Қaбoҳaт

09:09 - 24.04.2020

2

Ўғил она учун доим бола бўлиб қолаверар экан. Озод салкам қирқ ёшни қоралаб қолган бўлса-да, Санобар опа уни ҳануз назоратда ушлайди, ишдан озгина кечикса ҳам дарҳол тергашни бошлайди. Айниқса, сўнгги пайтларда ўғлининг ўзидан анча катта Равшан деган кимса билан ош-қатиқ бўлиб қолгани уни хавотирга сола бошлаган эди.

Бу ҳақда гапирса, Озод кулимсираганча «Равшан ака яқиним. Хотиржам бўлинг, она» дея тинчлантиришга ҳаракат қиларди. Лекин кеча ўша Равшан акаси ундан қарз сўраётганини эшитгач чидаёлмади.

– Болам, беш минг доллар кичкина пулми? Бу Равшан аканг қанақа одам ўзи? Нима қилар экан шунча пулни?

– Эй, онажон-а! Керак бўлгандир, сўраяпти. Хавотир олманг, ишончли одам. Қайтариб беради.

– Майли, болам, ўзинг биласан…

Ўша куни ўғли «дўконга чиқиб келамиз» дея қизчасини олиб чиқиб кетди. Кўп ўтмай қайтиб келишди ва Озод боласини уйда қолдириб, ўзи яна кўчага отланди. Кечки пайт қўнғироқ қилиб, чойхонага кетаётгани, кечроқ қайтмоқчи эканини айтди.

Аммо Озод шу куни уйга қайтмади. Тонг отгач, ўғли келмаганини билган она яна хавотирга тушди. Ишхонасига телефон қилиб, ишга келмаганини эшитгач эса хавотири янада кучайди. Кўчага чиқди, уйга кирди, юраги ҳапқириб кетаверди. Охири чидаёлмай туман ички ишлар идорасига йўл олди. Ўғли кеча «Спарк» автомашинасида чиқиб кетиб, қайтиб келмаганини, уни топишда ёрдам беришларини сўраб ариза ёзди. Кейин набирасини етаклаб, маҳалладаги дўконга борди. У ердан ўғли қизчаси билан киргани, Равшан билан гаплашганини эшитгач, шу заҳоти Равшаннинг телефон рақамини олиб, унга қўнғироқ қилди. «Озод билан дўконда кўришдик. У қизчасига кола, мен эса шоколад олиб бердик. Кейин у билан хайрлашдик», – дея Равшан гапни қисқа қилди.

Шундан кейин ички ишлар ходимлари уйга келишди, сўраб-суриштириб, уйни кўздан кечириб кетишди. Сўнг Санобар опа яна Равшанга телефон қилди. «Ўғлим бирор жойга бориши ҳақида айт­маганмиди?» деб сўраган эди, Равшан уйда таъмирлаш ишлари билан шуғулланишини айтганини баён қилди.

Орадан бир ҳафтача ўтгач, она ўғлининг жасади Зангиота туманидан топилганини эшитди-ю, ҳуши бошидан учаёзди…

* * *

1964 йили Тошкент вилоятида туғилган Равшан Эшоновнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам икки марта судланган бўлса-да, тавба қилмади. Аксинча, бу сафар ўта оғир жиноятга қўл урди. Бу жиноятда унга 1966 йилда Тошкентда туғилган эски таниши, ўзи каби икки марта суднинг қора курсисига ўтиришга улгурган Ботир Акрамов маълум маънода ёрдам берди.

Ҳаммаси маҳалладоши Озоднинг ота-онаси ажралиши-ю, ўртада уларнинг мулки бўлиниб, Озодга ҳам онаси орқали анча-мунча пул текканини эшитганидан бошланди. Нафси ҳакалак отиб, қандай бўлмасин бу пулга эгалик қилиш режасини туза бошлади. Ўйлай-ўйлай, охири Озоддан қарзга пул сўрашни, кейин эса йўлини қилиб пулни қайтармасликни дилига тугди. «Одамга алам қиларкан. Ҳе йўқ, бе йўқ, Озод осмондан тушгандек шунча пулга эга бўларканми? Ундан пулни олсам бўлди, кейин бир гап бўлар… Агар ғиди-биди қилаверса, ўзидан кўрсин!». У шу хаёллар билан Озодга учрашиб, ундан “бизнеси”ни йўлга қўйиш учун 5 минг АҚШ доллари қарз сўради. Озод онаси билан маслаҳатлашиши кераклигини айтганида эса жаҳли чиқса-да, ўзини босди.

