«Ҳожатбарор» фирибгар

16:25 - 13.03.2020

0

Йиртқич ҳайвонлар кўпинча  ожиз ва ҳолдан тойган ҳайвонларни овлайди. Негаки, осонгина ўлжага эга бўлишни хоҳлайди. Бежиз бу ҳолатни эсламадик. Бугун орамизда шундай одамлар борки, уларнинг нияти жонини койитмай кимнидир чув тушириб, оиласига ҳаром луқма едиришдир. Улар ниятини амалга ошириш учун кўпинча содда, ишонувчан одамларни танлайди.

Дилдора Абдуллаева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2014 йилда фуқаро Нурбек Мирвоҳидовдан пулини бўлиб-бўлиб бериш шарти билан автомобиль сотиб олади. Аввалига 5600 доллар берган аёл ҳар ойда келишилган пулни бериб боради. Шу тариқа у машинанинг пулидан қутулай деганди. Аммо озгинаси қолганида қандайдир сабабларга кўра бера олмайди. Шундай фурсатни кутиб юрган Н.Мирвоҳидов эса унинг олдига келиб машинасини олиб қўйишини айтади. Хуллас, Н.Мирвоҳидов 16000 АҚШ долларини қайтариб берадиган бўлди. Д.Абдуллаевага 4500 доллар қайтариб беради ва машинани олиб кетиб сотиб юборади. Лекин Н.Мирвоҳидов ваъдасини унутди. Қолган 11500 долларни бермади.

Шундан сўнг Д.Абдуллаева ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлди. Аризага асосан Н.Мирвоҳидовга нисбатан суриштирув бошланди. Аммо иш чўзилди, Д.Абдуллаеванинг пулини ундиришдан дарак бўлмади. Шу орада Одилжон Мухторов пайдо бўлади. У ўзини хавфсизлик органининг собиқ полковниги деб таништиради. Аёлнинг ишончига кириш учун Ички ишлар вазирлигида танишлари борлиги, агар тепадан қўнғироқ бўлмаса терговчилар пулни ундириб бермасликларини айтади. Д.Абдуллаева унга ишонади ва бу ишни тезроқ ҳал қилишга ёрдам беришини илтимос қилади. О.Мухторов эса гаплашиб, кейин бу иш қанчага битишини айтаман дея хайрлашади.

Орадан бир неча кун ўтгач, О.Мухторов ИИВдаги юқори лавозимда ишловчи таниш­лари билан гаплашгани ва бу иш 2000 доллар эвазига ҳал қилинишини айтади. Яъни у Д.Абдуллаевани пора беришга кўндиради. Бу иш жиноят эканлигини англаган Д.Абдуллаева департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармасига ариза билан мурожаат қилади.

2019 йил 14 май куни Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида О.Мухторов Д.Абдуллаевадан махсус кимёвий ишлов берилган 2000 долларни олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ашёвий далил билан қўлга олинди.

Суриштирув жараёнида О.Мухторовнинг ИИВда ҳеч қандай юқори лавозимда ишловчи танишлари йўқлиги, у Д.Абдуллаевадан пулни фирибгарлик билан олмоқчи бўлгани аниқланди.

Суд томонидан О.Мухторовга қилмишига яраша жазо тайинланди.

Абдулхай Ходжаев,

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг

бўлим бошлиғи ўринбосари