Автокредит шайдоси

14:10 - 01.05.2020

16

Ислом Шарипов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) оиласини тадбиркорлик ортидан боқиб келарди. 2017 йилда фаолиятини кенгайтириш мақсадида «Шодлик текстил» МЧЖга асос солди. Ўшанда нияти нима эди, билмадик, аммо вақти келиб унинг кирдикорлари ошкор бўлгач, бошиданоқ бир шумликни кўнглига тугган экан деган хаёлга боради киши.

Ислом Шарипов 2017 йил ноябрь ойи ўрталарида «Туронбанк»нинг Наманган вилояти филиали билан йиллик 25 фоиз устама тўлаш эвазига 24 ой муддатга автокредит олиш бўйича шартнома тузишга эришади. Шу тариқа 102282050 сўмлик битта «Ласетти» автомашинасининг бошланғич бадалини шакллантиради. Банк эса автосалонга 71500000 сўм пул ўтказиб беради.

Шартномага кўра машина салондан олиб чиқилгач, гаровга қўйилиши керак эди. Афсуски, И.Шарипов бу амалиётни четлаб ўтади. «Машинани фирма номига олганман. Ҳозир янги. Ҳужжатлаштириш ишларини ёшига етганидан кейин қилиб бераман» деган алдов билан фуқаро К.Маҳмудовнинг ишончига кириб, «Ласетти»ни унга 11500 АҚШ долларига сотиб юборади. Бу билан банкнинг тўланмай қолган 66231 600 сўм кредитини талон-торож қилади ҳамда К.Маҳмудовнинг 95194035 сўм пулини фирибгарлик билан эгаллаб олади.

Осон топилган луқма ёқиб қолади шекилли, И.Шарипов 2018 йил 5 февралда яна бир МЧЖ – «Лидер саноат»ни ташкил этади. Раҳбар сифатида «Халқ банки»нинг Косонсой тумани филиалига учраб, йиллик 24 фоиз устама тўлаш шарти билан 36 ой муддатга иккита «Ласетти» автомашинаси сотиб олиш бўйича шартнома имзолайди ва 145,6 млн. сўм кредит ажратилишига эришади. Яна ўша сценарий такрорланади. Автомашиналар ҳеч қандай гаровга қўйилмайди. 2018 йил март ойида бири 12500 долларга, иккинчиси 12900 долларга сотиб юборилади. Яна банк 145,6 млн. сўмга, Р.Маматов 101750750 сўмга, В.Валиев эса 104425371 сўмга куйиб қолаверади.

И.Шарипов жиноий қилмишини давом эттириб, 2018 йил апрель ойида «Элегант автотех» номли яна бир МЧЖ ташкил этади. Бу сафар кредит эвазига «Нексия-3» русумли иккита автомашина олади. Орадан бир ой ўтар-ўтмас уларнинг ҳар бирини 9700 доллардан пуллаб юборади. Албатта, автомашиналар гаровга қўйилмайди. Кейинроқ расмийлаштириб бериш ваъда қилинади.

Текин бўлса типратиканни ҳам ютишга шай И.Шарипов фирибгарлик борасида шу қадар устомон бўлиб кетадики, энди бу ишда укаси билан биргаликда ташкил этган «Абдулвоҳид савдо сервис» МЧЖдан фойдаланишга тушади. Мазкур жамият номига «Миллийбанк»нинг Чортоқ тумани филиали билан йиллик 18 фоиз устама тўлаш шарти эвазига 36 ой муддатга кредит расмийлаштириб, тўртта «Ласетти» автомашинаси олади. Улар ҳам сотиб юборилади.

И.Шарипов орадан кўп фурсат ўтмай «Файз соф сервис» номли яна бир МЧЖ таъсис этади. Жамият номига автокредит эвазига иккита «Ласетти» олади ва уларни ҳам сотиб пулини киссага уради.

Бироқ бузоқнинг югургани сомонхонагача деганларидек, бундай фирибгарликнинг оқибати аниқ эди. Банклар ва фуқароларни алдаб, ишончини суиистеъмол қилган, уларнинг пулини фирибгарлик билан қўлга киритган И.Шарипов суд ҳукми билан жиноий жавобгарликка тортилди.

Одамнинг қалби тоза бўлса, бундай номаъқул ишга қўл урмайди. Яратганнинг ўзи ҳеч кимни тўғри йўлдан тойдирмасин!

Сардорбек МАДРАҲИМОВ,

Наманган шаҳар прокуратураси катта терговчиси