Кўп ўтмай қизчасини етаклаб олган Озод билан маҳалладаги дўконда учрашиб қолди-да, илтимосини яна эслатди. Майда-чуйда харид қилган Озод ҳозир қизчасини уйга ташлаб, кечки пайт учрашиб, гаплашиб олишларини айтиб чиқиб кетди.

Улар шу куни соат 22:00 ларда яна учрашишди. Озод машинасини бир четга қўйиб, ўзи Р.Эшоновнинг «Нексия»сига ўтирди. «Ака, ҳозирча шуни олиб туринг. Қолганини ҳам тез кунда қилиб бераман. Айтмоқчи, санаб олинг-а!» деди-да, унга 4 АҚШ минг долларини узатди. Режаси ўйлаганидек амалга ошаётганидан мамнун бўлган Равшан пулни мароқ билан санаб олгач, чўнтагига солиб, Озодга юзланди.

– Энди, укам, гап бундай. Мени роса хурсанд қилдинг. Шу сабабли бир эримасам, кўнглим жойига тушмайди. Нима дединг? Ҳа, баракалла! Сен машинангни шу ерда қолдирасан, меникида кетамиз. Фермага бориб, ака-ука бир отамлашамиз.

Озод унинг гапи билан машинасини қулфлаб, унинг ёнига ўтирди. Йўл-йўлакай дўконга кириб, икки шиша ароқ, тўрт шиша пиво билан егуликлар харид қилишди. Ярим соатга қолмай манзилга етиб келишди. Бўш хонага жойлашишгач, маишат бошланди. Кўп ўтмай шишадаги ароқнинг таги кўриниб, иккинчисини очишди. Бироздан кейин ароқлар ҳам, пиволар ҳам тугади. Равшан ўрнидан турди, ҳозир келишини айтиб, ташқарига чиқди. Машинасини очиб, ароқ билан апельсин шарбатини олди.

Айтмоқчи, ушбу маишатдан уч-тўрт кун олдин Равшан ўйлаб қўйган режасига кўра «Қўйлиқ» деҳқон бозори ёнида нотаниш одамдан тўрт дона уйқу дори сотиб олган, ортга қайтишда эса бир шиша ароқ билан шарбат ҳам харид қилиб, машинасига ташлаб қўйган эди. Хуллас, у дориларни майдалаб, шарбатга қўшиб, яхшилаб чайқатди. Аралашганига ишонч ҳосил қилгач, ичкарига йўл олди. Бу пайтда аралаш ичилган ароқ билан пиво ўз кучини кўрсатган, Озод анча маст бўлиб қолган эди.

Равшан битта пиёлага ароқдан қуйиб, унга узатди. Газагига дори қўшилган шарбатни тутди. Кейин яна бир пиёла шарбат ичирди. Озод «ўчиб» қолганига ишонч ҳосил қилгач, ташқарига чиқиб атрофни кузатди. Кейин машинасини ўзлари ўтирган хона ёнигача ҳайдаб келди. Озодни бир амаллаб олиб чиқиб, ўриндиққа ётқизди. Стол устида ётган «Спарк»нинг калити билан бўш қоп олишни ҳам унутмади.

Катта кўчага чиққач, рулни эски таниши Ботирнинг уйи томон бурди. Бемаҳал уйғотишганидан норози бўлган Ботир уни кўргач, тинчланди. Гап нима ҳақда кетаётганини билганидан сўнг эса жиддий тортди. Равшан унга Сергелидаги уйлардан олмоқчи бўлиб юрганини билишини, агар Озоддан қутулишга ёрдам берса, уйнинг биринчи бадалини тўлаб беришини айтган эди. Ботир ундан нима қилмоқчилигини сўради. Каналга чўктирмоқчилигини эшитгач, кўнмади. Жасад тезда сув устига чиқиб қолишини, яхшиси кўмиб ташлаш эканлигини айтди. Бу Равшанга ҳам маъқул келди.

– Бўлмаса, тез уйингдан белкурак билан кетмон олиб чиқ…

Ярим тун. Зангиота туманидан ўтган катта трасса бўйлаб кетаётган «Нексия» бироздан кейин ўнгга бурилди. Икки-уч километр юришгач, йўл четида уюлган тупроқни кўриб, Равшан машинани тўхтатди. Икковлон Озодни кўмиш учун жой ахтаришга киришишди. Бир маҳал асфальт йўлнинг пастки қисмидан ўтган, оғзи ярмигача ёпиқ катта темир-бетон қувурни кўриб қолишди. Машинадан белкурак билан кетмонни олиб, шоша-пиша қувурнинг оғзини очишга киришиб кетишди. Одам сиғадиган ҳолатга келганига ишонч ҳосил қилишгач, Равшаннинг буйруғи билан Ботир Озодни қувур олдига кўтариб келди. Озоднинг ҳали ҳам нафас олаётганини билган Равшан инсонийликни унутди. Ердан каттагина тош олиб, ўзини билмай ётган йигитнинг бошига бир неча марта туширди. Унгача Ботир машинадан қопни олиб келган эди, қопни Озоднинг бошига кийгазиб, қувурга жойлаштиришди ва оғзини тош ҳамда тупроқ билан беркитиб ташлашди.

Ишни битиргач, Равшан машинани бошқаришни Ботирга топширди. «Спарк»ни қолдириб кетишган жойга келганда Равшан «Машинада уйингга кетавер. Кейин ўзим олиб кетаман» деган эди, Ботир кўнмади. «Яхшиси автомашиналарга газ қуйиш шохобчаси ёнида калити билан қолдириб кетаман. Видеокамераси бор» дегандан кейин рози бўлди. Ботир унинг машинасини ҳайдаб кетгач, ўзи ёнидаги пульт билан «Спарк»нинг эшигини очди. Салондан Озоднинг фуқаролик паспорти билан хизмат гувоҳномасини, пластик картасини, машинанинг ҳужжатларини ҳамда 100 АҚШ долларини олиб, ёнига солди. Иккита телефон аппаратини эса яқин жойдаги дарахт тагига кўмиб қўйди. Кейин машинани ҳайдаб, Янгийўл туманига – қайнонасиникига йўл олди. Бахтига дарвоза очиқ экан, ҳовлигача кириб борди. Уйқусираб чиққан қайноғасига машина бир оғайнисиники эканлиги, бензини тугаб қолганини, вақтинча қолдириб кетмоқчилигини айтиб, илтимос қилди. Хайрлашиб кетаётганида машинанинг давлат рақамларини ечиб, кесиб ташлашни, салондаги ҳужжатларни ёқиб ташлашни буюрди. Қайноғаси эса нега бундай қилиши кераклигини сўраб ҳам ўтирмади.

Равшан Эшонов йўловчи машина ушлаб, телефонларни кўмиб қўйган жойига етиб келди. Озоднинг ҳужжатларини яқин жойдан оқиб ўтаётган каналга ташлаб юборди. Телефонларни кўмиб қўйган жойидан қазиб олди. Аввалига уларни ўзи ишлатмоқчи эди, тўсатдан фикридан қайтди. «Қўйлиқ» бозоригача машина тўхтатди. У ерда Чирчиқ дарёсига телефонларни улоқтирди. Яна машина ушлаб, ўзининг «Нексия»си қолдириб кетилган жойга қайтди. Машинасига ўтириб, уйига келди-да, ҳеч нарса бўлмагандек ётиб ухлади.

* * *

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан нафсининг қутқусига учиб, ўзидан салкам йигирма ёш кичик инсоннинг умрига зомин бўлган Равшан Эшоновга 20 йил, унинг қабиҳ жиноятига шерик бўлган ҳамтовоғи Ботир Акрамовга эса 17 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Фурқат САТТОРОВ,

Бош прокуратура бошқарма бошлиғининг ўринбосари

Ғофуржон АЛИМОВ,

«Huquq»