Kимнинг қaндaйлиги эл бoшигa иш тyшгaндa билинaди

09:24 - 24.04.2020

1

Коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий буюмларларнинг узлуксизлиги ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш прокуратура органларининг бугунги кундаги асосий вазифасига айланган.

Бу борада 1-21 апрель кунлари Бош прокуратура,  вилоятлар,  туман ва шаҳар  прокуратураларида  ташкил  этилган гуруҳлар, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва бошқа идоралар ҳамкорлигида 39 251 та кўчма ярмарка ташкил этилиб, аҳолига 41 457 тонна озиқ-овқат арзон нархларда сотилди.

Олис ҳамда аҳоли зич яшайдиган маҳаллалардаги фуқароларга махсус  жиҳозланган 127 та кўчма дорихона орқали 1 млрд. 135 млн. сўмлик дори-дармон сотилиши таъминланди.

Кимнинг қандайлиги эл бошига иш тушганда билинади. Мана шундай синовли кунларда баъзи мансабдорлар масъулиятсизликка йўл қўяётган бўлса, айримлари ўз нафслари йўлида фойдаланиб қолишни ўйламоқда. Мисол учун, Кармана туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун 2020 йил 19 апрелда олиб келинган 8 турдаги озиқ-овқатлар тарқатилмасдан келинаётгани аниқланиб, вилоят прокуратураси томонидан туман ҳокими ўринбосари Ш.И.га нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, маҳсулотларнинг тарқатилиши таъминланган.

Шўрчи туманидаги МФЙлардан бирининг раиси С.Ғ. эса корхона раҳбари Ж.Б. билан тил бириктириб, карантин даврида жорий этилган имтиёздан фойдаланиб, тўғридан-тўғри шартнома орқали харид қилинган уннинг ҳар қопини 140 минг сўм ўрнига 155 минг сўмдан сотиб, ҳар бир қоп учун чўтал олган.

Ҳолат юзасидан Шўрчи тумани прокурори томонидан маҳалла раисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Департамент, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ун, ўсимлик мойи, шакар ва қолипли нон нархи асоссиз ошишининг олдини олиш мақсадида биржа савдолари устидан кучайтирилган назорат ўрнатилди.

Масалан, 21 апрель куни Қўштепа тумани ҳокимлиги унни қайта ишлаб чиқариш ускуналари бўлмаган ва фаолият кўрсатмаётган «Умид Сардор Дониёр» МЧЖ ва «Қумтепа Қўштепа иссиқ нон» хусусий корхонасини биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри ун сотиб олувчилар рўйхатига асоссиз киритгани аниқланиб, уларга 17 тонна ун етказиб берилишининг олди олинди.

Ўтган даврда шакарнинг нархи 90,6 сўмга (5269 сўм), пахта мойининг нархи 724 сўмга (9024,5 сўм) арзонлаштирилиши таъминланди.

2020 йил 17 мартдан 22 апрелга қадар департамент ва ДСҚ томонидан 1144 та ҳолатда жами 2 млрд. сўмдан ортиқ маҳсулотлар қиммат нархда сотилаётгани аниқланиб, олиб қўйилди ва аҳолига арзон нархда сотилиб, 1038 нафар шахсга маъмурий баённома расмийлаштирилди. Битта пора олиш ва иккита нархни асоссиз ошириш жинояти фош этилиб, қатъий чора кўрилди.

Аҳоли орасида асоссиз ваҳима кўтарилишининг олдини олиш мақсадида карантин чекловларини бузганлик ва касаллик ўчоғига борганлик ҳамда беморлар билан мулоқотда бўлганлик ҳақидаги маълумотларни яширганлик учун жиноий жавобгарлик мавжудлиги ҳақида 11581 та тарғибот тадбири ўтказилди.

Асоссиз ваҳима тарқатиш ҳолатлари бўйича 5 та жиноят иши ва 10 та маъмурий иш қўзғатилган.

Бундан ташқари, карантин қоидаларига риоя этмаслик ва ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш ҳолатлари юзасидан 2020 йил 22 апрелгача 15 та жиноят иши ва 89 521 та маъмурий иш қўзғатилган. Масалан, фуқаро Д.Қ. Марғилон шаҳридаги деҳқон бозори ёнида ИИБ ходими Т.Ш.нинг жамоат жойида ниқоб тақиб юриш ҳақидаги кўрсатмасига бўйсунмасдан, уни уриб жароҳат етказган. Ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Автотранспортларнинг ҳаракатини чеклаш борасида махсус гуруҳлар ўтказган рейдлар давомида карантин қоидаси бузилган 43 057 та ҳолат аниқланиб, транспорт ҳайдовчисига нисбатан маъмурий чора кўрилган, 10 та жиноят иши қўзғатилган. Масалан, 2019 йил 15 февралдан буён фаолият  кўрсатмаётган «Шер-Камол Навоий» хусусий корхонаси раҳбари М.О. 6 нафар фуқарога корхонада ишлаши ҳақида сохта буйруқ расмийлаштириб, картантин қоидаларини бузган ҳолда уларга тегишли автомашиналарга махсус рухсатнома олинишига эришган. Ҳолат юзасидан Навоий вилояти прокуратураси томонидан М.О.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Тошкент шаҳридаги «Asilbek savdo», «Bexdir», «Hilola», «Shuhratli va qudratli», «Maks-El savdo», «Beshog‘och savdo», «Zem Madzar», «Nur Nazar biznes», «Melange trade» ва «Elit farm organic» МЧЖлар мансабдорлари жамиятларда ишламаган        18 кишини автомашинада ҳаракатланиш ҳуқуқини берувчи махсус рухсатнома олиш учун ишга қабул қилиш ҳақида буйруқ расмийлаштириб, махсус рухсатнома олишга эришган. Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани прокуратураси томонидан юқорида қайд этилган жамиятларнинг мансабдорлари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Булардан ташқари, Давлат хизматлари марказлари томонидан асоссиз рухсатномалар бериш ҳолатлари ҳам маълум бўлди. Жумладан, прокуратура органлари томонидан Навоий шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан 50 та, Фарғона шаҳар Давлат хизматлари марказида 67 та ҳолатда, Бухоро  шаҳар  Давлат  хизматлари  маркази  томонидан берилган 21 та ҳолатда автотранспорт воситаларига асоссиз рухсатнома берилгани аниқланиб, барча рухсатномаларнинг бекор қилиниши таъминланди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш, даволаш, дори-дармон ва тиббий жиҳоз ҳамда бошқалар учун ажратилган маблағнинг сарфланиши ҳам ўрганиб борилмоқда. Мисол учун, Қуйичирчиқ тумани тиббиёт бирлашмаси мансабдорлари коронавирус инфекциясининг олдини олишда зарур бўлган   5,5 млн. сўмлик 10 дона теплотермометрни ўзлаштиргани аниқланган. Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан бирлашма мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Парда Нарзиев,

Бош прокуратура бошқарма

катта прокурори