Home /   / Жиноятчиликни жиловлаш

Жиноятчиликни жиловлаш

Бутун дунё ҳамжамияти олдида турган долзарб ва муҳим масала жиноятчиликка қарши курашиш ва пировардида жиноятчиликнинг олдини олишга эришишдир.

Жиноятчиликка қарши курашда самарали натижаларга эришиш, унинг миқдорини энг паст даражагача тушириш, салбий оқибатларини камайтириш учун жиноятчиликнинг жамиятда бўлишини, ривожланишини тақозо қилувчи, белгилаб берувчи, таъсир қилувчи, сабаблари сифатида ҳаракат қилувчи ҳодисалар, воқеалар ва жараёнларни, улар ўртасидаги сабабий боғланишни ўрганиш керак.

Бундай вазифани амалга ошириш жиноятчиликнинг сабаб ва шароитлари ҳақидаги барча масалаларни чуқур илмий асосланган ҳолда таҳлил қилишни, жамиятда жиноятчиликни озиқлантириб турувчи ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларидаги ҳодиса, воқеа ва жараёнларни аниқ билишни талаб қилади.

Жамият ижтимоий ҳаётида ижтимоий муносабатлар қанчалик соғлом бўлса, бу муносабатлар ҳуқуқ ва ахлоқ, умуминсоний нормалар асосида шу ҳудудда яшовчи халқ урф-одатлари, анъаналарини ҳисобга олган ҳолда тартибга солинса, давлат органлари, мансабдор шахслар қонун асосида иш юритиб, шу жамият аъзоларининг, уларнинг миллатидан, ирқидан ижтимоий ўрнидан қатъи назар, яхши ҳаёт кечириш учун шароит яратиб беришни кўзлаб иш юритса, бундай жамият доимо ривожланишда бўлади, халқи фаровон ҳаёт кечиради, унда адолат, ҳуқуқ-тартибот, тинчлик ва осайишталик ҳукм суради.

Шу нуқтаи назардан давлатнинг энг асосий вазифаларидан бири — инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат тартиботини сақлаш, жиноятларни фош этиш ва олдини олишдан иборат. Бу вазифаларни бажариш учун давлат томонидан жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика қилиш учун комплекс чоралар кўрилади, жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари ва идоралараро дастурлар ишлаб чиқилади.

Қайд қилинган чораларнинг ҳаётга татбиқ қилиниши жиноий хусусиятга эга бўлган ҳаракатларга нисбатан фаол қарши туриш имконини беради. Бунинг натижаси ўлароқ, бугунги кунда умумий жиноятчилик, шу жумладан, муқаддам судланганлар, вояга етмаганлар томонидан, спиртлик ичимлик истеъмол қилган ҳолда, ишламайдиган ва ўқимайдиганлар томонидан жиноят содир қилиш камайган. Бироқ, жиноятчилик структураси, айрим жиноятларни содир қилиш усуллари мураккаблашиб, уларнинг ижтимоий оқибатлари оғирлашаётганини, янги жиноят турлари пайдо бўлаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Шунинг учун жиноятчиликка қарши кураш соҳасида барча давлат ва жамоатчилик кучи ва воситалари жалб қилган ҳолда қатъият билан ислоҳотлар ўтказилиши ва жиноятчиликка қарши курашиш, уларни профилактика қилиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида янги поғонага кўтарилиши лозим.

Жиноятчиликнинг олдини олиш тизими – ҳуқуқий, информацион, ижтимоий-иқтисодий ва таъминлаш ресурслари – жиноятчиликнинг статистик характеристикасига асосланади. Фақат статистикага асосланиш эса жиноятчиликнинг олдини олиш вазифасининг ҳаётда олдинроқ юриш хусусиятини бирмунча сусайтиради, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эса жиноятларга нисбатан чора кўриш билан чегараланиб қоладилар.

