Соғлом оила – соғлом жамият асоси

09:03 - 24.04.2020

459

Ҳар бир шахс оилада камолга етади. Унинг келажакда қандай инсон бўлиб етишиши шу оиладаги муҳитга боғлиқ. Шунинг учун мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, жамият фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Айримлар муносабатларга путур етиб, оила парокандалик ёқасига бориб қолганидан кейингина уни сақлаб қолиш чорасини излай бошлайди. Оилавий муносабатларга дарз кетган аксарият ҳолатлар таҳлил қилинганда бунга эркак ҳам, аёл ҳам ўз вазифасини тўлиқ англамаслиги, зиммасидаги масъулиятни ҳис қилмаслиги сабаб бўлгани аён бўлади.

Эр ва аёлнинг бир-бирини тушуниб яшаши, оғир кунларда қўллаб-қувватлаши, қувончини баҳам кўриши, ота-оналарга ҳурмат кўрсатиш, фарзандларни тўғри тарбиялаш, биргаликда қарор қабул қилиш ва бошқа қатор омиллар оила мустаҳкамлигини таъминлайди.

Оила «Сенга уйланганимдан уйланмаганим яхши эди», «Эркак ҳам шундай ношуд бўладими?» қабилидаги маломатлардан дарз кетади. Демак, оила бошлиғи ҳам, бекаси ҳам тарбияли, билимли, мулоҳазали бўлиши шарт. Таҳлиллар  шуни  кўрсатадики,  жиноятга  қўл  ураётган  болалар асосан нотинч  оилаларда вояга етмоқда.

Хўш, оила барқарор бўлиши, фарзандларга тўғри тарбия бериш учун нималарга эътибор қаратиш керак?

Аввало оила аъзоларининг вақтини тўғри тақсимлаш зарур. Ота-она китобга меҳр қўйса, болалар ҳам китоб ўқишга одатланади. Китоб эса инсонга сабр-тоқатни ўргатади. Мулоқот маданиятини шакллантиради.

Тан олиш керакки, бугун оилаларда самимий мулоқот камайгандек. Ҳар ким ўзи билан овора. Ҳар кимнинг қўлида телефон. Фарзандларимиз бирон савол билан мурожаат қилса, энсамиз қотади. Унга маслаҳат беришдан кўра бирон ошнамиз билан телефонда гаплашишни, виртуал оламда дайдишни афзал биламиз.

Назаримда, бугунги синовли кунлар оилаларда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, фарзандларни тўғри тарбиялаш учун берилган имкониятдир. Ундан самарали фойдаланишимиз шарт. Вақтни фақат сериал томоша қилиш ёки ижтимоий тармоқлардаги ғийбатлардан хабардор бўлиш билан ўтказмасдан, бир-биримизни тингласак, фарзандлар тарбияси билан шуғуллансак айни муддао.

Болангиз онлайн дарсларда фаол қатнашаяптими? Унда бирон иқтидор учқунини сездингизми? Вақтимизни ана шу иқтидорни ривожлантиришга сарфлайлик. Нафақат болалар, катталар ҳам бирон янги ҳунар ёки хорижий тилни ўрганиши, бадиий китоблар ўқиши, оилада турли викториналар, ўйинлар ташкил қилиш орқали ҳам вақтни чоғ ўтказиш, ҳам оилани мустаҳкамлаш мумкин. Шуни ёдда тутайликки, оиланинг фаровонлиги хонадондаги катта-ю кичикнинг ҳаракатларига, муносабатларига бирдай боғлиқ.

Инсон ёлғизликда бахт ва ҳаловат тополмайди. Бу – ҳаётнинг исбот талаб қилмайдиган ҳақиқати. Қолаверса, машойихлар инсон оиласида бахтли бўлмаса, ҳеч қаерда бахтли бўлмайди дейдилар. Шундай экан, ҳар бир оила бахтли турмуш кечиришига эришиш доим долзарб аҳамият касб этаверади.

Ойбек ЖУМАНИЁЗОВ,

«Huquq»