Home / Тавсия этимиз / Жоҳилликнинг охири бормикан?!

Жоҳилликнинг охири бормикан?!

Набира бобосидан «Илгари интернет, телеграм, истаграм, фейсбук, уяли телефонларсиз қандай яшагансиз?» деб сўраса, бобоси «Сен меҳр-оқибат, қадр-қиймат, ибо-ҳаё қаҳатга учраётган пайтда яшаётганинг сингари» дея жавоб берибди.

Бобо билан набираси ўртасида шундай савол-жавоб ҳақиқатан ҳам бўлиб ўтганми-йўқми, ҳозир бу аҳамиятсиз. Аммо нима бўлганда ҳам бобо жавобида аччиқ ҳақиқатни ошкор қилмоқда. Эътироф этиш керак, ҳар ҳафта ижтимоий тармоқларда тарқалаётган баъзи хабарларни ўқигач бобонинг қайсидир маънода ҳақ эканини тан оласан, этинг сесканади, беихтиёр ёқа ушлайсан!

Бу не бедодликки, пойтахтдан оқиб ўтувчи анҳордан чақалоқ топилса!..

Ўзбекистонлик аёл ер ости ўтиш йўлига янги туғилган гўдагини ташлаб кетса!..

Сурхондарё вилоятида бир аёл саккиз яшар боласини икки миллион сўмга сотаётганда ушланса!..

Куни кеча бир тадбирда имом-хатиб «Айрим номард эрларнинг хотинига қўл кўтариши ҳақида эшитар эдик, энди эса эрининг жонига қасд қиладиган хотинлар пайдо бўлибди» дея ёзғириб қолди. Дарҳақиқат, бир неча ой илгари Тошкентнинг Камолон маҳалласида янги келин қариндоши билан тил бириктириб, эрини бўғиб ўлдиргани анча шов-шув бўлган эди. Буни қарангки, қотилларга суд жазо бергани ОАВ орқали эълон қилинганидан кўп ўтмай туриб, энди Андижон шаҳрида яшовчи аёл турмуш ўртоғини синтетик ип билан бўғиб ўлдиргани ва мурдасини уйидаги ҳожатхонага ташлаб юборгани ҳақида хабар тарқалиб турибди…

Бу каби жоҳилликларга қўл ураётганлар одам боласимикан, деган ўйга боради киши. Шу билан бирга, уларни ҳайвонга қиёслашга ҳам виждон қийналади. Бундай дейишимизга эса асос бор. Айтмоқчимизки, бундай кимсалар меҳр кўрсатишнинг айрим жиҳатларини ҳайвонлардан ўргансалар арзийди. Мисол учун, ижтимоий тармоқлар орқали хабар топдик — ит ахлатга ташлаб кетилган гўдакни топиб, эгасига келтириб берди ва уни ўлимдан сақлаб қолди!..

Бошқа бир ит тумшуғи билан ер кавлаб ўлган боласини кўмиб қўйди!..

Хоразмлик ҳамкасбим ўзи гувоҳ бўлган бир воқеани айтиб берганда эса она меҳрининг нақадар буюклигига яна бир бора ишонч ҳосил қилдим. Унинг ҳикоя қилишича маҳалласидаги хонадонда ит болалабди. Кучук боладан биттасини қўшни кўчада яшовчи бир одам олиб кетибди. Буни қарангки, она ит ҳар куни эрта билан боласини олиб кетган хонадонга келиб, уй эгалари дарвозани очгунча кутиб тураркан. Дарвоза очилиши билан тўғри боласини олдига бориб, уни эмизиб бўлгач, ортига қайтар экан. “Кучук бола ўзини тутиб олгунча она ит икки ҳовли ўртасида кунига бир неча марта қатнаган эди”, дея сўзини якунлади ҳамкасбим…

Халқимизга хос андиша-ю иффат, ҳаё-ибога бошқа миллатлар ҳавас қилса арзийди дея оғиз кўпиртирамиз. Шундай бўлгани ҳолда кўча-кўйда ўспирин йигит-қизларнинг салом-алиги-ю гап-сўзини ҳеч кузатганмисиз? Гоҳида уларнинг оғзидан шунақанги гаплар чиқадики, ҳатто тилига эрк берадиган эркаклар ҳам лол бўлиб қолади. Ёки шундоққина йўлнинг устида, иш ё ўқишга отланган йўловчиларга ҳам парво қилмай қучоқлашиб турган ёшгина «севишганлар» ҳақида нима дейиш мумкин?!

Ўрни келганда, гарчи кўп бора қайд этилган бўлса-да, яна бир бора Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини эсга оламиз. Ушбу асар асосида суратга олинган бадиий фильмни кўрмаган томошабин топилмаса керак. Аҳамият берган бўлсангиз, фильмда Юсуфбек ҳожи билан Кумушнинг кўришиши қуйидагича тасвирга олинган: Кумуш салом бергач, қайнотаси алик олиб, унинг пешонасидан ўпади.

