Ҳар қилмишнинг жавоби бор.

16:53 - 06.03.2020

56

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг хабарига кўра, мамлакатда 2020 йилнинг 18 февраль кунига қадар содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 147 киши ҳалок бўлган.

Қурбонлар сони кун сайин ортиб бораётгани ташвишланарли ҳол, албатта. Бу эса Ички ишлар вазирлиги тузилмасидаги йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларига мана шундай бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлаётган омилларга қарши янада фаолроқ курашиш масъулиятини юклайди. Аммо назоратчининг ўзи назоратини йўқотган бўлса-чи?..

2018 йил 3 июль тонги. Нигора (жабрланувчиларнинг исм-фамилиялари ўзгартирилган) онаси билан саҳарлаб далага ишга кетган отаси ва акасини нонуштага чақириш учун отланганида олдинда уларни ҳалокат кутиб тургани хаёлига ҳам келмаган эди. Улар уйдан чиқиб, дарвозадан ўнг томонга юришади. Чуст туманининг Резак кўчаси чеккасидан ёнма-ён кетаётганларида кутилмаганда онаси «Нигора» дея уни четга итариб юборди. Шу сонияларда тормознинг чийиллаган овози атрофни ларзага келтириб, қарсиллаш билан якун топди. Атроф чанг-тўзон, Нигора нима бўлганини англолмай қолди. У бошини кўтариб йўл тарафга назар ташлаганида онаси қонга беланган ҳолда ерда ётарди. Оқ рангли «Жентра» автомашинаси эса йўл четидаги ҳовлининг томорқасига кириб кетганди. «Аяжон» деганича онасининг олдига чопди. Бу орада йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган ички ишлар кийимидаги шахс автоуловдан тушиб келди. У ҳушини йўқотиб, ерда ётган Мавлуда опани ўзига келтиришга ҳаракат қилди. Сўнг йўловчи машинани тўхтатиб, М.Ҳасановани шифохонага олиб кетди.

Нигора эса оёғини қўлига олиб, далага чоп­ди. Далада ишлаётган Собир ака қизининг йиғлаб келаётганини кўриб, таажжубланди. Қизи етиб келиб, нафаси бўғзига қадалганидан базўр «Аяжонимни машина уриб кетди» дея ҳўнграб йиғлаб юборди. Собир ака болаларини етаклаганча шифохонага йўл олди.

Мавлуда опани шифохонанинг жонлантириш бўлимига олиб кириб кетишган эди. Кўзлари жиққа ёш Нигора қўлларини қовуштириб, пичирлаб Яратгандан онасига шифо сўрайди. Собир ака эса бетоқат уёқдан бу ёққа юрарди. Ҳалокат содир қилган ички ишлар кийимидаги шахс эса ўриндиқда бошини чангаллаб ўтирарди. Барчасининг умиди шифокорлардан. Афсуски, М.Ҳасанова бахтсиз ҳодиса содир бўлганидан уч кун ўтиб, олган жароҳатлари оқибатида ҳаётдан кўз юмади.

Маълум бўлишича йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган ички ишлар кийимидаги киши Наманган вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Б.Д. экан. Ўша куни у ўзбошимчалик билан, раҳбариятни огоҳлантирмасдан ўзига бириктирилган хизмат машинасида пойтахтга бориб қайтаётган эди.

Бу шахс йўл ҳаракати хавфсизлигига масъ­ул бўла туриб, қоидани қўпол равишда бузган. Б.Д. чарчагани, уйқу элитаётганига қарамай автомашина бошқаришдан ўзини тия олмади. Натижа эса аянчли якун топди.

Дастлабки терговда Б.Д. ёлғон кўрсатма бериб, сувдан қуруқ чиқишга ҳаракат қилди. Бош прокуратура томонидан олиб борилган терговда ҳақиқий ҳолат юзага чиқди.

Марҳумнинг яқинлари айбланувчи улардан узр сўрагани, дафн маросими харажатлари ва бошқа моддий зарарларни қоплагани сабабли унга нисбатан даъвоси йўқлигини билдириб, суддан енгиллик берилишини сўрашди.

Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судида атроф­лича кўриб чиқилди ва 2020 йилнинг 12 февраль куни Б.Д.га нисбатан ҳукм чиқарилди. Унга кўра Наманган вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Б.Д. бир йилга барча турдаги транспортларни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга 1 йил 7 ой 6 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Фуркат САТТАРОВ,
Бош прокуратура бошқарма бошлиғининг ўринбосари