Шу сабабли жиноятчилик, унинг характеристикаси устидан махсус кузатиш тизимини ишлаб чиқиш долзарб ва аҳамиятлидир. Шундай экан, жиноятчиликка қарши курашувчи органларнинг жиноятларнинг олдини олиш, профилактика қилиш самарадорлигини баҳолаш тизимини тубдан ўзгартириш ва уларга ижтимоий мезонларни киритиш лозим, чунки ҳар бир давлат органининг самарадорлиги улар томонидан фойдаланиладиган ижтимоий механизмлар контекстидагина тан олиниши мумкин. Ҳеч бир давлат органи яхши йўлга қўйилган ижтимоий механизмларсиз самарали фаолият кўрсата олмайди.

2018 йил 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш тизимида мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида қайд қилинганидек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда кўрсатгичларни олдинги давр билан таққослаш амалиёти авж олган. Шу сабабли энди жиноятчиликни жиловлаш бўйича ишлар бутунлай янгича тизимда ташкил этилади. Бу тизим “Жиноят ҳақиқати ва адолати” деб номланади. Масъул раҳбарлар жойларга бориб, жиноятларнинг сабабларини ўрганади, муҳокама қилади, такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўради. Оммавий ахборот воситаларида “Жиноят ҳақиқати ва адолати” рукни ташкил этилиб, барча ишлар батафсил ёритиб борилади.

Ўрганилаётган муаммонинг долзарблиги ва аҳамиятлилиги яна шундаки, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий, ижтимоий ўзгаришлар жараёнида амалиёт талабларидан келиб чиққан ҳуқуқий ислоҳотлар жиноятчиликнинг олдини олиш соҳасида чуқур ўзгаришларни кўзда тутади. Бу вазифанинг жорий этилиши эса, биринчи навбатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ.

Шу билан бирга, криминологик изланишлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш жараёнида жамоатчилик фикридан фойдаланиш ва уларни ҳисобга олиш масалаларини ҳам ҳал қилиш лозим. Шу сабабдан жиноятчиликнинг олдини олишда ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга тааллуқли ҳолда, махсус жамоатчилик фикри фаолият кўрсатиши билан боғлиқ қатор муаммоларни мукаммал ўрганиш керак. Шу нуқтаи назардан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш жараёни ва ижтимоий амалиётга оид жамоатчилик фикрини ўрганиш концепциясини ишлаб чиқиш муаммоси долзарб ва аҳамиятли ҳисобланади.

Жиноятчиликка қарши курашиш ва уни олдини олиш ишига оммавий ахборот воситалари ҳам жалб қилиниши, улар нафақат жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика қилишни, айни пайтда ижобий ҳулқ-атворни, қонунларга итоаткорликни ҳам тарғибот қилиши ва оммалаштириши лозим. Айнан ОАВ жиноятчиликка қарши кураш ва уни олдини олишда, аҳолидан ёрдамига таянишда алоқа канали вазифасини бажара олади.

Аҳолини бу ишга фаол жалб қилиш учун жамоатчилик онгида ҳар бир шахснинг хавфсизлиги умумий жиноятчиликнинг олдини олишнинг самарали тизимисиз таъминланиши  мумкин эмаслиги принципини шакллантириш ва мустаҳкамлаш жуда муҳим. Бунинг учун давлатнинг саъй-ҳаракати инсонда қонунга итоаткорлик ҳиссини шакллантиришга ва уни рағбатлантирувчи нормалардан рационал фойдаланиш ва мажбурлашдан қочишга қаратилиши лозим. Виктимологик тавсиялар ишлаб чиқиш ва уларни аҳолига етказиш зарур. Бу билан инсонга нисбатан жиноий хатти-ҳаракат содир этишга имкон туғдирувчи шароитлар бартараф этилади ва унинг жиноят қурбони бўлиш эҳтимолининг олди олинади.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2017 йил 25 апрелда ўтказилган видеоселекторда белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг “Ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг содир этилиши сабаблари ва шарт-шароитларини муҳокама қилишни ташкил этиш тўғрисида”ги Қўшма қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ, содир бўлган ҳар бир жиноятни қисқа муддатда (жиноят содир бўлган кундан кечиктирмасдан ёки кейинги кун) бевосита прокурор ва ички ишлар раҳбари, шунингдек ҳудуддаги профилактика инспектори иштирокида, энг аввало, айнан жиноят содир бўлган маҳалла ва жиноят содир қилган шахснинг яшаш жойида кенг жамоатчилик (халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар жамоалари, Ёшлар иттифоқи вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари, Нуроний жамғармасининг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари) вакиллари иштирокида чуқур муҳокама қилиш амалиёти жорий қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонида жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари қаторида фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш — демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш белгиланди.

