Аёллар ҳуқуқи — доимий эътиборда

16:40 - 06.03.2020

8

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш  масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Аёлларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий савияси юксалиб, ижтимоий фаоллиги ортиб бораётгани ана шу эътибор натижасидир.

Миллий қонунчилигимизда ҳам аёллар ҳуқуқлари кафолатлаб қўйилган. Хусусан, Ўзбекистон Конституциясининг 46-моддасида «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар» дейилган. Шу билан бирга қонунларимизда оналик ва болаликнинг ҳуқуқий ҳимоя қилиниши, жумладан, ҳомиладор аёллар учун ҳақ тўланадиган таътил ва бошқа имтиёзлар берилиши, ёш болали оналарнинг иш вақти қисқартирилиши ҳам кафолатланган.

Қолаверса, Оила кодексида ҳам аёлларнинг бир қатор ҳуқуқлари кафолатланган. Масалан, кодекснинг эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларига бағишланган бобида уларнинг никоҳи давомида орттирган мулки, шунингдек, никоҳга қадар умумий маблағи ҳисобига олинган мулки, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги мулки ҳисобланиши белгиланган. Кўриниб турибдики, аёл никоҳ давомида даромад топиш мақсадида бирор жойда ишламасдан фарзанд тарбияси билан шуғулланганда ҳам оилада орттирилган мулкка тенг ҳуқуқли ҳисобланади.

Хотин-қизлар меҳнатидан тўғри фойдаланиш, уларни ишга қабул қилиш вақтида чеклашларга йўл қўймаслик, ҳомиладор, ёш болали аёлларга берилган имтиёз ва ҳуқуқлар эса Меҳнат кодексида ўз аксини топган.

Ўзбекистонда аёлларни эрга тегишга мажбурлаш ёки уларни бошқа ғаразли мақсадларда фойдаланиш учун сотиш, оилада уларни хўрлаш ва бошқа ҳуқуқларини поймол қилишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат учун Жиноят кодексида жавобгарлик белгиланган.

Республикамизда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигига кенг йўл очиб бериш мақсадида давлат ҳокимиятини бошқаришда аёллар сонининг ортишига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Қонунчилик палатаси, Сенат ва бир қанча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ҳам хотин-қизлар сонининг кўпайиши давлат бошқарувида аёллар фаоллигининг ортаётганидан далолат беради.

2018 йил 2 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилиниб, жойлардаги хотин-қизлар қўмиталарининг фаолияти такомиллаштирилди. Шунингдек, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ва «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қилиниши ҳам кейинги йилларда хотин-қизлар, оналик ва болалик ҳимоя қилинишининг том маънодаги ифодаси бўлди.

Аёллар ўртасидаги ножўя ҳаракатлар, ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун эса ёш қизларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, уларни оилага тайёрлаш ишларини жадаллаштириш, умумий ўрта таълим тизимига шу йўналишдаги ўқув курсларини киритиш мақсадга мувофиқ.

Таҳлилларга кўра аёллар асосан уларга нисбатан қилинган муносабатга, зўравонликка жавобан жиноят содир этади. Шу боис оиладаги зўравонликларнинг олдини олиш чоралари кўрилиши керак.

Ҳозирги кунда оилада ичкилик туфайли келиб чиқувчи низоларни бартараф этиш учун спиртли ичимликларга ружу қўйган шахсларни даволашнинг ҳуқуқий асослари қонун даражасида қайта кўриб чиқилса, хотин-қизларимизнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинган бўлади.

Мохира ҚУРБОНОВА,
Бош прокуратура бошқарма катта прокурори