Ишсизлик криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда.

16:47 - 06.03.2020

15

Самарқанд вилояти прокуратураси органлари 2019 йилги фаолиятида асосий эътиборни аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратди.

Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш борасида ҳокимлик ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда 75 та меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, 2921 киши иш билан таъминланди, уларнинг мингга яқини аёллардир. 7400 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилди. Бу борада 500 дан ортиқ назорат ҳужжати қўлланиб, ноқонуний буйруқ ва қарорларга 287 та протест келтирилди, ходимларнинг манфаатини кўзлаб судларга 137 та даъво аризаси киритилди, 1065 нафар фуқаронинг ҳуқуқи тикланди.

Шунга қарамасдан 148,8 минг кишини иш билан таъминлаш масаласи долзарб бўлиб турибди. Бу даврда 343 минг нафар фуқаро иш излаб четга чиқиб кетгани бу соҳада қилиниши лозим бўлган ишлар ҳали кўплигини кўрсатади.

Ишсизлик муаммоси криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатмай қолмади. Буни ишсизларнинг 273 нафари жиноят содир қилганидан ҳам кўриш мумкин. Шу сабабли аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги ҳар қандай кўзбўямачиликка қатъий муносабат билдириш, унинг оқибатини тушунтириш орқали бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Вилоят прокуратураси ташаббуси билан оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар натижасида ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 1154 таси яраштирилди, шаръий никоҳ асосида яшаётган 3317 та оиланинг никоҳи расмийлаштирилиб, 33 та эрта никоҳнинг олди олинди.

Шу билан бирга вилоятда ишсиз аёллар сони 28 мингдан ошгани ташвишлидир.

Давлатимиз раҳбари илгари сурган бешта ташаббус бўйича прокурорлар секторида бир қатор ишлар қилинмоқда. Каттақўрғон шаҳар, Иштихон, Булунғур, Пахтачи туманларида тикувчилик цехлари ташкил этилиб, 100 га яқин хотин-қиз ишга жойлаштирилди. Масалан, Иштихон тумани 2-секторидаги «Madina Red Star» хусусий корхонасига 180 млн. сўмлик кредит, «Ўзтелеком» АЖнинг бўш турган биноси олиб берилиб, тикувчилик цехи ташкил этилиши натижасида 43 нафар камбағал ва ёлғиз яшовчи аёл ишли бўлди. Шунингдек, барча туман ва шаҳар прокурорлари секторларида ташкил этилган 19 та кутубхона 38,5 мингта китоб билан таъминланди.

Вилоят прокуратураси томонидан ҳар бир туман ва шаҳарда фуқаролар, тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, муаммоларини бартараф этиш натижасида 371 та ишламаётган тадбиркорлик субъектининг фао­лияти тикланди. 48 тасига 517 гектар ер, 476 тасига кредит, 2 тасига бино ажратиш, 273 тасига коммуникация тармоғига уланиш, 74 тасига лицензия расмийлаштиришда ёрдам кўрсатилди. 717 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 1763 та иш ўрни яратилди. Шунингдек, маҳаллий ва чет эллик инвесторларнинг 262 тасига кредит, ер, бино ажратилиши, коммуникация тармоқларига уланиши, лицензия расмийлаштирилишида ёрдам кўрсатилди.

Экспортчи корхоналарнинг раҳбарлари билан ўтказилган учрашувларда 79 та муаммо аниқланиб, 8 тасига 140 млрд. сўм кредит, 3 тасига 975 млн. сўм нақд пул, 4 тасига 59,6 тонна ёнилғи, 4 тасига 46,9 гектар ер олишида, 19 тасига коммуникация тармоқларига уланишда, 21 тасига хомашё топишда, 8 тасига маҳсулотини сотишда, 11 тасига божхона расмийлаштирувида, 1 тасига логистика масаласида кўмаклашилди, 103 тасига ҳуқуқий маслаҳат берилди. Уларнинг муаммосини бартараф этиш бўйича Бош прокуратурага 5 та таклиф юборилди.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларининг бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатилиб, прокурорлар секторида 2412 мингта якка тартибдаги ва 6 та кўп қаватли уй, 45 км. йўл, 19,2 км. ичимлик суви, 34,8 км. ирригация ва мелиорация тармоғи, 21 км. электр тармоғи ҳамда 2 км. табиий газ қувури таъмирланиб, аҳолига 2451 та газ баллони етказиб берилди. Бундан ташқари, 74 та ноқонуний қурилма буздирилди, 31 км. канал тозаланди, 42,1 км. бетон ва асфальт қопламаси ётқизилди, 12 та автобекат ишга туширилди, 11 та янги маршрут очилиб, уларда 10 та автобус, 42 та микроавтобус қатнови йўлга қўйилди.

Болаларга таълим-тарбия бериш, уларнинг бўш вақти мазмунли ўтишини таъминлаш мақсадида туман прокурорларининг ташаббуси билан Жомбойдаги 35-, Нарпайдаги 48-, Самарқанддаги 33-мактабнинг спорт зали таъмирланиб, жиҳозлар олиб берилди, Булунғур ва Нарпай туманларида 4 та сунъий қопламали майдон фойдаланишга топширилди.

Ногирон, уйда таълим олаётган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга 24 та аравача, 38 та эшитиш мосламаси ва 43 та ҳасса олиб берилди.

Вилоят прокурорининг фармойиши билан вилоят прокуратураси, МИБ ва департаментнинг 538 нафар ходими прокурорлар секторидаги 325 та мактаб ва 150 та МТТга ёрдам учун бириктирилиб, вазифалари аниқ белгилаб берилди ҳамда қисқа муддатда 100 дан ортиқ муаммо ҳал этилди. Ўтказилган тадбирлар натижасида ёшлар ўртасидаги жиноятчилик 33,6 фоиз, болалар жиноятчилиги 34,2 фоиз камайишига эришилди.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 108 та мувофиқлаштирувчи кенгаши ўтказилди. Ёлғиз аёллар, ичкилик ва гиёҳвандликка ружу қўйганлар рўйхати тузилиб, уларда аниқланган 6 мингдан ортиқ муаммо ҳал қилинди, илгари судланган 990 киши иш билан таъминланди.

Вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан «Ёшлар маркази» биносида ИИБ пробация бўлинмаси ҳисобида турган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ўзини ижобий томондан кўрсатган ва ахлоқан тузалган маҳкумларни жамоатчилик орасида сайёр суд мажлисини ўтказиш орқали жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишга бағишланган тадбирлар ўтказилди. Бу тадбирларда ижобий тавсифга эга 64 нафар маҳкум совға билан тақдирланди, 42 нафари тиббий ва психологик кўрикдан ўтказилди, 25 нафарига бепул дори-дармон ва бадиий китоблар тарқатилди, 16 нафарига ҳуқуқий маслаҳат берилиб,  40 дан зиёд мурожаат жойида ҳал қилинди. Қилинган ишлар натижасида жиноятлар анча камайди.

Вилоят прокуратурасига келиб тушган 38211 та мурожаатнинг 25194 таси бевосита прокуратура ходимлари томонидан ҳал қилинди, 2631 таси қаноатлантирилиб, 1593 кишининг ҳуқуқи тикланди. 2019 йилда прокуратура органларида жами 15200 нафар, шундан шахсан прокурорлар томонидан 6022 ва ўринбосарлар томонидан 3911 нафар фуқаро қабул қилиниб, арзларининг кўпи ижобий ҳал этилди.

Фарход ЗУФАРОВ,
Самарқанд вилояти прокурори