Жиноятчиликка қарши кураш ва уни олдини олиш механизмида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, уларнинг бошқарилиши юзасидан жамоатчилик фикри ҳам эътиборга олиниши лозим. Бунинг учун, аҳоли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳақида тўлиқ ва ҳаққоний ахборотга эга бўлиши керак. Криминологик изланишлар доирасида улар ҳақида, уларга нисбатан аҳолининг муносабати ва баҳоси, ижобий ва салбий фикрлар тўғрисидаги жамоатчик фикри юзасидан мақсадли сўровлар ўтказилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Айнан шу нуқтаии назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ 2833-сон қарорига мувофиқ ҳафтанинг ҳар пайшанба куни «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» этиб белгиланди. Бунда Ҳуқуқбузарликларга муросасизлик маданиятини шакллантириш, ҳуқуқий нигилизмга барҳам бериш ва фуқароларнинг қонунга итоаткорлик хулқ-атворини оммалаштиришга қаратилган, шу жумладан ички ишлар органлари таянч пунктлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат идоралари ва ташкилотларида «очиқ эшиклар куни»ни ташкил этиш орқали тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш, қонунийлик аҳволини ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини атрофлича муҳокама қилиш учун жойларда, биринчи навбатда криминоген вазият номақбул бўлган ҳудудларда фуқароларнинг сайёр қабулларини ҳамда давлат идоралари ва ташкилотлари вакилларининг аҳоли билан учрашувларини ташкил этиш, ижтимоий аҳамияти муҳим бўлган суд муҳокамалари бўйича сайёр суд мажлисларини ўтказиш, аҳоли турмушининг ижтимоий-иқтисодий шароитларини ўрганиш, ҳуқуқбузарлик содир этишга кўмаклашувчи шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида уйма-уй юришларни ташкил этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида давлат идоралари ва ташкилотлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш каби тадбирларга алоҳида аҳамият бериш фаолият самарадорлигини таъминлайди.

Жиноятчиликка қарши курашиш ва уни олдини олиш самарадорлигини ошириш учун криминологик мониторинг тизими яратилиши лозим. Криминологик мониторинг  шундай кузатув олиб бориш тизимики, у орқали жиноятчилик ҳолати ўрганилади ва  кузатиб борилади, унинг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш учун унинг салбий тенденциялари олдиндан башорат қилинади, ҳамда қайд қилинган соҳада давлат ва жамоатчилик фаолияти баҳоланади ва назорат қилинади.

Унинг вазифаси жиноятчиликнинг латентлилиги ва олдиндан башорат қилиниш даражасини аниқлаш, жиноятчиликнинг олдини олишнинг мувофиқ келадиган, замонавий чораларини ишлаб чиқиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти устидан ижтимоий назоратни амалга ошириш, улар фаолиятини такомиллаштириш, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйияа жамоат моделини шакллантириш асосларини белгилашдан иборатдир.

Шу масалаларга монанд равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 10 январь куни Юнусобод тумани 7-сонли ички ишлар бўлимига ташриф жараёнида ва жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига бағишланган видеоселекторда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида асосий эътиборни ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш методологияси билан шуғулланишга йўналтириш ва илмий ёндошувлар асосида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликни жиловлаш бўйича янги методика яратиш юзасидан топшириқлар берилди.  Бу жиноятчиликни жиловлашни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини кўрсатади.

Бахтиёр Пўлатов,

Бош прокуратура Академияси

профессори, юридик фанлари доктори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: