Балиқчилик ривожланмоқда

14:04 - 01.05.2020

6

2018 йилда Бош прокуратура таркибида Мўйноқ туманини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ташкил этилган эди. Бугунги кунга келиб, бошқарма томонидан давлатимиз раҳбарининг Мўйноқ туманини ривожлантиришга оид топшириқ ва вазифалари бажарилишини таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, Мўйноқ туманида ўтган икки йил мобайнида кўп ишлар қилинди. Биргина балиқчилик бўйича гапирадиган бўлсак, туманда 65 минг гектарлик 28 та табиий сув ҳавзаси мавжуд бўлиб, шундан 24 таси «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси томонидан 9 та балиқчилик хўжалигига шартнома асосида 10 йил муддатга берилиши таъминланди.

Бундан ташқари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари ҳамда «Ўзгип» МЧЖ мутахассисларини жалб қилган ҳолда тумандаги эски консерва заводининг балиқ етиштиришга ихтисослашган ҳовузларига сув етказиб бериш йўллари ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, консерва заводи ёрдамчи хўжалигининг умумий майдони 1400 гектар бўлиб, шундан 800 гектарида балиқ етиштиришга ихтисослашган ҳовузлар ташкил этилган.

1995 йилдан буён ҳовузга сув етиб бормагани сабабли ариқлар кўмилиб кетган. Шу боис бугунги кунда ушбу ҳовузга сув олиб келиш учун 13,7 км. узунликда ариқ қазиш, янгидан сув насоси ва трансформаторлар қуриш бўйича 1 млрд. 200 млн. сўмлик лойиҳа ишлаб чиқилиб, «Қўнғирот мелиоратор» МЧЖ томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Айни кунларда ариқ қазиб бўлинди. Балиқчилик хўжалиги ташкил этиш мақсадида 10 нафар фуқаро томонидан тадбиркорлик субъектлари ташкил этилаяпти. Энг асосийси эса бу ишлар натижасида туманда яшовчи 50 нафар ёшнинг бандлиги таъминланади.

Қаржаўбай БЕКТУРГАНОВ,
Бош прокуратуранинг Мўйноқ туманини ривожлантиришда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси катта прокурори