Home /   / Зитa вa Гитaнинг қилмиши

Зитa вa Гитaнинг қилмиши

Ҳинд ижодкорларининг машҳур «Зита ва Гита» фильмини ҳаммамиз болалигимиздан севиб томоша қилиб келамиз. Ҳозирги кунда ҳам бу фильм ўз қимматини йўқотмаган. Маълумки, фильмдаги эгизаклар эзгулик учун курашиб, ёвузликни енгади. Афсуски, бизнинг Зита ва Гиталар эса бунинг аксини қилишгани аён бўлди.  

Воқеа бундан уч йил олдин бошланган эди. Зита уч йил аввал дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш ҳуқуқини берувчи «рухсат ёзуви»ни расмийлаштирмай, чет элга чиқиш тартибини бузган ҳолда Украина орқали Бирлашган араб амирликларининг Шаржа шаҳрига етиб келади ва у ердан Абу Даби шаҳрига кетади. Шаҳарда Зитанинг «иши» асосан тунда бошланарди. Аввалига ўзи шаҳардаги ресторанларни кезиб, фоҳишалик билан шуғулланган бўлса, кейинчалик шаҳвоний мақсадда фойдаланиш учун одам ёллаб пул топиш ҳақида режа тузади. У танишларига жирканч иши ортидан мўмай даромад топаётганини, ўзга юртда маликалардек яшаётганини айтиб, оғиз кўпиртирарди. Зитанинг бу тузоғи иш бермай қолмади.

София Саидова юртимиздаги кафеларнинг бирида Зитанинг синглиси Гита билан бирга ишларди. Иккови анча яқин бўлиб қолишганди. Суҳбатларда Гита дугонасига опаси БААда жарақ-жарақ пул топаётгани ҳақида кўп гапирадиган бўлди. Табиийки, бу Софияда қизиқиш уйғотди. Гита опаси жўнатиб турган пуллар ҳақида гапирганида Софиянинг ҳаваси келарди. Унга ўз юртида топаётган пули камдай туюла бошлади. Оқибатда у ҳам хорижда ўз баданини сотиб пул ишлашни мақсад қилди. Гитага опаси билан гаплашиб, қарз олиб беришини сўради. Зитага эса айнан шу керак эди.

Хуллас, 2018 йилнинг февраль ойида София ҳам чет элга чиқиш тартибини бузган ҳолда Киев шаҳри орқали Шаржага етиб борди. Аэропортда Софияни кутиб олган Зита уни ўзи яшаётган хонадонга жойлаштиради. Шу куннинг ўзида унга чиройли бўлиб олиши учун ўзининг кийимларидан бериб, бўяниб олишини, бугуноқ ишга чиқиши кераклигини айтади. Узоқ йўл босиб чарчаган София бироз дам олиб, кейин ишга чиқмоқчи бўлганида олиб келиш учун 2500 АҚШ доллари харажат қилганини айтиб, бу пулни тезроқ ишлаб беришини талаб қилади. София ҳайрон бўлади. Чунки Зита унга бир марта 350 доллар жўнатган эди, холос. Шунинг учун ҳам София эътироз билдирганида, унга бу пулни ишлаб беришга мажбурлигини, бўлмаса полицияга ушлаб беришини айтиб қўрқитади.

Шу кундан бошлаб София Абу Даби шаҳридаги меҳмонхона ва тунги клубларда фоҳишалик билан шуғуллана бошлайди. Тил билмагани сабабли Зита мижоз қидириб топар, пулини ҳам ўзи оларди. Софиянинг ҳаёти шу тартибда бир ойча давом этади. Бу вақтда у фақат Зитанинг чўнтагига ишлади. У талаб қилганидан бир неча баробар кўп пул ишлаб берган бўлса-да, Зита уни қўйиб юборгиси келмасди.

Қийинчилик ва оғир ҳаётдан қутулиш мақсадида чора излаган София бир амаллаб юртимизга қайтди ва мазкур ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, Зита Бобоқуловага нисбатан қонуний чора кўришни сўради.

Ариза асосида тергов ўтказилиб,      З.Бобоқуловага нисбатан қидирув эълон қилинди. Орадан бир қанча вақт ўтиб Зита «Тошкент» халқаро аэропортида қўлга олинди. Терговда қилмишига иқрор бўлишдан бошқа чораси қолмади.

Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди З.Бобоқуловага нисбатан жазо тайинлаб ҳукм чиқарди.

Хулоса шуки, инсон тақдирини ўйинчоқ деб билиб, ундан буюм сифатида фойдаланишга уринганлар Зита каби қонун олдида жавоб беришларига тўғри келди.

Шерзод Мамаджанов,

Тошкент авиация транспорти прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: