Фуқapoлapни ҳapбий xизмaтгa чaқиpиш тapтиби тaлoмиллaштиpилди

07:14 - 20.03.2020

0

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 6 март куни «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарорга асосан чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга чақиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, номзодларга қўшин турларини танлаш имкониятини яратиш, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматга чақириш жараёнидаги бир-бирини так­рорловчи тадбирларни истисно этиш мақсадида фуқароларни ҳарбий хизматга чақириш тартибини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари  белгиланди.

Хусусан, Қуролли кучларни ҳар томонлама етук чақирилувчилар билан бутлаш, уларнинг онгида миллий ғурур, она юртга садоқат, ватанпарварлик ва миллатпарварлик туйғусини кучайтириш, ҳарбий хизматга чақириш тизимини оптималлаштириш, чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказишда бир-бирини такрорловчи босқичларни соддалаштириш, чуқурлаштирилган тиббий кўрикни ҳарбий округ госпиталлари мутахассислари томонидан ўтказиш белгиланди.

Бундан буён мазкур қарор билан тасдиқланган «Фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматларга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш бўйича комиссиялар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги низомга кўра ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлари чақирилувчиларни ҳарбий хизматга чақиришга умумий раҳбарлик қилади, шунингдек раҳбарият кенгаши, ҳарбий-тиббий комиссия, бутлаш комиссияси, ҳудудий комиссия ва ҳудудий тиббий комиссияларнинг самарали фаолият юритиши учун шахсан масъулдир.

Энди ҳар йили туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари ҳузуридаги тиббий комиссиялар 15 февралдан 30 апрелгача, туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари ҳузуридаги бутлаш комиссиялари 15 февралдан 30 апрелгача, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар йиғиш пунктларида ҳарбий тиббий комиссиялар 20 февралдан 30 апрелгача, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги раҳбарият кенгаши 20 февралдан 30 апрелгача, туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар 1 мартдан 30 апрелгача фаолият юритади.

Фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш бўйича комиссиялар аъзоларининг (контракт бўйича ҳарбий хизматчилар бундан мустасно) доимий иш жойи (лавозими) ва ўртача ойлик иш ҳақи улар мазкур низомда белгиланган мажбуриятини бажарадиган бутун давр мобайнида сақлаб қолинади.

Бутлаш комиссияси, ҳарбий-тиббий комиссия ҳамда ҳудудий тиббий комиссия қарори ва хулосасидан норози бўлган чақирилувчилар ва уларнинг ота-оналари раҳбарият кенгашига, шунингдек белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.

Мазкур низом талабларини бузган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Баходир Худойбердиев,

Ўзбекистон Республикаси ҳарбий

прокурорининг биринчи ўринбосари