220 гектарига сабзи, 275 гектарига пиёз, 639 гектарига помидор ва 107 гектарига бодринг экиш бўйича прогноз параметрлари тасдиқланган. Ушбу ерларга экинларни тўлиқ экиш ва сотувини юқоридаги механизм асосида ташкил этиш натижасида:

– етиштирувчиларнинг эҳтиёжидан ортган маҳсулотларни (тахминан 1,1 минг тонна картошка, 1,4 минг тонна сабзи, 560 тонна пиёз, 14,9 минг тонна помидор) бошқа ҳудудларда арзон нархларда сотиш;

– иқтисодиётнинг яширин секторидаги 194 млрд. сўм пулнинг банк орқали айланишини таъминлаш;

– бюджетга қўшимча 20-30 млрд. сўм пул ундириш (дўконлардаги товар айланмасининг 10-15 фоизи миқдорида солиқ тўланиши натижасида);

– 25,5 минг кишини расмий иш билан таъминлаш (томорқа эгаларини деҳқон хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтказиш орқали);

– яратиладиган иш ўринлари ҳисобидан бир йилда бюджетга қўшимча 5,7 млрд. сўм пул ундириш (амалдаги қонунчилик бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида пенсия бадали ҳисобидан) имконияти яратилади.

Баён этилганларга кўра республика бўйича фермер, деҳқон хўжаликлари ва шахсий томорқаларда етиштирилаётган маҳсулотларни дўконларга «даладан дастурхонга» тамойили асосида етказиб беришни жорий этишни таклиф қилган ҳолда Бош вазирга ахборот юборилди.

Заҳриддин Ҳазратқулов,

Бош прокуратура бошқарма

катта прокурори