Энди айнан шу ҳолат асарда қандай тасвирланганига аҳамият беринг-а: …Кумуш уялиб зўрғағина салом берди ва Юсуфбек ҳожининг яқиниға келиб бўйин эгди. Ҳожи қўли билан Кумушнинг елкасига қоқиб суйди ва Кумушнинг манг­лайиға тегизиб олған ўз қўлини ўпди…

Мана сизга миллий тарбиямизнинг, одоб-ахлоқнинг ҳақиқий намунаси. Унда беҳаёлик бугунги ёшларимизга қаердан илаша қолди экан?! Бунинг сабаби нимада?

Таъкидлаш лозим, сўнгги пайтларда кўпчилигимиз, айниқса, ёшлар интернетга муккасидан кетиб, ҳаётини усиз тасаввур эта олмай қолди. Шундай бўлгач, телевизор кўриш, газета-журнал ёхуд китоб варақлашнинг нима қизиғи қолади?! Сўнгги пайтларда телевидение орқали айрим кўрсатувларда нотинч оилалар, ота-онанинг тарбиядаги ўрни, йигит билан қиз муносабатлари ҳақида мушоҳада юритилмоқда. Газеталарда ҳам шу мавзудаги мақолалар чоп этилаяпти. Аммо ҳозиргина қайд этганимиздек, бугунги ёшлар на телевизор кўради, на газета ўқийди.

Гувоҳи бўлаяпмиз, фарзандини тақдир ҳукмига ташлаб кетаётганларнинг аксарияти ўткинчи севги-ю номард ким­саларнинг алдовига учганлардир. Бироқ, кишини ўйлантирадиган жиҳати, кези келганда ота-онасига ҳам дашном беришга етадиган ақллари шу ерга келганда оқсаб қолмоқда. «Севиб қолдим. Сенсиз яшай олмайман» дея оғиз кўпиртираётганлар бугун унга, эртага бош­қасига муҳаббат изҳор қилаётганини, «иши» битгач эса шу заҳоти ғойиб бўлишини англаб етишмаяпти. Оқибатини кўриб турибмиз…

Ҳаммаси оиладаги тарбияга бориб тақалади. Биргина мисол: экиннинг кўнгилдагидек ҳосил бериши уруғнинг тоза бўлишига боғлиқ бўлгани каби фарзанднинг ким бўлиб вояга етишида ота-онанинг ўрни беқиёс. Қолаверса, «Онасини кўриб қизини ол» деган мақол ҳам бекорга айтилмаган. Шундай экан, айниқса қиз боланинг тарбиясига алоҳида аҳамият беришимиз ҳам қарз, ҳам фарздир. Афсус­ки, айрим оналар буни унутиб қўймоқда. Наҳотки, пайти келса нафас олишидан ҳам ундаги ўзгаришни сезадиган она қизининг қорни қаппайиб қолганини билмаса?!. Бу бедодликларда оталарнинг ҳам ўзига яраша айби бор. Баъзи оталар оиласида сўзини ўтказа олмай қолаётгани ҳам, афсуски, аччиқ ҳақиқат! Пайти келганда нафақат ўғил, балки қизи ҳам оталик сиёҳи қолмаган кимсани назарига илмайди.

Афсуски, сўнгги пайтларда ота-оналарнинг ўзлари ҳам тарбияга муҳтожлиги аён бўлмоқда. Жумладан, 22 февраль куни Бош прокуратурада Жиноятчиликка қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг кенгайтирилган йи­ғилиши бўлиб ўтди. Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда мамлакатдаги жиноятчилик таҳлил қилиниб, хусусан, қотиллик жинояти оилада, аксарият ҳолларда оддий маиший муносабатлар замирида келиб чиққани, қариндош уруғлар ёки қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликлар тўлиқ бартараф этилмаётгани, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Ушбу жиноятларнинг 28 фоизи эса эр-хотин, ака-ука, ота-ўғиллар ўртасида юз берганининг алоҳида қайд этилгани ҳам айрим оилалар жоҳилликка юз тутганини кўрсатиб турибди.

Бир томондан қараганда, ота-она бўлиш осондек. Аммо Аллоҳ ота-оналик бахтини бериш билан бирга, фарзандни омонатга берганини унутиб қўйиш ярамайди. Бу ҳақда буюк ватандошимиз Имом Ғаззолийнинг шундай фикрлари бор: «Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунё-ю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-­онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади».

Шундай экан, ҳурматли ота-оналар, имкон борида жоҳилликдан узоқлашайлик-да, омонатимизга асло хиёнат қилмайлик!

Ғофуржон АЛИМОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: