«Bиждoнимгa қapши бopoлмaймaн!»

07:24 - 20.03.2020

0

А.Халмухамедовнинг набираси Беҳруз ҳам боболари каби ҳуқуқшунос бўлишни ният қилган.

Прокуратура фахрийси Аресланбек Халмухамедовнинг айтишича, мазкур соҳани танлашига отасининг таъсири кучли бўлган. Фидокорона ва ҳалол меҳнати туфайли хизмат пиллапояларидан тез кўтарилган Мариф Халмухамедов 31 ёшида Бухоро вилояти прокурорлигига тайинланади.

Орадан 7 йил ўтиб, 1963 йилда эса 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси унвони билан тақдирланади. Мариф акани генерал мундирида кўргандаёқ 11 ёшли Аресланбекда отасининг касбига меҳр уйғонади ва у отасининг изидан боришга қарор қилади. Аресланбек Халмухамедовнинг прокуратура органларидаги 50 йиллик фаолиятидан 42 йили айнан терговчилик билан боғлиқ. Ўтган даврда юзлаб жиноят ишлари унинг қўлидан ўтди. Таъкидлаш лозимки, уларнинг орасида барча айбланувчиларнинг айби тўлиқ исботланганидан ташқари, айбсизлиги аниқланиб, жиноят иши тугатилганлари ҳам бор.

1983 йил 13 декабрь Зуҳра опа Зияеванинг бир умр ёдида қолган. Ўша пайтда Собир Раҳимов (ҳозирги Олмазор) тумани ижроия қўмитасида уй-жой бўлими бошлиғи лавозимида эндигина иш бошлаган, қолаверса, КПСС аъзоси бўлган Зуҳра Зияеванинг кабинетига дабдурустдан ички ишлар ходимлари холислар иштирокида бостириб кириб, тинтув ўтказади. Ҳеч нарса топилмагач, уйида тинтув ўтказилади. Яна ўша аҳвол… Опанинг ҳуши оғиб қолар даражада, нима учун бундай бўлаётганини умуман тушунмайди, саволларига эса жавоб беришмайди…

Ва ниҳоят уни ички ишлар бошқармасига олиб келиб, бу ишларнинг сабабини айтишганда кўз олди қоронғулашиб кетди. Нима эмиш, у квартира олиб бераман деб фуқаролардан пул олган эмиш! Бундай ишлар етти ухлаб тушига ҳам кирмаганини, ҳеч кимдан пул олмаганини, уйида ёш боласи қолганини айтиб ёлворса-да, ҳеч ким унинг гапига қулоқ солмади. Бир маҳал терговчининг хонасига бир аёлни бошлаб киришди. У ҳеч иккиланмай тўғри келиб Зуҳра опани кўрсатди ва «Бу киши Зуҳра Зияева, бизнинг хўжайинимиз!» деди баланд овоз билан. Сўнг кўзига бақрайиб туриб, Зияева билан Тошкент шаҳар ижроия қўмитасида танишгани, у квартира олмоқчи бўлган, пули бор фуқароларни топишни таклиф қилгани, шу йўл билан анча-мунча пул ишлаб олиш мумкинлигини айтиб, йўлдан урганини бирма-бир сўзлаб берди. Умрида кўрмаган, билмаган одам сени жиноий гуруҳимиз раҳбари деб атаб, пул олиб келиб берганини айтиб туҳмат қилса, бундан ортиқ бедодлик бўлмаса керак! Додингни кимга айтишни ҳам билмай қолар экансан!

Шукурки, кўп ўтмай уйига жавоб беришди. Аммо ўша пайтдан бошлаб тез-тез терговга чақиришни бошлашди. Гоҳида 72 соатлаб олиб қолишар ва бир нима деса, «қонун бўйича иш юритаяпмиз!» дея ўзларини оқлашарди.

Ваҳоланки, ўша пайтда З.Зияевани раҳбаримиз деб атаган Муҳаббат Муҳамеджанованинг уйидан «алоҳида назорат» муҳри, квартираларнинг бир нечта ордери ҳамда турли ҳужжатлар топилган эди. Аммо тергов органлари бу ҳолатга аҳамият бермай, унинг гапларигагина ишонишар, топилган ашёвий далилларнинг З.Зияевага алоқаси йўқлигини билишса-да, бунга кўз юмиб, қандай бўлмасин ишни тезроқ судга ошириш пайига тушишган эди. Бунинг сабаби айни ўша пайтда юртимизда Москвадан келган «десант»чилар фаолият юритишар, пойтахт ижроия қўмитасидаги мансабдорларнинг пора билан қўлга олингани эса улар учун «пахта иши»дан ташқари, Ўзбекистонда порахўрлик ҳам авж олганининг «исботи» эди.

Орадан салкам 5 йил ўтди. Пуфак қанчалик шиширилмасин, барибир ёрилганидек, мазкур жиноят иши ҳам ҳар қанча ҳаракат қилинмасин, З.Зияеванинг айби тўлиқ исботланмагани сабабли суддан терговга бир неча марта қайтарилди.

Ва ниҳоят мазкур иш Тошкент шаҳар прокуратурасида алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи бўлиб фаолият юритаётган Аресланбек Халмухамедовга топширилди. А.Халмухамедов шу пайтгача тергов қилган бирорта жиноят иши суддан қайтмагани сабабли раҳбарият унга бу ишда қандай бўлмасин ютиб чиқиш ҳақида топшириқ ҳам беради.

А.Халмухамедов айбланувчилар билан суҳбатлашишдан олдин ишни батафсил ўрганиб чиқди. Жиноят ишидан маълум бўлишича, 1983 йилда пойтахтдан уй олиб беришни ваъда қилиб, содда одамларни чув туширган фирибгарлар гуруҳи фаолият юритган бўлиб, уларга Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси уй-жойни ҳисобга олиш ва тақсимлаш бошқармаси назорат бўлими катта инспектори З.Зияева бошчилик қилган экан. Шунингдек, жиноий гуруҳ аъзолари квартира талабгорларидан умумий ҳисобда 244550 сўм олиб, 124750 сўмини З.Зияевага пора тариқасида беришган. Ўша пайт учун бу катта пул бўлган.

А.Халмухамедов айбланувчиларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашди. Уни биринчи навбатда ўйлантирган ҳолат З.Зияевани айблаш учун жабрланувчиларнинг кўрсатмаларидан бошқа ҳеч қандай асос йўқлиги эди. Шунингдек, суд-техник экспертизаси бирорта ҳам ҳужжат З.Зияева томонидан имзоланмаганини тасдиқлаб берган бўлиб, ушбу ҳолатга ҳам аҳамият берилмаган. Бундан ташқари, агар З.Зияева улардан шунча пулни олиб, ваъдасини бажармаган бўлса, яъни ҳеч кимга уй олиб бермаган бўлса, салкам 5 йил мобайнида жабрланувчилар нима учун бу ҳақда тегишли органларга хабар беришмаган, унга берган пулини талаб қилишмаган? Қолаверса, 1,5 йилдан бери тергов изоляторида сақланаётган З.Зияева ҳақиқатан ҳам айбдор бўлса, қийналиб кетганидан ке­йин айбини бўйнига олиши керак эди-ку!

Буни қарангки, терговчининг шу маънодаги саволларидан кейин М.Мухамеджанова тўсатдан айбига иқрор бўлди. Ким билсин, айбсиз одамга туҳмат қилишга охири виждони йўл қўймаганми ёки кутилмаган бу савол ўзини боши берк кўчага тиқиб қўйишини сездими, хуллас, ҳаммасини айтиб берди. Маълум бўлишича, фирибгарликда шайтонга ҳам дарс берадиган бу аёл ёнига ўзига ўхшаган товламачи аёлларни тўплайди ва квартира олиб бериши мумкинлигини айтиб, гап тарқатади. Ижроия қўмитада З.Зияева исм-фамилияли ходим борлигини билгач эса квартира талабидагилардан ижроия қўмитаси олдида пул олиб, ичкарига кириб кетади. Ўзини худди З.Зияевага учрашиб, пулни унга бергандек қилиб кўрсатади.

Шу ўринда юқорида А.Халмухамедов унга берган саволга қайтсак: дарҳақиқат, нима учун квартира учун пул бериб, кейин куйиб қолганлар ҳеч қаерга мурожаат қилишмаган? Аниқланишича, М.Мухамеджанова ушбу ҳолатда чинозлик Аҳмадбойга ўхшаб йўл тутган, яъни кейинги мижоздан олган пулни иш битмади дея олдинроқ пул берганларга қайтариб берган экан…

Барча ҳолатларга аниқлик киритилгандан сўнг 1987 йил 25 февралда А.Халмухамедов мазкур жиноят ишининг З.Зияевага тегишли қисмини унинг айби исботланмагани сабабли тугатиш ҳақида қарор қабул қилади. Аммо ҳақиқат қарор топди дейишга эрта экан. Шундан кейин А.Халмухамедовга нисбатан турли тазйиқлар бошланади. Буниси энди алоҳида мавзу…

* * *

Аресланбек Халмухамедов билан суҳбатлашар эканмиз, нима учун бошқаларнинг фикрини қувватламагани, раҳбариятнинг топшириғини ҳам бажармагани ҳақида сўраганимизда, у шундай жавоб берди: «Прокуратура тўғрисида»ги қонунда прокурор ёки терговчи лавозимига биринчи марта тайинланаётган шахс қасамёд қилиши белгиланган. Унга кўра ходим хизмат вазифаларини виждонан бажаришга, қонун бузилишига қарши муросасиз курашишга, фуқаро, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қасамёд қилади. Мен ҳам қасамимга содиқ қолиб, хизмат вазифамни ҳалол ва виждонан бажаришга, фуқаро манфаатини ҳимоя қилишга ҳаракат қилдим, холос».

Ғофуржон АЛИМОВ,

«Huquq»